Ўзбекистон | 13:53 / 17.01.2025
19569
7 дақиқада ўқилади

Яна UzIMEI машмашаси: Ўзбекистонда телефонлар нархи ошадими?

2024 йил октябрдан бошлаб Ўзбекистонга кириб келаётган жисмоний шахслар ўзи билан телефон олиб кираётган бўлса декларация тўлдириши керак. Акс ҳолда IMEI-кодни рўйхатдан ўтказишда бож тўлашга тўғри келади.

16 январ куни Kurbanoff.net канали муаллифи янги телефон IMEI кодини рўйхатдан ўтказишда аввалгидек хорижга боришнинг ўзи етарли эмаслиги, энди мобил қурилмани Ўзбекистонга олиб кираётганда декларация тўлдириш кераклиги ҳақида ёзди. Шундан сўнг Телекоммуникация тармоқларини бошқариш маркази ДУК ва Божхона қўмитаси ҳолатга изоҳ берди.

Маълум қилинишича, бу тартиб бир неча ой олдин ишга тушган.

Эндиликда Ўзбекистонга янги мобил қурилмани олиб киришда божхона декларациясини тўлдириш керак. Акс ҳолда UzIMEI тизимида қурилмани рўйхатдан ўтказишда бож тўлашга тўғри келади. Янги талаб қонунчиликка 2024 йил бошида киритилган бўлиб, Божхона қўмитаси ва UzIMEI тизими ўртасидаги интеграция 2024 йилнинг октябрида якунланган.

Соддароқ қилиб тушунтирамиз.

Масалан, сизда қайсидир русумдаги (Samsung, Xiaomi ёки iPhone), хорижда ишлаб чиқарилган мобил телефон бор ва уни UzIMEIʼдан рўйхатдан ўтказмоқчисиз. Рўйхатдан ўтказиш учун uzimei.uz сайтида қурилманинг IMEIʼсини ёзсангиз, тизим уни божхона базасидан қидиради. Агар маълумот бўлмаса, мобил қурилма божхона қийматининг 30 фоизи миқдорида бож тўлаш керак. Чунки бу телефонлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаган, шу сабаб чет элдан олиб кирилган ҳисобланади.

2023 йилда юмшатилган қонунчилик бўйича жисмоний шахслар 2024 йил 28 январдан бошлаб ҳар сафар чегарадан кириб келишда иккитадан мобил қурилмани олиб кириши мумкин. Аэропорт орқали олиб кирилганда бир ёки иккита телефоннинг умумий миқдори 2000 доллардан, поезд орқали кириб келишда 1000 доллардан, автомобил ёки пиёда кириб келишда 300 доллардан ошмаслиги керак. Агар аэропорт орқали кирганда сумма шартли равишда 2300 долларни ташкил этса, икки мингдан ошган қисмига, яъни 300 долларга 30 фоиз бож тўланади. Халқаро курерлик жўнатмалари орқали эса ҳар бир жисмоний шахс учун хориждан товарларни божсиз олиб кириш чегараси – бир календар чорак учун 1000 долларни ташкил этади.

Шу тариқа, янги мобил қурилмаларни олиб кирганда мажбурий декларация қилиш лозим. Декларация қилиш, яъни янги телефон олиб кираётганингизни билдириб қўйиш уни солиқлардан озод қилади (2 тагача бўлса). Агар битта янги телефон олиб кирсангиз ҳам, лекин уни декларация қилмасангиз, UzIMEI’дан ўтказишда сиздан қурилма божхона қийматининг 30 фоизи миқдорида бож тўлаш сўралади.

Чегарадан ўтишда мобил телефонлар ва смартфонлар, планшетлар ва SIM-модулли портатив қурилмалар декларация қилинади. Модемлар, компютерлар, алоқа модуллари, терминаллар, транспорт воситалари ва SIM модули бўлган бошқа қурилмалар эса декларация қилинмайди.

Шу сабабли расмийлар, хусусан Телекоммуникация тармоқларини бошқариш маркази ДУК янги қурилмаларни текширишни сўрамоқда.

Бозорларда, чакана савдо дўконларида ёки онлайн-дўконларда мобил қурилмаларни сотиб олаётганда, www.uzimei.uz сайти орқали текширишни унутманг. Агар телефон рўйхатдан ўтмаган бўлса, божхона тўловларини тўлаш мустақил равишда амалга оширилиши керак”, – дейилади хабарда.

Нархлар ошиши мумкин. Муаммо нимада?

Юқорида айтганимиздек, агар фуқаролар чет элдан ўзлари бирор янги қурилма олиб кирса, уни декларация қилиш билан муаммо “ҳал бўлади”. Янги қурилмани UzIMEI тизимидан ўтказиш учун тўланадиган сумма БҲМнинг 20 фоизини (ҳозир 75 минг сўм) ташкил қилади.

Лекин ҳамма ўзбекистонликлар ҳам чет элга бориб янги қурилма олиб киролмайди. Деярли ҳамма телефонни у ёки бу дўкондан, онлайн платформадан, “Малика” ёки Абу-Сахий каби бозорлардан сотиб олади. Агар юқорида айтилган тартиб амалда ишласа, бу янги қурилмаларнинг нархига 2 хил йўл билан таъсир қилиши мумкин.

Биринчидан, янги телефон сотиб олган истеъмолчилар, агар қурилма IMEI рўйхатидан ўтмаган бўлса ва сотувчилар ваъда қилганидек харид амалга оширилганидан кейин 1 ҳафта ёки 1 ой ичида рўйхатдан ўтиш уларнинг иштирокисиз амалга ошмаса, у ҳолда IMEI'дан рўйхатдан ўтказиш учун 30 фоизлик божхона тўловини харидор ўзи тўлаши мумкин. Бу – янги iPhone 16 Pro Max мисолида 1200 доллар + 30% = 1560 долларга айланади. Қўшимчасига 75 минг сўм – IMEI тўлови. Битта кодни электрон рўйхатга киритиб қўйиш учун нега бунчалик қиммат нарх белгилангани – бу алоҳида масала.

Иккинчидан, агар фуқароларнинг шахсий маълумотларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилмаса, тадбиркорлар янги қурилмаларни олиб киришда тўлиқ бож ва солиқларни тўлаб, қурилмани расман IMEIʼдан ўтказиши керак бўлади. Бу ҳам янги телефонлар нархига таъсир қилиши мумкин. Мисол учун, 1200 долларлик iPhone 16 Pro Max'га 10 фоизлик бож, 12 фоизлик ҚҚС ва 75 минг сўм IMEI тўлови қўшилади. Қурилма тақрибан 1500 долларга айланади. Бунда ҳали тадбиркор ўзига қўшадиган фойда ҳисобга олинмаган.

Аслида UzIMEI тизимида 2023 йил октябр ойидан телефонларни рўйхатга олишда масофадан туриб (онлайн) шахсни биометрик идентификация (Face-ID) қилиш жорий этилган эди. Бундан мақсад фуқароларнинг шахсга доир маълумотларидан ўзгалар фойдаланишининг олдини олиш экани айтилган.

Шунга қарамай, йирик бозорларда сотиб олган янги қурилмаларни сотувчилар қандайдир йўллар билан IMEI'дан ўтказиб бермоқда. Савол туғилади: Ўзбекистон бўйлаб юзлаб сотувчилар, минглаб телефонларни сотиши ҳисобга олинса, шунча Face-ID жонли юзларни қаердан олишган? Ёки октябр ойида жорий қилинган мажбурий декларациялаш тизимисиз, қандай қилиб бозорда сотилаётган янги қурилмалар бир ҳафтада UzIMEI'дан ўтказиб бериляпти? Ёки уларнинг қурилмаларини ёппасига UzIMEI'дан ўтказиб берадиганлар борми?

Албатта, ҳозирча жавоби йўқ, ҳақли саволлар. Агар уддабуронлар шу ҳолатда ҳам бож тўламаслик учун кимларнингдир шахсий маълумотларига асосланиб, сотилган телефон учун UzIMEI қилиб бераётган экан, тизим шунчаки бюрократия бўлиб қолаверади.

Жамоатчилик ҳали мажбурий Face-ID жорий қилинишидан олдин базадаги 40 минг фуқаронинг шахсий маълумотларини пуллаган ИИБ ходимлари, карантин зоналаридаги қонунбузарликларни унутгани йўқ.

Бундан ташқари, UzIMEI тизимига тушаётган миллиардлар тақдири ҳам 2022 йилдан буён умуман очиқланмаётгани саволларни кўпайтирмоқда.

Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери