Жаҳон | 10:47 / 07.01.2025
9423
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Лукашенко урушнинг илк кунларида узр сўрагани ҳақида эслади. Беларус томони рад этди

Зеленскийнинг айтишича, Лукашенко ушбу телефон суҳбати чоғида Россиянинг хатти-ҳаракатлари учун узр сўраган ва «нима бўлаётганини назорат қилмаслиги», ракета зарбалари учун жавобгарлик Владимир Путин зиммасида эканини таъкидлаган. Лукашенконинг матбуот котиби Украина раҳбарининг сўзларини рад қилди.

Фото: AP

Володимир Зеленский кенг кўламли урушнинг илк кунларида Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилгани ва у Россия Беларус ҳудудидан Украина бўйлаб ракета зарбалари йўллагани учун узр сўрагани ва ҳатто бунга жавобан Мозирский нефтни қайта ишлаш заводи бўйлаб зарба йўллашни таклиф қилгани ҳақида гапирди. Украина президенти бу ҳақда олим ва блогер Лекс Фридманнинг подкастида айтиб берган. 

«Уруш бошланганидан бир неча кун ўтиб мен Лукашенко билан телефон орқали гаплашдим ва у узр сўради, у „бу мен эмасман, менинг ҳудудимдан ракеталар учирилди ва уларни Путин учирди“ деди. Бу унинг сўзлари, гувоҳларим бор. У менга яна шундай деди: „Сен ишон, Володя, бу мен эмасман, мен назорат қилмаяпман, бу ракеталар Путинники…“.

Мен унга у ҳам худди шундай қотил эканини айтдим, у эса менга деди: „Тушун, руслар билан урушиб бўлмайди“. Мен унга дедим: „Биз ҳеч қачон уруш қилмаганмиз. Ракеталар сенинг ерингдан келди, Беларусдан, бунга қандай йўл қўйдинг?“.

У айтди: „Унда, майли жавоб қайтар“. Мен ҳозиргача у шундай деганини эслайман: „Нефтни қайта ишлаш заводи бўйлаб зарбалар йўлла, у мен учун қандай аҳамиятга эгалигини биласан-ку“…  Бу Мозирский заводи эди. Мен унга айтаман: „Сен нима деяпсан, қанақа жавоб?“ Бу урушнинг иккинчи ёки учинчи кунида бўлганди», – дея хотирлайди Зеленский.

Александр Лукашенконинг матбуот котиби Наталя Эйсмонт Зеленскийнинг баёноти юзасидан изоҳ берди. 

«Беларус президенти Зеленскийдан ҳеч қандай узр сўрамади, чунки бизда узр сўраш учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Биринчи навбатда шунинг учунки, Украина биринчи бўлиб Беларусга қарши санкциялар қўллаган, бу борада ҳатто Америка ва бутун ғарбдан ҳам илгарилаб кетганди», – деб таъкидлади Эйсмонт.

Унинг сўзларига кўра, «Беларус ва Украина президентларининг можаронинг дастлабки кунларидаги суҳбати фақатгина Беларус президенти кенжа ўғли Николайнинг ҳиссий реакцияси туфайли содир бўлган», унинг телефонида Зеленскийнинг контакти бор эди.

«Бу суҳбатнинг моҳияти нимада эди: президент, биринчи навбатда, можаро Украинада, Зеленский ҳудудида авж олгани ва вақт ўтиши билан одамларнинг ўлими учун айнан у жавобгар бўлишини айтди. Шунинг учун ҳам бизнинг президент музокаралар столига ўтиришга чақирди ва бу амалга оширилди: Беларусда уч раунд, кейин эса Истанбулда музокаралар ўтказилди», – дея қўшимча қилган Лукашенконинг матбуот котиби.

Мавзуга оид