Ўзбекистон | 22:55 / 15.01.2025
4266
3 дақиқада ўқилади

Автобусларда нақд пулсиз тизимга ўтиш бир неча йиллик режа: ноқулайликлар нега аввалдан тўлиқ ўйланмади?

“Янги тизимга 4 йил давомида тайёргарлик кўрилди. Режим ишга тушмагунча ҳозирда юзага келаётган масалалар пайдо бўлишини тахмин қилмагандик. Пойтахтдаги 2500 та бекат учун 5000 дан ортиқ инфокиоск етарли бўлади, деб ўйлагандик”, ­– дейди шаҳар транспорт бош бошқармаси бошлиғи.

Тошкент шаҳридаги автобусларда нақд пул қабул қилиш амалиёти тўхтатилганидан буён бир марталик QR-чипта харид қилиш билан боғлиқ масалалар кун тартибига чиқяпти. Вазият фақат барча бекатларнинг бир марталик чек чиқарадиган қурилмалар билан тўлиқ таъминланмаганига боғлиқ эмас. Инфокиосклар станциялардан 300 метр радиусда ўрнатилгани сабаб одамлар уларни баъзи вақтда топа олмаяпти.

Инфокиоскларнинг ўрнатилиши бўйича тасдиқланган расмий ҳужжатда қурилмаларни бекатлардан 300 метргача бўлган радиусда жойлаштириш мумкинлиги кўрсатилган. Бунинг асосий сабаби ҳамма бекатда ҳам электр энергиясига линия тортилмаганида.

Шунинг учун, қурилмалар бекатларга энг яқин электр энергия линияси бор нуқталарга ўрнатилган”, - дейди шаҳар транспорт бош бошқармаси бошлиғи Миракбар Икромов 15 январ куни “Тошшахартрансхизмат” АЖ томонидан ўтказилган матбуот анжуманида.

Унинг таъкидлашича, инфокиоскларнинг бекатлардан узоқлиги бўйича ҳозирга қадар йўловчилардан турли шикоятлар тушган. Эътирозлардан келиб чиқиб, бундай бекатлар рўйхати тузилган:

Инфокиосклар узоқ бўлган 675 та бекат аниқланди. Ҳозиргача улардан 210 таси янги инфокиоск билан таьминланди. Айни вақтда 500 та бекат ёки унга яқинроқ ҳудудга шундай қурилмаларни жойлаштириш устида иш олиб боряпмиз. 1 февралгача рўйхатдаги ҳамма бекатга инфокиосклар тўлиқ ўрнатилади”,­ ­­– деди масъул.

Шаҳар транспорт бош бошқармаси бошлиғининг маълум қилишича, айни вақтда пойтахтда 2600 та бекат ва 5200 тадан ортиқ инфокиоск мавжуд. Нақд пулсиз тўлов тизимига ўтилаётганда эса инфокиосклар сони 5000 та бўлган. Масъуллар 2600 та бекатга 5000 га инфокиоск етади, деб тахмин қилишган.

Тизим ишга тушмагунча барча бекатларда инфокиосклар йўқлиги муаммоларга сабаб бўлади, деб ўйланмагандик. Бу нарса эътирозларни юзага келтиргани учун инфокиоск йўқ бекатлар рўйхати шакллантирилди, ҳозирда шаҳар бўйлаб кунига 30-40 тача инфокиосклар ўрнатиляпти. Ой охиригача бир марталик чипта сотиб олиш билан боғлиқ масалалар деярли тўлиқ бартараф этилади”,– дейди Миракбар Икромов.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид