Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АПЛда чемпионлик пойгаси тугамоқда, «Барса» ноқулай рақибини яна енга олмади. Кун ўйинлари
«Ливерпул» қўшимча дақиқаларда ғалабани илиб кетди, «Арсенал» 2 гол устунлигини бой берди, учинчи голи инобатга олинмади. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Англия: «Нюкасл» учун даҳшатли туш
«Нюкасл» – «Борнмут» 1:4
Голлар: 0:1 – 6 Клюйверт, 1:1 – 25 Бруно Гимараэс, 1:2 – 44 Клюйверт, 1:3 – 90+2 Клюйверт, 1:4 – 90+6 Керкез.
«Нюкасл» – Дубравка, Ҳолл (Триппиер, 66), Берн, Ботман (Шер, 46), Ливраменто, Жоэлинтон, Тонали, Бруно Гимараэс (Осула, 90+1), Гордон, Мёрфи (Уиллок, 66), Исак.
«Борнмут» – Аррисабалага, Керкез, Хейсен, Забарный, Кук, Кристи, Адамс, Семеньо, Клюйверт (Уинтерберн, 90+7), Брукс (Жеббисон, 82), Уаттара (Рис-Доттин, 90+7).
Огоҳлантиришлар: Адамс (45+5), Жоэлинтон (45+5), Клюйверт (45+6), Кристи (70), Уаттара (77), Жеббисон (90+3), Керкез (90+7).
Ўтган турда «Борнмут» «Челси»ни мағлуб этишга яқин эди, аммо «Стэмфорд Бриж»даги ўйиннинг қўшимча дақиқаларида ғалабани бой берди (2:2). Энди «олчалар» сўнгги ҳафталарни ўта кучли ўтказиб, кучли тўртликка ёриб кирган «Нюкасл»га муаммолар туғдирди. «Қарғалар» тезкор голга бўлим ўрталарида Бруно Гимараэснинг голи билан жавоб қайтаришди. Аммо танаффус арафасида айнан ушбу бразилиялик ўз жамоаси жарима майдони яқинида прессинг остида тўпни йўқотди ва Клюйверт дублни расмийлаштирди. Жастин 20 йил муқаддам машҳур отаси Патрикка мухлислик қилган «Сент-Жеймс Парк»да рақиб жамоа футболчиси сифатида гол урди.
Иккинчи бўлимда Эдди Ҳау собиқ жамоаси «Борнмут»ни жарима майдонига қамал қилиб қўйгандек кўринганди, аммо меҳмонлар бардош беришди. Мезбонларни рақиб ҳужумларидан устун, дарвозабон ва VAR сақлаб турди, меҳмонлар учинчи голни уришганда видеотакрор вазиятга аралашиб, ҳужумдан олдин мезбонлар вакили тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборганини қайд этди. Кепа дарвозаси атрофида эса у қадар хавфли вазиятлар юзага келтирилмади. Бунгача қаторасига саккиз турда майдонни голсиз тарк этмаган Исак бу ўйинда рақиб мудофаасига чора топа олмади. Натижада унинг серияси ҳамда «қарғалар»нинг қаторасига саккиз учрашувдан иборат серияси тўхтатилди. Энди турнир жадвалида «Нюкасл» ва «Борнмут»ни атиги бир очко ажратиб турибди. Мавсумда иккинчи бор ҳет-трик қайд этган Клюйверт билан жамоа гранд жамоалардан очко олишда давом этмоқда.
«Брентфорд» – «Ливерпул» 0:2
Голлар: 0:1 – 90+1 Нунес, 0:2 – 90+3 Нунес.
«Брентфорд» – Флеккен, ван ден Берг, Коллинз, Льюис-Поттер, Роэрслев, Янелт (Шаде, 66), Нергор, Ярмолюк, Дамсгор (Йенсен, 81), Мбемо, Висса.
«Ливерпул» – Алиссон, Цимикас (Робертсон, 65), ван Дейк, Конате, Александер-Арнолд, Мак Аллистер (Жонс, 80), Гравенберх, Гакпо (Киеза, 87), Собослаи (Эллиот, 80), Салоҳ, Диас (Нунес, 65).
Огоҳлантиришлар: Цимикас (8), Собослаи (43), Нергор (68), Роэрслев (69), Нуньес (90+2).
