Дам олиш кунларида ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда
Дам олиш кунлари Ўзбекистон бўйлаб беқарор об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳудудларда ёмғир ва қор ёғади. Ҳарорат кечаси 0…+5, кундузи +2…+7 даража бўлади.

Фото: Kun.uz
«Ўзгидромет» 17–19 январ кунларига Ўзбекистон бўйича об-ҳаво прогнозини тақдим этди.
Бугун ва дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб беқарор об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Республикада вақти-вақти билан ёғингарчилик бўлиб, шимолда ёғингарчилик қор шаклида, қолган ҳудудларда асосан ёмғир шаклида кузатилади, 18–19 январ кунлари баъзи жойларда қор билан ёғади.
Фарғона водийси ҳудудларида ёғингарчилик фақат 19 январда кузатилади.
Жума куни ҳарорат кундузи +8...+11 даража, шанба ва якшанба кунлари кечаси 0...+5 даража, кундузи +2...+7 даража бўлади.
Кечаси ва эрталаб республика бўйлаб баъзи жойларда туман тушиши мумкин.
Шамол шарқдан ғарбга ўзгариб турган ҳолда 7–10 метр/сония тезликда эсади, 18–19 январ кунлари айрим жойларда 13–18 метр/сониягача кучаяди.
Тошкент шаҳрида вақти-вақти билан ёмғир ёғади, 18 январ куни кечаси ва 19 январда вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор) кузатилади. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Енгил ўртача тезликдаги шамол бўлади. Бугун ҳаво ҳарорати кундузи +8...+10 даража, шанба ва якшанба кунлари кечаси 0...+2, кундузи +4...+7 даража бўлади.