Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Копенҳаген яқинидаги порт узра номаълум дронлар учиб ўтди. Дания полицияси тергов бошлади
Дания ҳуқуқ-тартибот органлари «Россиянинг Европа давлатларига гибрид ҳужумлари хавфи сабаб» дронларнинг аниқланиши билан боғлиқ бошқа ҳолатларни ҳам тергов қилмоқда.
Дания полицияси ходимлари Копенҳагендан 45 километр жануби-ғарбда жойлашган Кёге шаҳри порти узра пайдо бўлган учувчисиз учиш аппаратларига оид маълумотларни тергов қилишни бошлади. Бу ҳақда идора маълумотларига таяниб, Associated Press хабар берди.
Дронлар пайдо бўлгани тўғрисида полицияга гувоҳлардан бири хабар берган. У 3 январ куни портда катта тезликда кўрфаз томон учиб кетган 20 га яқин дронни кўрган.
Полициячилар воқеа жойига етиб келганида, улар Кёге пристанида фақат тўртта катта дронни аниқлаган холос. Энди полиция учувчисиз учиш аппаратларининг умумий сони ва улар кимга тегишли эканини аниқлаш билан шуғулланмоқда. Қайд этилишича, дронлар пайдо бўлган вақтда ушбу ҳудудда парвоз учун рухсат берилмаган.
Associated Press’нинг ёзишича, ҳуқуқ-тартибот органлари «Россиянинг Европа давлатларига гибрид ҳужумлари хавфи сабаб» дронларнинг аниқланиши билан боғлиқ бошқа ҳолатларни ҳам тергов қилмоқда.
Номаълум учувчисиз учиш аппаратларининг парвозлари бир неча ойдан бери дунёнинг кўплаб давлатларида кузатилмоқда. 2024 йил охирида бир нечта дрон Германиядаги муҳим саноат объектлари ва АҚШдаги авиабаза узра пайдо бўлганди.
ФҚБ декабр ойида бир ой ичида дронларга оид 5 мингга яқин хабар келиб тушгани, аммо уларнинг қарийб 100 тасига ҳукумат эътибор қаратишга арзиши тўғрида хабар берган эди.
Аввалроқ АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден администрацияси мамлакатда Хитой учувчисиз учиш аппаратларини чеклаш ёки тақиқлаш имкониятини кўриб чиқаётгани тўғрисида хабар берилганди.