«Ливерпул» биринчи бўлимнинг ўзида рақиб дарвозаси томон 19 бор зарба йўллади (ўйин охирига қадар 37 тага етди), аммо фақат беш уринишда тўп дарвоза соҳасига тўғри борди. Кескинлик бўйича Собослаининг узоқ масофадан йўллаган зарбаси ёдда қоларли бўлди, бу вазиятда тўсин мезбонлар жонига ора кирди. 89-дақиқада Салоҳнинг ўз услубидаги айланма зарбаси ҳам муваффақиятсиз чиққанида бу сафар қизилларнинг куни эмаслиги ҳақида ҳиссиёт пайдо бўлганди. Аммо Арне Слот бошқарувидаги жамоа сўнгги дақиқаларни Юрген Клопп давридагидан ҳам кучлироқ ўтказмоқда. Арбитр томонидан қўшиб берилган беш дақиқанинг биринчисида Эллиот Александер-Арнолднинг қанотдан юришини қўллаб-қувватлади, ҳимоячи эса иккинчи уринишда тўпни қулай вазиятда турган Нунесга етказиб берди. Иккинчи бўлимда Луис Диас ўрнига майдонга тушган уругвайлик ҳужумчи бир неча дақиқа ўтиб Эллиоттнинг узатмасидан кейин дублга эришди ва оқшом қаҳрамонига айланди.
«Арсенал» – «Астон Вилла» 2:2
Голлар: 1:0 – 35 Мартинелли, 2:0 – 55 Ҳавертц, 2:1 – 60 Тилеманс, 2:2 – 68 Уоткинс.
«Арсенал» – Райя, Габриэл, Тимбер, Люис-Скелли, Парти, Мерино, Райс, Эдегор, Троссард, Ҳавертц, Мартинелли (Стерлинг, 82).
«Астон Вилла» – Мартинес, Матсен (Дин, 46), Мингз, Конса, Кэш, Онана (Богарде, 37), Камара, Рэмзи (Бэйли, 85), Тилеманс, Рожерс, Уоткинс (Дуран, 80).
Огоҳлантиришлар: Матсен (20), Артета (30), Эмери (63), Троссард (67), Камара (78), Стерлинг (90+4), Рожерс (90+5).
Мавсумнинг биринчи қисмида Эдегор жароҳат туфайли сафдан чиққанида ҳам «Арсенал» ҳужумда муаммоларга учраганди. Энди эса «канонирлар»нинг йўқотишлари мавсум якунига қадар ўйнай олмайдиган Габриэл Жезус билан чекланмайди. Декабрнинг охирги кунларида Сака жарроҳлик амалиётини бошдан кечирганди, унинг тикланиши учун ҳам бир неча ой талаб этилади. Микел Артета турли вариантларни синаб кўрмоқда, шу туфайли Троссар ўзининг энг яхши формасига қайтиши талаб этилмоқда. Белгиялик ҳужумчи ҳафта ўртасида «Тоттенҳэм»га қарши дербида ғалаба голини урганди (2:1). Энди ўзи учун хос бўлмаган ўнг қанот ҳужумида ўйнаётган Габриэл Мартинеллига голли узатма берди. Мартинес тўпни тўсди, аммо тўп чизиқни кесиб ўтди.

Ўтган мавсумда «Арсенал» биринчи бўлимда ҳисобда устунликка эришиши ғалаба кафолати ҳисобланарди (18 ўйин). Бу мавсумда ҳам эса «канонирлар»да бу борада пасайиш кузатилмоқда ва биринчи бўлимни ғалаба билан якунлаган 12 ўйиндан бешта ҳолатда якунда устунликни бой бериб, дуранг ўйнаган. Шанба оқшомидаги ўйинда эса Ҳаверцнинг иккинчи голи ҳам етарли бўлмади. Биринчи бўлим давомида Онанасиз қолган «Астон Вилла»ни ўтказиб юборилган иккинчи голдан беш дақиқа ўтиб Тилеманс жонлантирди, у Диннинг чап қанотдан узатмасини бош билан дарвозага йўллади, кўп ўтмай Кэш бошқа қанотдан Уоткинсни голли пас билан таъминлади. «Ливерпул» ўйин охирида рақибларини таслим этаётган бўлса, «Арсенал»га қотиллик инстинкти етишмаяпти.
«Арсенал» барибир ғалабани илиб кетиши мумкин эди, 88-дақиқада Меринонинг голи бекор қилинди. Видеоҳакамлар бу вазиятда тўп Ҳаверцнинг қўлига теккан деб топиб, бош ҳакамнинг қарорини ўзгартиришди. Лекин бу ҳолат кадрлари келтирилмади ва арбитр ҳам мониторинг қаршисига чақирилмади.

Қўшимча дақиқаларда испаниялик яримҳимоячининг яна бир зарбаси устунга тегди, Троссар эса қулай имкониятда тўғри зарба бера олмади ва ҳисоб ўзгармай қолди.

Энди турнир жадвалида биринчи ва иккинчи ўринлар орасидаги фарқ олти очкони ташкил этмоқда, қолаверса, пешқадамда битта захира ўйини ҳам бор. Ўтган мавсумда ҳар икки ўйинда ҳам собиқ жамоасини мағлуб этган Унаи Эмери якунда «Арсенал» чемпионликдан мосуво бўлишига сабабчи бўлганди. Бу мавсумда ҳам ўзаро ўйиндаги дуранг «канонирлар»ни чемпионликдан узоқлаштирди.

Испания: Гризманн «Атлетико»ни уялтирди

«Леганес» – «Атлетико» 1:0
Гол: 1:0 – 49 Настасич.
«Леганес» – Дмитрович, Хави (Брашанац, 46), Розье, Настасич, Серхио Гонсалес, Тапия (Саэнс, 72), Хуан Крус, Сиссе, Неу, Раба (Лопес, 80), де ла Фуэнте (Диего Гарсия, 85).
«Атлетико» – Облак, Галан (Ниньо, 79), Лангле, Ле Норман, Молина (Лиоренте, 60), Галлахер (Лино, 46), Барриос (Коке, 60), Де Паул, Симеоне (Корреа, 65), Алварес, Гризманн.
Биринчи бўлимда Диего Симеоне жамоаси барчасини омадга тўнкаши мумкин эди, икки ҳолатда «Леганес»ни дарвоза устуни ва тўсини қутқарди. Аммо булар воқеаларнинг кейинги ривожи билан солиштирганда арзимас ҳолатлар экани маълум бўлди. Одатдагидек «Атлетико» мудофааси бурчак зарбаси ижро этилганида муваффақиятсиз ҳаракатланиб, Настасичга бош билан гол уриш имконини берди.
«Матрасчилар» бу мавсумда ҳисобда ортда борган ўйинларида вазиятни ўнглаб, қўлга киритган очколари сони бўйича яққол пешқадамлик қилмоқда. Шанба куни бу кўрсаткич (15 очко) яхшиланиши мумкин эди, аммо 90-дақиқада пеналтини ижро этган Гризманн тўпни дарвоза соҳасига тўғри тепа олмади. Ҳолбуки француз футболчиси мадридликлар сафида саккиз мавсум давомида 11 метрлик зарбада адашмаганди, унинг охирги хатоси ҳам айнан «Леганес» билан ўйинда рўй берганди. Натижада қизил-оқлар барча турнирлар доирасидаги қаторасига 15 ғалабадан кейин ютқазиб қўйди ва биринчи ўринни «Реал»га бой бериб қўйиши мумкин. Ҳамшаҳарлар бунинг учун якшанба куни «Сантияго Бернабеу»да «Лас-Палмас»ни мағлуб этиши кифоя қилади.
«Хетафе» – «Барселона» 1:1
Голлар: 0:1 – 9 Кунде, 1:1 – 34 Арамбарри.
«Хетафе» – Сория, Рико, Алдерете, Дуарте, Иглесиас, Жене, да Коста (Бекуша, 90+2), Миля, Арамбарри (Сантияго, 49), Аленя (Карлес Перес, 66), Уче.
«Барселона» – Пеня, Балде, Кубарси, Араухо, Кунде, Педри, Касадо (де Йонг, 46), Рафиня, Гави (Олмо, 62), Ямал, Левандовски (Ферран Торрес, 81).
Огоҳлантиришлар: Сантияго (53), Жене (86), Бордалас (90+4), Флик (90+4), Бекуша (90+5), Рафиня (90+5), Балде (90+6)
«Хетафе» «Барселона»га Испания Суперкубогидаги ғалабаси учун чемпионлик йўлаги уюштириб, ҳурмат бажо келтирди, аммо майдонда кўк-анорранглиларга шиддатли кураш таклиф этди. Каталонияликлар Мадрид чеккасидан бўлган ушбу жамоа майдонида олти йил мобайнида тўрт ўйинда гол ура олмаганди. Бунга марказий ҳужумчи позициясида пайдо бўлган Кунде чек қўйди, у ла лиганинг бу мавсумида ҳимоячилар орасида ўнта голли ҳаракат амалга оширган илк футболчи бўлиб олди (3+7).
Аммо тўлиқ устунликка эришилганига қарамай бир гол ғалабани кафолатлай олмади. Рафиня қулай вазиятда бош билан хато зарба берганидан кейин «Хетафе» камдан кам ҳужумларидан бирида ҳисобни тенглаштирди. Иняки Пеня ажойиб сейв амалга оширди, аммо қайтган тўпга зарба берган Арамбарри қаршисида ожиз қолди. Уругвайлик яримҳимоячи мавсум ярмига келиб, бешинчи голини урган ҳолда энг сермаҳсул мавсумини ўтказмоқда. Қолган вақт давомида унинг жамоаси ҳисобни сақлаб қолиш учун борини майдонга ташлади ва мақсадига эришди. Шу куни Ямалнинг сеҳри ҳам иш бермади. У кетма-кет зарбалар йўллади, аммо ҳимоячилар тўсиғидан ўта олмади. Ўйин охирида де Йонг ва Рафиня ҳам ўз имкониятларидан фойдалан олмади. Ла лигада сўнгги 8 баҳсда атиги 1 марта ғалаба қозонган «Барса» «Атлетико»га етишига ҳали анча бор, шанба кунги натижалар эса «Реал»нинг фойдасига ишлади.

Италия: «Ювентус» Консейсау магиясига қарши
«Ювентус» – «Милан» 2:0
Голлар: 1:0 – 59 Мбангула, 2:0 – 64 Веа.
«Ювентус» – Ди Грегорио, Камбьязо, Калулу, Гатти, Маккенни, Тюрам (Фаджоли, 83), Локателли, Копмейнерс (Дуглас Луис, 75), Мбангула, Йилдиз (Веа, 46), Гонсалес (Влаҳович, 83).
«Милан» – Менян, Тео, Томори, Габбия, Эмерсон (Камарда, 74), Рейндерс (Терраччано, 80), Фофана, Беннасер (Хименес, 63), Рафаэл Леау, Абраҳам (Йович, 80), Муса.
Яқинда ушбу жамоалар суперкубок яримфиналида тўқнашган, бу ўйин Сержиу Консейсаунинг «Милан» бошқарувидаги илк ўйинида ирода кўрсатиб ғалаба қозониши билан якунланганди (2:1). Навбатдаги тўқнашувнинг биринчи бўлимида ҳар икки томонда ҳам ҳисобни очиш учун етарлича вазиятлар бўлди, иккинчи бўлимда эса «Ювентус»нинг қўли баландроқ келди. Бянконерилар сафида Мбангула рикошет ёрдамида Менянни иложсиз аҳволда қолдирди.
Тиагу Мотта жамоаси бу мавсумда ҳисобни очган ўйинларида жуда кўп бор очко йўқотгани билан ажралиб туради. Йигирма ўйинда ҳисоб очилганидан кейин 13 дуранг қайд этилган — бу ҳақиқий аномалия. Аммо бу сафар «Кекса синиора» ғалабани мустаҳкамлаш учун ҳаракат қилди, жамоа сафидаги таниқли футболчиларнинг фарзандлари россонериларни нокаутга учратди. Кефрен Тюрам Веани қулай вазиятга чиқарди, у эса финт ишлатиб Томорини ортда қолдирди ва дарвозабондан илдамроқ ҳаракат қилди. Суперкубокдаги мағлубият учун реванш олинди, Консейсау эса «Милан» бош мураббийи сифатида илк бор ютқазди. Унинг жамоаси ҳамон еврокубокларга йўлланма берувчи ҳудуддан ташқарида, «Юве» эса камида «Лацио»нинг якшанба кунги ўйини охирига қадар кучли тўртликка кириб олди. Туринликлар тарихда илк бор А серияда қаторасига тўрт ўйинда россонерилардан гол ўтказиб юбормади.
«Аталанта» – «Наполи» 2:3
Голлар: 1:0 – 16 Ретеги, 1:1 – 27 Политано, 1:2 – 40 Мактоминей, 2:2 – 55 Лукман, 2:3 – 78 Лукаку.
«Аталанта» – Карнезекки, Скалвини (Брешианини, 83), Хин, Жимшити, Самаржич (Пашалич, 77), Руджери (Дзаппакоста, 68), де Рон, Эдерсон, Белланова, Лукман (Дзаниоло, 77), Ретеги (де Кетеларе, 68).
«Наполи» – Мерет, Оливера, Жезус, Ррахмани, Ди Лоренцо, Мактоминей, Лоботка, Замбо-Ангисса, Нерес (Спинаццола, 73), Лукаку (Симеоне, 84), Политано (Маццокки, 82).
Огоҳлантиришлар: Нерес (42), Жимшити (64), Руджери (66), Конте (73), Скалвини (76), Хин (85), Мактоминей (88).
Турнинг асосий ўйинида турнир жадвалининг юқори қисмидаги икки жамоа тўқнашди. Чемпионат пешқадами, ҳафта ўртасида «Интер»нинг дуранги кўринишида совғани қабул қилиб олган «Наполи» ўтган ойда ҳам турнир жадвалига пешқадамлик қилиб турган «Аталанта» меҳмони бўлди. Бергамоликлар охирги уч ўйинида дуранг ўйнади ва ўзи учун ҳал қилувчи ўйинда Антонио Контенинг ҳимоя бетонини бузиш мақсадида майдонга тушди. Ўйин бошида Ретегининг зарбаси билан бу вазифа уддаланди. Аммо унга худди шундай гол билан Политано жавоб қайтарди.
Жавоб голига бу мавсумда Кварацхелиянинг йўқлигини билинтирмаслиги керак бўлган Давид Нерес ҳаммуаллифлик қилди. Бўлим охирида эса Замбо-Ангисса ҳам Хвичанинг севимли нуқтасидан Мактоминайга голли пас берди ва «Наполи» танаффусга қадар ўйинда бурилиш ясади. Аммо танаффусда Жан Пиеро Гасперини ўз жамоасига керакли кўрсатмаларни берди ва иккинчи бўлим бошида Лукман жарима майдонига ёриб кириб, атрофини рақиб ҳимоячилари ўраб турганига қарамай, аниқ зарба йўллашга эришди.
Ўйин 2:2 ҳисоби билан якунланмаслиги кўриниб турарди ва шундай бўлди ҳам. Замбо-Ангисса — яна чап қанотдан Лукакуга намунали узатма берди. Белгиялик ҳужумчи ўз ишини тўғри бажариб, ғалабани таъминлади «Наполи» ноябр ойидаги 0:3 учун реванш олди ва биринчи ўринни мустаҳкамлади.

Германия: аутсайдердан ақл бовар қилмас камбэк
«Бавария» – «Волфсбург» 3:2
Голлар: 1:0 – 20 Горетцка, 1:1 – 24 Амура, 2:1 – 39 Олисе, 3:1 – 62 Горетцка, 3:2 – 88 Амура.
«Бавария» – Нойер, Дэвис, Ким Мин Чжэ, Упамекано, Лаймер, Горетцка, Киммих, Коман (Мусиала, 75), Олисе, Сане (Гнабри, 67), Кейн.
«Волфсбург» – Грабара, Мэле, Кулеракис, Вавро, Фишер, Арнолд, Герхардт (Вранкс, 63), Дардаи (Сванберг, 71), Виммер (Винд, 71), Амура, Нмеча (Тиагу Томаш, 63).
Огоҳлантиришлар: Мэле (45+2), Виммер (61), Киммих (79), Лаймер (83), Фишер (90+5).
«Волфсбург» йилни икки ғалаба билан бошлаб, еврокубокларга йўлланма берувчи ўринларга яқинлашиб олди. «Бўрилар» жамоаси Мюнхенда ҳам илк дақиқалардаги штурмдан чўчимади, узоқ масофадан йўллаган зарбаси билан ҳисобни очган Горецкага жарима зарбасини ажойиб ижро этиш ва Амурани зарба бериш нуқтасига олиб чиқиш билан жавоб қайтарди. Лекин Венсан Компани жамоаси ҳозирда кўтарилиш даврида ва унинг кучли прессинги ҳамда ҳужумдаги босимига дош бериш қийин. Натижада — танаффусга қадар мезбонлар яна ҳисобда олдинга чиқиб олишди, Олисенинг ҳимоячилар ортидан йўллаган зарбаси дарвозабонни қийин аҳволда қолдирди. Лекин Грабара бир неча вазиятда қутқарди, бўлим охирида эса Киммиҳнинг голи бекор қилинди. Барибир иккинчи бўлим бошида учинчи гол урилди, Олисе жарима зарбасини ижро этди, Горецка бош билан аниқ зарба йўллаб, дублни нишонлади. Амуранинг дубли эса ҳеч нарсани ўзгартира олмади. «Бавария»нинг пешқадамлигига ҳеч нарса хавф солмаяпти.
