Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
Миллий иқтисодиёт кўрсаткичлари динамикасида Украинанинг устунлиги сақланиб қоладими-йўқми, бу – энергетикадаги узилишлар, ишчи кучи етишмовчилиги ва молиявий муаммоларни Киев қай даражада ҳал эта олишига боғлиқ.
Украина давом этаётган урушга қарамасдан, Россияга қарши иқтисодий курашда ютуқларга эришмоқда, деб ёзади The Economist.
Нашрнинг қайд этишича, Украина иқтисодиёти урушга Россияникидан кўра яхшироқ мослаша олди. Муҳим макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича Украина Россиядан сезиларли яхшироқ натижаларни қайд этмоқда.
2024 йилда Украина ЯИМи 4 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда, Россияники эса 0,5–1,5 фоиз оралиғида қолади. Украина гривнаси барқарорликни сақлаб турибди, фоиз ставкалари нисбатан паст – 13,5 фоизни ташкил этмоқда. Россия иқтисодиёти эса юқори инфляция, 23 фоизга яқинлашган фоиз ставкалари ва банк тизимидаги заифликни бошдан кечиряпти
The Economist'га кўра, Украинага бу ютуқларга эришишда бизнеснинг ҳарбий шарт-шароитларга тез мослашуви ва хорижий ёрдамлар муҳим рол ўйнаган.
Қайд этиш керак, Украина ЯИМ уруш бошланган 2022 йилда 28,8 фоизга қисқарган, 2023 йилда эса 5,3 фоизлик ўсишни қайд этганди.
Иқтисодий ўсиш 2024 йилдаги каби 4 фоизлик кўрсаткичдан тушиб кетмаслиги учун электр энергияси, ишчи кучи ва маблағ етишмовчилиги муаммоларини ҳал қилиш талаб этилади.
Хусусан, Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига уюштираётган ҳужумлари ортидан юзага келган энергетика инқирози жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Электр тармоқлари таъмирланмоқда, электр энергияси импорти ошириляпти, лекин бу вазиятни тубдан ўнглаш учун етарли бўлмаяпти. Шу билан бирга, кўплаб корхоналар биогаз ва қуёш панеллари каби муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни бошлаган.
Ишчи кучи бозори ҳам катта босим остида қолмоқда: ҳарбий сафарбарлик, миграция ва уруш оқибатида ишчи кучи 20 фоизга қисқарди. Вакансиялар сони ортиб боряпти, лекин аммо уларни тўлдириш қийин бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, маошлар миқдори ўсяпти. Ҳарбий эҳтиёжлар ва фуқаролик бозори ўртасидаги мувозанатни таъминлаш муҳим вазифа бўлиб турибди.
Молиявий муаммолар вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Ҳукумат асосан хорижий ёрдамга суянади. 2025 йил учун бюджет танқислиги 20 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Европа Иттифоқи ва G7 каби иттифоқчилар катта молиявий кўмакни ваъда қилганига қарамай, айниқса АҚШдаги сиёсий ноаниқлик келгуси молиявий оқимларни хатар остига қўйиши мумкин.
Мавзуга оид
08:36
АҚШ Ҳелсинки комиссияси Россияда номақбул деб тан олинди
08:05
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
00:31
Apple ўзининг онлайн дўконидан мустақил ОАВ иловаларини ўчириб ташлаётганига изоҳ берди
22:47 / 25.12.2024