Фан-техника | 22:08 / 19.12.2024
3346
2 дақиқада ўқилади

Starlink сунъий йўлдош алоқа тизими илк бор смартфонларда ишлай бошлади

Янги Зеландия алоқа оператори SpaceX компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Энди мамлакат аҳолиси оролнинг исталган нуқтасидан космос орқали хабар юбориши мумкин.

Фото: T-Mobile

SpaceX компанияси Янги Зеландиянинг One NZ оператори билан биргаликда дунёда биринчи бўлиб смартфонларнинг Starlink тармоғига уланишини ишга туширди.

Қайд этилишича, Starlink’нинг космик қамрови орол давлатнинг бутун ҳудудини қоплаб олган ва фойдаланувчиларга алоқа минораларисиз ҳам SMS юбориш имкониятини тақдим этади. Хизмат ҳозирда тўлиқ бепул ишламоқда, аммо у тўрт турдаги қуриламага мос келади: Samsung Galaxy Z Flip ва Z Fold 6, Galaxy S24 Ultra ва OPPO Find X8 Pro.

«Айни вақтда мутахассисларимиз технологияни қўшимча телефонларда ҳам синовдан ўтказмоқда. 2025 йил охирига бориб юз минглаб мижозлар One NZ Satellite TXT’дан фойдалана олишларини таъминлаш ниятидамиз», — дейди компания директори Жо Годдард.

Хизматнинг ягона камчилиги — хабар юборилганида 3-5 дақиқа вақтда етиб боришида. Аммо SpaceX тўғридан-тўғри алоқа гуруҳлари зичлигини ошириш устида иш олиб боряпти, келажакда вазият яхшиланади ва бу ўртача бир дақиқа вақтни талаб эта бошлайди. Аммо ҳозирча бунинг учун қанча сунъий йўлдош талаб этилиши айтилмаган.

Бугунги кунга қадар SpaceX пастки Ер орбитасига смартфонларга уяли алоқа спектрларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этишга қодир фойдали юкламага эга Starlink аппаратларидан фақат 300 тасини учирган. Бироқ компания уларнинг сонини 7,5 мингтага етказишни режалаштирмоқда.

One NZ алоқа оператори Starlink билан ҳамкорликни биринчи бўлиб йўлга қўйган бўлса-да, у янги турдаги хизматни тақдим этадиган охирги оператор бўлмайди. 2025 йилдан бошлаб Американинг T-Mobile компанияси ҳам ўз фойдаланувчиларини Starlink тармоғига улаши мумкин. Ундан кейин Япониянинг KDDI, Австралиянинг Optus, Швейцариянинг Salt, Чили ва Перунинг Entel, Канаданинг Rogers компаниялари ҳам Starlink билан янги турдаги хизматни тақдим этишни бошлайди.

Мавзуга оид