«Байер» – «Боруссия» М 3:1
Голлар: 1:0 – 32 Виртц, 2:0 – 62, пеналти Виртц, 3:0 – 74 Шик, 3:1 – 90+1 Кляйндинст.
«Байер» – Градецки, Грималдо (Алеиш Гарсия, 81), Тапсоба, Та, Артур, Чака (Паласиос, 81), Андрих, Виртц (Ҳофманн, 81), Телла (Фримпонг, 63), Тере (Инкапиэ, 8), Шик.
«Боруссия» М – Николас, Улрих (Нетц, 75), Элведи, Итакура, Лайнер, Ҳак (Штегер, 75), Зандер (Фукуда, 87), Вайгл, Райтц (Кяродиа, 81), Чванчара (Плеа, 75), Кляйндинст.
Огоҳлантиришлар: Чванчара (59), Лайнер (90+3).
Кунни якунлаб берган леверкузенликлар эса «Бавария»га орадаги тўрт очколик фарқни йириклаштириб олишга имкон бермади. Ҳаби Алонсо жамоаси Менҳенгладбаҳнинг «Боруссия» клубига имкон қолдирмади, рақиблар Вирцнинг бенефиси қаршисида ожиз эди. У аввалига Чаканинг анча ичкаридан узатган пасини қабул қилиб, Итакурани болаларча алдаб ўтди ва ҳисобни очди. Кейин — пеналтини аниқ ижро этди. Иккинчи бўлим ўрталарида эса Флориан Шикни қулай вазиятга чиқариб юборди, Бонифейснинг йўқлигини билдирмаётган чехиялик ҳужумчи амалда ўйин тақдирини ҳал қилди.
«Боҳум» – «Лейпциг» 3:3
Голлар: 0:1 – 10 Орбан, 0:2 – 13 Нуса, 0:3 – 21 Баумгартнер, 1:3 – 48 Боаду, 2:3 – 56 Боаду, 3:3 – 61, пеналти Боаду.
«Боҳум» – Древес, Бернардо, Ордец, Эрманн, де Вит (Дашнер, 90+2), Виттек, Сиссоко, Беро, Пасслак (Холтманн, 46), Брошински (Машович, 89), Боаду (Хофманн, 90+2).
«Лейпциг» – Гулачи, Орбан, Клостерманн, Зайвалд, Нуса, Симонс, Раум, Кампл, Вермерен (Айдара, 68), Баку (Поулсен, 73), Баумгартнер.
Огоҳлантиришлар: Беро (9), Пасслак (20), Сиссоко (69), Ордец (90+2).
Боҳумдаги ўйиндан алоҳида натижа кутилмаётганди. «Лейпциг» биринчи бўлим ўрталаридаёқ ҳисобни йириклаштириб қўйди. Аммо уч гол фарқи меҳмонларни хотиржамликка берилишга ундади, иккинчи бўлимда эса нидерландиялик Боаду ўн уч дақиқа ичида ҳет-трик расмийлаштирди. Меҳмонлар турнир жадвалининг сўнгги ўрнида келаётган «Боҳум»нинг биринчи голи урилган ҳужумда элементар вазиятда қўпол хатога йўл қўйишди. «Боҳум»нинг кейинги голлари қарши ҳужумларда ўтказиб юборилди. Кутилмаган очко йўқотишдан кейин «Лейпциг» ЕЧЛга йўлланма берувчи ўринларни тарк этди. Сўнгги турларни кучли ўтказган «Штутгарт» тўртинчи ўринга кўтарилиб олди. Параллел ўйинда шваблар «Фрайбург»ни йирик ҳисобда таслим этишди (4:0) - жамоа январдаги барча уч ўйинида ғалабага эришган.

Мавзуга оид
14:18 / 01.06.2026
«Кейинги йил ЕЧЛ учун қайтамиз». «Арсенал» Лондонда чемпионлик паради ўтказди
15:43 / 31.05.2026
Парижда «ПСЖ» фанатлари тартибсизлик келтириб чиқарди – фотолар
00:04 / 31.05.2026
«ПСЖ» кетма-кет икки марта ЕЧЛ ғолиби бўлди
12:01 / 25.05.2026