Жаҳон | 22:52 / 24.12.2024
11740
2 дақиқада ўқилади

Бразилияда илгари ҳеч қачон қайд этилмаган ҳиндулар қабиласи аниқланди

Бразилияда масако ҳиндуларининг қабиласи тасвирга олинди. Амазон ўрмонларида яшовчи ушбу қабила ҳақида олдинлари гап-сўзлар юрган бўлса-да, уларнинг мавжудлигини исботловчи бевосита далиллар бўлмаган.

Фото: Funai

Тадқиқотчилар Бразилияда масако ҳиндулари қабиласи яшайдиган ҳудудларни аниқлашга муваффақ бўлди. The Guardian газетасининг ёзишича, уларнинг мавжудлиги олдин қайд этилмаган ва фақат олимларнинг тахминларига асосланилган.

Нашрнинг қайд этишича, Бразилия ғарбида масако халқи яшашига оид гап-сўзларга қарамай, улар Рондония штатида жойлашганини исботловчи бевосита далиллар бўлмаган. Нашр, шунингдек, Амазон ўрмонларида ов қилаётган ҳиндуларнинг кадрларини эълон қилиб, «ушбу тасвирлар илгари ҳеч қачон ҳужжатлаштирилмаган Амазон этник гуруҳининг мавжудлигини тасдиқлашини» таъкидлаган.

Суратлар изоляцияланган жамият ҳақиқатда мавжудлигини кўрсатибгина қолмай, улар бразилиялик чорвадорларнинг босимига қарамай яхши яшаётганидан дарак беради.

Шу билан бирга, мазкур қабила аниқланганидан кейин ҳиндуларнинг олдинги ҳаёт тарзи хавф остида қолиши мумкин, чунки олимлар ўз тадқиқотлари ҳудудга ташрифларини ошириши, ўз навбатида атроф-муҳитга ҳам зарар етказиб қўйишлари мумкин.

«Изоляциядаги туб халқларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш — тропик ўрмонларни сақлаб қолишнинг муҳим асосидир», — дейди тадқиқотчи Паулу Моутиню.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Бразилия ҳиндулар миллий жамғармаси ходимлари Перу билан чегарада жойлашган Вале-ду-Жавари қўриқхонасида браконерларни излашаётганда қўриқхонага тахминан 190 миль кирилгандан кейин номаълум қабилага дуч келган эди. Уларнинг айтишича, қабиладаги 16 киши ҳеч қачон ташқи дунё билан мулоқот қилмаган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид