Технология | 08:16
768
2 дақиқада ўқилади

Starlink энди мобил операторга айланиши мумкин

Илон Маскка тегишли SpaceX компанияси АҚШда хусусий фойдаланувчилар учун Starlink Mobile мобил алоқа хизматини ишга тушириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Агар лойиҳа амалга ошса, у мамлакатдаги миллиардлаб долларлик мобил алоқа бозоридаги энг йирик тижорий лойиҳалардан бирига айланиши мумкин.

Фото: Getty Images

Financial Times нашрининг вазиятдан хабардор тўрт манбасига кўра, SpaceX президенти ва бош операцион директори Гвинн Шотвелл инвесторлар билан учрашувда компания ўзининг чакана мобил алоқа хизмати — Starlink Mobileʼни ишга тушириш ҳамда АҚШда хусусий ерусти мобил тармоғини қуриш имкониятини ўрганаётганини маълум қилган.

Мазкур режа амалга ошса, SpaceX мобил алоқа хизматларини фойдаланувчиларга бевосита таклиф этадиган тўлиқ чакана бизнесни йўлга қўяди. Бу эса компанияни АҚШнинг энг йирик мобил операторлари — Verizon Wireless, AT&T ва T-Mobile учун тўғридан тўғри рақобатчига айлантиради.

Ҳозиргача SpaceX бошқача бизнес моделидан фойдаланиб келган. Компания мобил алоқа операторларига, жумладан T-Mobileʼга, Starlink сунъий йўлдошлари тармоғидан фойдаланиш имконини бериб, қишлоқ ҳудудлари ва алоқа етиб бормайдиган жойларда мобил қамровни кенгайтиришга ёрдам бериб келмоқда.

Бундай ҳамкорлик шартларининг молиявий жиҳатлари очиқланмаган. Бироқ таҳлилчилар фикрича, Starlink сунъий йўлдош алоқасини ўз ичига олган мобил тарифлардан тушадиган даромаднинг маълум қисмини олади.

Мутахассислар таъкидлашича, Starlink Mobileʼнинг ишга туширилиши SpaceX учун Starlink лойиҳаси бошланганидан бери амалга ошириладиган энг йирик тижорий ташаббуслардан бири бўлиши мумкин.

Бугунги кунда компаниянинг Starlink сунъий йўлдош тармоғи дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатида юқори тезликдаги интернет хизматини тақдим этмоқда. У Ер атрофидаги энг йирик сунъий йўлдошлар гуруҳи орқали фаолият юритади.

SpaceX ўз мобил алоқа хизматини ишга тушириши компанияга сунъий йўлдош интернети бозорига нисбатан анча катта ҳажмга эга мобил алоқа сегментига кириш имконини беради. Шу билан бирга, у Starlink билан якуний мижозлар ўртасида воситачи бўлиб келаётган мобил операторларга қарамликни ҳам камайтириши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид