Жаҳон | 22:59 / 09.01.2025
2833
2 дақиқада ўқилади

Hyundai компанияси 2025 йилда Жанубий Корея иқтисодиётига 16,7 млрд доллар сармоя киритади

Маблағларнинг бир қисми илмий-тадқиқот ва конструкторлик ишларига сарфланади. Қолган маблағлар эса автоном бошқарув соҳасидаги технологик ривожланишни тезлаштиришга йўналтирилади.

Фото: ЕРА/ТАСС

Жанубий Кореянинг Hyundai Motor Group компанияси 2025 йилда мамлакат иқтисодиётига 23,4 триллион вон (16,7 миллиард доллар) сармоя киритишни режалаштирмоқда.

«Hyundai компанияси жорий йилда Жанубий Кореяга ўз тарихидаги энг йирик сармояни киритмоқда, чунки у узлуксиз ва барқарор инвестицияларсиз инқирозни енгиб ўтиш ҳамда ошиб бораётган ноаниқлик шароитида келажакда ўсиш двигателларини шакллантириш мумкин эмаслигига ишонади», — дейилади хабарда.

Режалаштирилаётган инвестициялар илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик учун 11,5 триллион вон, электромобиллар ишлаб чиқариш қувватини модернизация қилишга эса 12 триллион вон ажратилишини ўз ичига олади. Қолган маблағлар автоном бошқарув соҳасидаги технологик ривожланишни тезлаштиришга йўналтирилади.

Hyundai Motor Company акциялари 9 январ кунги савдолар якунида 0,2 фоизга арзонлашган.

Hyundai Motor Group — дунёда энг кўп автомобил ишлаб чиқарадиган Toyota Motor ва Volkswagenʼдан кейинги учинчи ўринда туради. Жорий йилда ҳолдинг глобал савдолар ҳажмини 2 фоизга ошириб, 7,4 миллион автомобилга етказмоқчи.

Аввалроқ Япониянинг Honda ва Nissan компаниялари хитойлик ишлаб чиқарувчилар автомобил саноатини тубдан ўзгартириб юбораётгани боис ўзаро бирлашишга қарор қилганди. Улар биргаликда қўшма ҳолдинг ташкил этади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид