Жаҳон | 16:46
1330
8 дақиқада ўқилади

Албанияда кучаяётган намойишлар ва Ташиевга ўқилган ҳукм – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Киевга даҳшатли ҳужум

Россия ўтган куни Киевга дрон ва ракеталар билан оммавий зарба берганди. Ушбу ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 30 кишига етди, ўнлаб одамлар жароҳатланди ва 130 га яқин бино вайрон бўлди. Бу жорий йилда Украина пойтахтига қилинган энг қонли ҳужум бўлди.

Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг маълум қилишича, Россия тунда 74 та ракета ва 496 та дрон учирган. Расмийларга кўра, баллистик ракеталар сони ғайритабиий даражада кўп бўлган, аммо уларни уриб тушириш кўрсаткичи паст. Украина сўнгги ойларда Patriot ракеталари тақчиллигидан азият чекмоқда.

Хусусан, тун давомида Киев марказида кетма-кет портлашлар содир бўлди ва уларнинг овози бутун пойтахт бўйлаб акс садо берди. Минглаб аҳоли бомба панажойлари ва ерости метро бекатларига яширинди.

Қутқарув гуруҳлари вайроналар остида қолиб кетган аҳолини қидираётгани сабабли, қурбонлар сони янада ортиши мумкин.

Киев мэри Виталий Кличко Киевда мотам эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, қарийб 3 миллион аҳоли яшайдиган шаҳар бўйлаб вайронгарчиликлар қайд этилган, баъзи бинолар жиддий зарар кўрган.

Ирландияга сафарини қисқартириб, зудлик билан ортга қайтган президент Володимир Зеленский иттифоқчиларини ваъда қилинган ҳаво мудофааси тизимларини ўз вақтида етказиб бера олмаганликда айблади. Кейинчалик, ўзининг тунги видеомурожаатида Зеленский ҳаво мудофааси масаласи келаси ҳафта Туркияда бўладиган НАТО саммитининг «асосий натижаларидан бири» бўлишини айтди.

Расмий Москва ушбу оммавий ҳужумлар — Украинанинг Россия ҳудудига уюштирган дрон зарбаларига жавоб эканини билдирди. Сўнгги ҳафталарда Украина Россиянинг ички ёқилғи таъминотига зарбаларни кучайтирганди.

Ташиевга 4 йил «беришди»

Қирғизистон суди бир гуруҳ айбланувчилар, жумладан, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раиси Қамчибек Ташиев ва собиқ спикер Нурланбек Турғунбек ўғлини айбдор деб топиб, 4 йилга озодликдан маҳрум қилди.

2 июл куни Бишкекдаги Биринчи май тумани суди «75 хат» деб номланган жиноий иш бўйича ҳукм чиқарди. Суд муҳокамалари асосан ёпиқ тартибда ўтганига қарамай, ҳукм оммавий эълон қилинди.

Қирғиз ОАВларининг хабар беришича, ишнинг барча иштирокчилари «Ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш» моддаси бўйича айбдор деб топилди. Жами 8 кишига «мол-мулкини мусодара қилган ҳолда 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси» тайинланди.

Ҳукм якунида – тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси уч йиллик пробация назоратига алмаштирилиши маълум қилинди. Шу сабабли судланган шахслар, жумладан, Ташиев ҳам жазони колонияда ўтамайди.

Пробация бу — маҳкумларнинг қамалмаслиги, балки суд белгилаган муддат давомида пробация органлари назорати остида бўлишини англатади.

Иш бўйича судланганлар орасида Ташиевдан ташқари Қирғизистон парламентининг собиқ спикери, ички ишлар вазири ўринбосари, собиқ депутат ва бошқа амалдорлар бор.

Феврал ойидан бери ҳибсда ушлаб турилган беш нафар судланувчи суд залидан озод қилинди. Шу билан бирга, суд барча айбланувчиларни «мансаб мавқейини суиистеъмол қилиш» моддаси бўйича оқлади.

Судланувчиларнинг аксарияти, хусусан, Ташиевнинг адвокати Икромидин Айткулов ҳукмдан норози эканини ва юқори инстанцияга шикоят қилишини билдирди.

Хоминаийнинг дафн маросими

Эроннинг ҳукмрон элитаси марҳум Оятуллоҳ Али Хоминаий учун 6 кунлик оммавий дафн маросимларига тайёрланмоқда.

Эрон олий раҳбари урушнинг дастлабки ҳужумида АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида ҳалок бўлганди. Дафн маросимлари дам олиш кунлари Теҳронда бошланади. Келаси ҳафта эса Қум ва Машҳадда оммавий юришлар, шунингдек, Ироқда хотира маросимлари ўтказилиши режалаштирилган.

Хоминаий — пайшанба кунги юришдан кейин, Машҳадда, Эронда чуқур эътиқод қилинадиган шахс — Имом Ризо мақбараси яқинида дафн қилинади.

Расмийлар ва хорижий олий мартабали меҳмонлар, жумладан, Россия ва Хитой вакиллари келаси ҳафтадаги тадбирларда таъзия изҳор этиш учун келади. Шунингдек, хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда. Шу кунларда Теҳрон ва бошқа шаҳарлар узра ҳаво ҳудудига вақтинчалик чекловлар жорий этилади.

Хоминаийнинг ўлими Ислом Республикасининг 47 йиллик тарихидаги туб бурилиш даври ҳисобланади. Отасининг ўлимига сабаб бўлган зарбада оғир яраланган ва унинг ўрнини эгаллаган Мужтаба уруш бошланганидан бери бирор марта кўриниш бермади.

Ушбу маросимлар халқ ва етакчилар бирдамлигининг рамзи сифатида ҳам талқин қилинмоқда. Бироқ таҳлилчилар фикрига кўра, бирдамлик ва садоқат пардаси ортида Ислом Республикасининг халқ томонидан қўллаб-қувватланиши заифлашган.

Албанияда намойишлар кучаймоқда

Албанияда АҚШ президенти Доналд Трампнинг оиласи билан боғлиқ қурилишларга қарши намойишлар яна авж олмоқда. Полиция пайшанба куни ўтказилган намойишларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва сув замбаракларидан фойдаланди.

Ўрта Ер денгизи бўйидаги экологик муҳофаза қилинадиган Звернес ҳудудида Трампнинг куёви Жаред Кушнерга алоқадор компания катта курорт қурмоқчи. Унга қарши маҳаллий аҳоли деярли ҳар куни ўтказаётган намойишлар «Фламинго инқилоби» номини олган.

Полициянинг маълум қилишича, пайшанба куни кескинлашувда камида 18 киши қўлга олинган. Парламент биноси ташқарисида баъзи намойишчилар тухум, тош ва бошқа нарсаларни отиши оқибатида 12 нафар полиция ходими жароҳатланган.

Намойишчилар ҳукуматни уларнинг хавотирларига қулоқ солмаётганликда айбламоқда.

Маҳаллий аҳоли орасида «Кушнер ороли» деб ном олган Сазан ороли курорт лойиҳаси илк бор 2024 йилда тақдим этилган эди. Бироқ норозилик намойишларининг тўлқини шу йили, пляжда тиканли сим тўсиқлар ва булдозерлар пайдо бўлганидан кейин бошланди.

Намойишчилар дастлаб курортнинг эҳтимолий экологик зарарларига эътибор қаратишганди. Кейинроқ норозиликлар коррупцияга қарши курашда етарли чора кўрмаётган бош вазир Эди Рама ҳукуматига қарши кенгроқ ҳаракатга айланиб кетди.

Ҳукумат эса курорт люкс туризм сектори учун катта фойда келтиришини таъкидламоқда ва давом этаётган намойишларни қораламоқда.

Дамашқда портлаш

Пайшанба куни Дамашқ марказидаги қаҳвахоналардан бирида бомба портлаши оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлди ва яна 20 киши жароҳатланди.

Сурия давлат ОАВлари қурилма марказдаги Адлия саройи яқинида жойлашган қаҳвахонага ўрнатилганини маълум қилди. Дастлабки тергов натижалари портлаш – оғирлиги тахминан бир килограмм бўлган, қўлбола усулда ясалган портловчи қурилма туфайли содир бўлганини кўрсатган. Бу эса воқеа жойида оғир жароҳатлар ва жиддий вайронгарчиликларга олиб келган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда қаҳвахона полидаги қон излари ва ярадор одамларни кўриш мумкин.

Ушбу ҳужум 2024 йил охирида диктатор Асадни ағдариб ҳокимиятни қўлга киритган президент Аҳмад аш-Шаръа ҳукуматига навбатдаги хавфсизлик таҳдидини туғдирмоқда. Ўшандан бери Дамашқда бир нечта хавфсизлик билан боғлиқ ҳодисалар содир бўлди.

Пайшанба кунги портлаш учун ҳеч бир гуруҳ жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Аммо расмийлар сўзларига кўра, ИШИД хавфсизлик бўшлиғидан фойдаланишга уринмоқда.

Ушбу жангари гуруҳ жорий йил бошида Шаръа ҳукуматига қарши операцияларнинг янги босқичи бошланганини эълон қилганди. Ҳозирда террорчи гуруҳ анча заифлашган. Бироқ у ҳали ҳам партизанлик услубидаги ҳалокатли ҳужумларни амалга оширишга қодир деб ҳисобланмоқда.

Шаръанинг бошқа мухолифлари қаторига Асад давридаги зобитлар ва аскарлар ҳам киради.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид