Жаҳон | 10:52 / 03.01.2025
1748
3 дақиқада ўқилади

Германия канцлерлигига номзод Мерц АҚШ билан эркин савдо битими тузишга чақирди

Германия канцлерлигига номзод Фридрих Мерц АҚШ билан эркин савдо битими тузишга чақирди. Бу борадаги музокаралар 2017 йилдан бери музлатиб қўйилган.

Фото: Carsten Koall/dpa/picture alliance

Европа Иттифоқи Қўшма Штатлар билан эркин савдо келишуви бўйича музокараларни қайта бошлаши керак. Бу таклиф 2 январ, пайшанба куни dpa нашрига берган шарҳида Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) раиси, Бундестагдаги ХДИ/ХСИ фракцияси раҳбари, Германия канцлери лавозимига номзод Фридрих Мерц томонидан билдирилди.

«Бизга АҚШ ва Европа истеъмолчиларига фойда келтирадиган ижобий кун тартиби керак, - деди Мерц. - Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги янги эркин савдо ташаббуси хавфли тариф спиралининг олдини олиши мумкин».

ХДИ раҳбари Доналд Трамп янги маъмурияти Европа компанияларининг АҚШ бозорига киришини қийинлаштириши ва Европа Иттифоқи товарларига юқори импорт божлари жорий этиши мумкинлигидан хавотирда. «Бизнинг бунга жавобимиз божларни жавобан жорий этишни бошламасликдан иборат бўлиши керак», деб огоҳлантирди Мерц.

Мерц Европада Украина бўйича алоқа гуруҳини тузишга чақирди

ХДИ ва ХСИ мухолифат блокидан Германия канцлери лавозимига номзод Фридрих Мерц АҚШда бўлажак ҳокимият алмашиши муносабати билан Украинага кейинги ёрдамни мувофиқлаштириш учун Европа алоқа гуруҳини шакллантиришни таклиф қилди. «Биз Украина ҳеч қандай чекловларсиз ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланиши учун ҳамма нарсани қилишимиз керак», деди у 9 декабр куни Киевда Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашувда.

Бундан ташқари, европаликлар Украинадаги уруш имкон қадар тезроқ тугаши учун ҳамма нарсани қилиши керак, деб таъкидлади Бундестагдаги ХДИ/ХСИ фракцияси раҳбари. Унинг сўзларига кўра, АҚШда Доналд Трампнинг ҳокимият тепасига келишига тайёргарлик кўриш ва барча эҳтимолий сценарийларни ўйлаб кўриш керак.

Мерц фикрича, Европага Германия, Франция ёки Британиянинг бир ўзи ишлаб чиқа олмайдиган стратегия керак. «Биз бу стратегияни фақат биргаликда ишлаб чиқишимиз мумкин», дея қўшимча қилди у. Мерц, шунингдек, Зеленскийнинг Дания бундай алоқа гуруҳида муҳим рол ўйнаши мумкинлиги ҳақидаги таклифини «катта қизиқиш билан» қабул қилганини айтди.

Мавзуга оид