Жаҳон | 08:04 / 15.12.2024
34318
5 дақиқада ўқилади

Reuters журналистлари Башар Асаднинг Суриядаги сўнгги куни тафсилотларини аниқлашди

У қочиш режаси ҳақида ҳеч кимга билдирмаган ва ҳарбийларни Россиядан ёрдам келаётганига ишонтирган.

Фото: Reuters

Суриянинг мухолифатчилар томонидан ағдарилган президенти Башар Асад мамлакатдан қочиш режаси ҳақида деярли ҳеч кимни хабардор қилмаган, бундан бир неча соат олдинроқ эса йиғилиш ўтказиб, ҳарбий раҳбариятни Россия томони ёрдами аллақачон йўлда эканига ишонтирган, деб ёзади Reuters агентлиги.

Журналистлар 14 манба, жумладан Асадга яқин бўлган ёрдамчилари, ҳудуддаги дипломатлар ва хавфсизлик хизматидаги суҳбатдошлар, шунингдек, эронлик юқори мартабали мулозимлар билан гаплашган.

7 декабр куни, мухолифатчилар Дамашққа кириб келиши арафасида, Асад мудофаа вазирлигидаги ҳарбий бошлиқлар билан учрашув ўтказган. Учрашувда армия ва кучишлатар тузилмалардаги 30 га яқин мулозимлар қатнашган, Reuters манбасига кўра, президент Россия ҳарбий ёрдами тез орада етиб келишига ишонтириб, қуруқлик қўшинлари позицияларини ушлаб туришни сўраган.

Аммо, Reuters манбаларига кўра, Асад бундан бир неча кун олдин ҳам Россиядан ҳеч қандай ҳарбий ёрдам бўлмаслиги ҳақида «аниқ жавоб олиб бўлганди». Сурия собиқ президенти 28 ноябр куни Москвага борган, аммо унинг ҳарбий аралашув бўйича сўровига «Кремлдан ижобий жавоб бўлмаган», дейди минтақадаги уч дипломат. Сурия мухолифатининг хориждаги етакчиси Ҳоди ал-Баҳранинг айтишича, Асад бу маълумотларни ўз сафдошларига етказмаган. «У Москва сафаридан қайтиб келгач, ўз қўмондонлари ва мулозимларига ҳарбий ёрдам кўрсатилиши ҳақида гапирган», — дея таъкидлайди ал-Баҳра.

Қочишдан олдинги иш кунини якунлагач, Асад президент девони ходимига уйга кетаётганини айтган, аммо бунинг ўрнига аэропортга йўл олган, деб ҳикоя қилади унинг ёрдамчиларидан бири. Бундан ташқари, у ОАВ билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Бутайне Шаабанга қўнғироқ қилиб, баёнот матнини тайёрлаш учун уйга келишини сўраган. Матбуот котиби борганида эса у ердан ҳеч кимни топа олмаган.

Асаднинг режалари ҳақида қариндошлари ҳам билмаган. У кетишга тайёрланаётганини ўз укаси, армиянинг 4-зирҳли танк дивизияси қўмондони Моҳир Асадга ҳам айтмаган. Reuters суҳбатдошларига кўра, Моҳир Асад вертолётда Ироққа қочиб ўтган, кейин эса Россияга учган. Асаднинг амакиваччалари Иҳоб ва Иёз Махлуфлар исёнчилар кириб келганида Дамашқда бўлишган ва машинада Ливанга қочишга уринган, аммо, тасдиқланмаган маълумотларга кўра, йўлда пистирмага дуч келган, Иҳоб ҳалок бўлган, Иёзнинг тақдири эса номаълум.

Асад ҳукуматининг охирги бош вазири Муҳаммад Жалолий Al Arabiya телеканалига интервюсида айтишича, президент билан шанба куни соат 22:30 да телефон орқали гаплашган ва унга оғир вазиятни тасвирлаб, шаҳар кўчаларидаги ваҳима ҳамда тартибсизликлар ҳақида айтиб берган. «У шундай жавоб қайтарди: „Эртага кўрамиз. Эртага, эртага“ — бу у менга айтган охирги сўзлар бўлди», — дейди Жалолий.

Якшанба куни Асад транспондери ўчирилган самолётда Дамашқдан учиб кетди, деб ҳикоя қилади Reuters’нинг икки суҳбатдоши. Суҳбатдошларга кўра, Асад аввалига БААдан бошпана олишни режалаштирган, аммо ушбу мамлакат расмийлари халқаро реакциядан хавотирланиб, уни рад этишган. Аммо Москва, ҳарбий аралашувдан бош тортганига қарамай, «Асадни ташлаб қўйишга тайёр эмасди», деб ёзади Reuters.

Манбаларга кўра, Асаднинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларга Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилик қилган, у Туркия ва Қатарни исёнчилар вакиллари билан алоқа ўрнатишда воситачи сифатида жалб этган. Улар Асадга қарши исёнга бошчилик қилган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» билан келишувга эришган. Москва шунингдек Сурия ҳаво кенглигини бортида Асад бўлган Россия самолёти тўхтатилмаслиги ёки ҳужумга учрамаслигини кафолатлаш учун ўз ҳаракатларини қўшни мамлакатлар билан ҳам мувофиқлаштирган, дейди Reuters’нинг уч манбаси.

Якунда Асад аввалига россияликларнинг Латақия вилоятидаги авиабазаси жойлашган Ҳмеймимга борган, у ердан Москвага учиб кетган. Асаднинг рафиқаси Асма ва уч фарзанди эса уни Россия пойтахтида кутиб турганди. Исёнчилар Асадлар оиласининг асосий қароргоҳи вазифасини бажарган саройда олган видео ҳам у ўз уйини шошилинч тарзда тарк этганидан гувоҳлик беради. Кадрларда қозонда қолган тайёр овқат ва сочилиб ётган оилавий фотоалбомлар каби шахсий буюмларни кўриш мумкин. Reuters журналистлари Москвадан бошпана олган Асаднинг ўзи билан боғлана олмаган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид