Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Янгийўлда экология давлат инспекторлари хизмат вақтида номаълум шахслар ҳужумига учради
Экология бўлими бошлиғи ва бош мутахассис назорат рейд тадбирларини олиб бораётганида «Жигули»да келган номаълум шахслар уларнинг йўлини тўсган. Ҳуқуқбузарлар инспекторларга ташланиб, турли тан жароҳатларини етказган.
Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Янгийўл туман бўлими давлат инспекторларига нисбатан хизмат вақтида номаълум шахслар томонидан безорилик ҳаракатлари содир этилди.
Қайд этилишича, 4 январ куни Янгийўл тумани «Самарқанд» МФЙ ҳудудида туман Экология бўлими бошлиғи А.Н. ҳамда бош мутахассис А.Ж. навбатдаги назорат рейд тадбирларини олиб бораётган пайтда тўрт нафар номаълум шахс ўзларининг «Жигули» русумидаги машинасида уларнинг йўлини тўсиб, хизмат фаолиятига тўсқинлик қилган.
Ходимлар ўзларини таништириш мақсадида хизмат гувоҳномаларини тақдим этган вақтда ҳуқуқбузарлар уларга ташланиб, турли тан жароҳатларини етказган ва инспекторларнинг кийимларини яроқсиз ҳолатга келтирган.
Инспекторларга Янгийўл тумани марказий шифохонасида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Уларнинг аҳволи ўртача даражада дея баҳоланмоқда.
Ҳозирда ушбу ҳолат Янгийўл тумани ИИБ томонидан ўрганилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг май ойида Тошкент вилоятида экологларга қайиқ эшкаги билан ҳужум қилган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.