Жаҳон | 13:16 / 09.01.2025
2460
3 дақиқада ўқилади

Германия ва Франция Трампни Гренландия бўйича режадан воз кечишга чақирди

Чегараларнинг дахлсизлиги тамойили «кичик давлатми ёки ўта қудратли давлатми», ҳар бир мамлакат томонидан ҳурмат қилиниши керак, деди Германия канцлери АҚШ сайланган президентининг баёнотларига жавобан.

Фото: Brandon Bell/Pool/Reuters

8 январ, чоршанба куни Германия ва Франция Доналд Трампни АҚШнинг сайланган президенти Гренландияни ҳарбий йўл билан эгаллаб олишни истисно этмаганидан кейин «суверен чегаралар»га таҳдид қилмаслик тўғрисида огоҳлантирди.

Германия канцлери Олаф Шолцнинг айтишича, чегаралар дахлсизлиги тамойили «шарқ ёки ғарбда бўлишидан қатъи назар, ҳар бир давлатга тегишли». Бу тамойил ҳар бир мамлакат томонидан ҳурмат қилиниши керак, «у кичик ёки жуда қудратли давлат бўлишидан қатъи назар», деб таъкидлади Шолц.

Германия ҳукумати вакили Штеффен Хебештрайт ҳам «чегараларни куч билан ўзгартирмаслик керак» деган «қатъий тамойил»ни эслатди. Берлин Трампнинг таҳдидларини жиддий қабул қиладими, деган саволга Хебештрайт жавоб бермади.

Париж: Европа Иттифоқи мудофаани кучайтириши керак

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Баррот France Inter радиосига берган интервюсида Европа Иттифоқи «ким бўлишидан қатъи назар, бошқа давлатлар суверен чегараларига ҳужум қилишига имкон бермайди», деди.

«Агар сиз мендан: «АҚШ Гренландияга бостириб кирадими?» деб сўрасангиз, жавоб салбий бўлади», деди француз вазири ва «энг кучлилар қонуни» қайтган давр бошланганини таъкидлади. «Уйғонишимиз ва ўзимизни ҳарбий жиҳатдан кучайтиришимиз керак», — дейди Барро.

У, шунингдек, АҚШни «табиатан империалистик эмас» деб атади. Бироқ Франция ҳукумати матбуот котиби Софи Примас Трампнинг изоҳлари «империализмнинг бир кўриниши» эканини айтди, деб ёзади AFP.

Франция Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Гренландияни «Европа ҳудуди» деб атади. AFP таъкидлаганидек, Дания Бирлашган Қироллигининг бир қисми бўлган Гренландия 1985 йилда мухториятга эга бўлгач, Европа Иттифоқини тарк этган.

Доналд Трампнинг ўғли Гренландияга учиб келди

Кичик Доналд Трамп Данияга қарашли Гренландиянинг Нуук шаҳрига етиб келди – бу АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп ҳудудни назорат қилиш истагини яна бир бор таъкидлаганидан икки ҳафта ўтиб рўй берди. 7 январ куни ён томонида «Трамп» ёзуви бўлган Boeing 757 самолёти аэропортга қўнди.

Трамп сафар ҳақида 6 январ куни Truth Social ижтимоий тармоғида эълон қилди. «Менинг ўғлим кичик Дон ва АҚШнинг турли вакиллари у ерга энг ажойиб ва диққатга сазовор жойларни кўриш учун борадилар», деб ёзди у.

Дания Ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида, бу маълумотни эътиборга олганини маълум қилди. «Бу Американинг расмий ташрифи бўлмагани учун Дания Ташқи ишлар вазирлиги бошқа изоҳ бера олмайди», — дея таъкидлаган идора.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид