Жаҳон | 20:36 / 18.01.2025
10455
2 дақиқада ўқилади

Москвада пенсионер 100 минг долларни балкондан улоқтириб юборди

Фирибгарлар давлат органи раҳбари номидан пенсионерга қўнғироқ қилган ва у уйида 100 минг долларни сақлаётганини аниқлаган. Шундан кейин улар 92 ёшли истеъфодаги полковникни ўз пулларини балкондан ташлашга кўндирган.

Москвада фирибгарларга алданган пенсионер 100 минг доллар пулини балкондан ташлаб юборди. Бу ҳақда Россияда пойтахти прокуратураси хабар берди.

Қайд этилишича, фирибгарлар 92 ёшли пенсионерга видеоқўнғироқ орқали алоқага чиққан, улар тасвирни ўзгартириш технологияси ёрдамида ўзларини давлат органи раҳбари ва унинг ёрдамчиси сифатида таништириб, пенционерни жиноятчини ушлаш бўйича операцияда иштирок этишга кўндирган.

Прокуратура фирибгарлар ўзларини ким сифатида таништирганига ойдинлик киритмаган. «Известия»нинг ўз манбаларига таяниб ёзишича, фирибгарлар чув тушган истеъфодаги полковникка Москва мэри Сергей Собянин номидан қўнғироқ қилишган.

Прокуратура маълумотларига кўра, фирибгарлар пенсионерга тинтув ўтказиш билан таҳдид қилиб, унинг уйида 100 минг доллар сақланаётганидан хабар топган. Улар жабрланувчини ўз маблағларини суғурта ячейкасига жойлаштиришга кўндирган.

«Пулларга эга чиқиш мақсадида улар пенсионерни шартли сигналдан (уй олдига келган курер қўли билан бирга ишора) кейин 100 минг долларни балкондан улоқтиришга кўндирган. Бунда конспирация учун квартирадаги чироқни ўчириш, шуҳбали одамлар ва машиналарни қидириш учун эса фонарни олиб, кўчани ёритиш талаб қилинган — пенсионер буларни бажарган», — дейилади идора хабарида.

Шундан кейин фирибгарлар пенсионерга рафиқасининг банк омонатидаги пулларни ўғирламоқчи эканини айтиб, маблағларни ечиб олишни тавсия қилган.

Эркак ўзини алдашаётганини тушуниб етган ва ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилган. Куч тузилмалари ходимлари пулларнинг иккинчи қисмини олгани келган 20 ёшли курерни ҳибсга олган.

Мавзуга оид