Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Исроил Ғазода 3 кишини ўлдирди

Душанба куни Ғазо марказида Исроилнинг ҳаво ҳужуми оқибатида уч нафар фаластинлик, жумладан, бир бола ҳалок бўлди. Бу ҳақида Ғазо соғлиқни сақлаш идорасига таяниб Reuters маълум қилди.

Ғазонинг тахминан 60 фоиз қисмини босиб олган Исроил ҳарбийлари ҳаво зарбаси берилганини тасдиқлади, бироқ батафсил маълумот бермади. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, Исроил зарбаси эрталаб сектор марказидаги Дайр ал-Балаҳ шаҳрида содир бўлган.

Соғлиқни сақлаш идораси маълумотларига кўра, шанбадан бери Исроил ҳарбийлари томонидан ўн икки нафар фаластинлик — саккиз эркак ва тўрт бола ўлдирилган.

Бундан ташқари, босиб олинган Ғарбий соҳилдаги Ал-Бира шаҳрида ўтказилган рейдда фаластинлик ўсмир Исроил аскарлари томонидан отиб ўлдирилган. Исроил ҳарбийлари ушбу воқеани ўрганаётганини билдирди.

Исроил ўтган йил октябр ойида АҚШ воситачилигида Ҳамас билан оташкесимга келишганига қарамай Ғазога қайта-қайта зарбалар бериб келмоқда.

Сулҳ даврида Ғазода 1045 фаластинлик – уларнинг аксарияти тинч аҳоли ва Исроилнинг тўрт нафар аскари ҳалок бўлган.

Исроил томони бу ҳаракатларини Ғазодаги аскарларига таҳдид солаётганларни нишонга олаётгани билан изоҳламоқда.

Ҳамас эса Исроилни оташкесимни бузишда айблайди. Ғазо бўйича Тинчлик кенгаши вакили Николай Младенов эса ҳар икки томон ҳам келишувни бузганини айтмоқда

Прокурорлар Ташиевга 9 йил сўради

Бишкекнинг Биринчи май туман судида ҳокимиятни зўравонлик билан тортиб олишга тайёргарлик бўйича жиноий иш кўриб чиқилмоқда. Ишнинг бош фигуранти – Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев ҳисобланади.

Навбатдаги суд мажлиси 29 июн куни судя Азирет Медеров раислигида ёпиқ тартибда бўлиб ўтди.

Қирғизистон ОАВларига кўра, музокараларда прокурорлар — иш бўйича барча айбланувчиларни айбдор деб топишни ва уларга 9 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни сўраган.

Тергов органлари махсус хизмат собиқ раҳбарини қуйидаги моддалар бўйича айбламоқда: