Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Равшан Аскеров Россияда «террорчилар ва экстремистлар» рўйхатига киритилди
Росфинмониторинг Леонид Гозман ва Равшан Аскеровнинг қора рўйхатга киритилиши сабабларини очиқламади. Гозман Россия армияси ҳақидаги «фейклар» учун сиртдан қамоқ жазосига ҳукм қилинган, Аскеров урушга қарши қарашлари билан танилган.
Росфинмониторинг сиёсатчи Леонид Гозман ва «Нима? Қаерда? Қачон?» ўйинининг собиқ иштирокчиси Равшан Аскеровни «террорчилар ва экстремистлар» рўйхатига киритди. Уларнинг исм-шарифлари ёнида юлдузча бор, бу уларга нисбатан «терроризм» моддалари билан жиноят иши очилганини билдиради. Департамент бу қарорнинг сабабини очиқламади. Гозман ва Аскеровнинг Россиядаги барча банк ҳисоблари музлатилади.
Леонид Гозман Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан кейин Россияни тарк этди, лекин кейин қайтиб келди ва бу «ахлоқий танлов» эканлигини тушунтирди. Россия расмийлари Гозманни «чет эл агенти» деб эълон қилди, унга ва унинг рафиқасига икки фуқаролик ҳақида хабар бермагани учун жиноий иш қўзғатди, сўнгра уларни ижтимоий тармоқлардаги постлари учун икки марта маъмурий қамоққа олди.
Шундан сўнг Гозман Россияни тарк этди ва Россия ҳукумати томонидан қидирувга берилган. 2024 йил июл ойида Гозман Россия армияси ҳақида «фейк» хабар тарқатишда айбланиб, сиртдан 8,5 йилга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилинди, бироқ бу модда «экстремизм» ёки «терроризм»га тааллуқли эмас.
Аскеровнинг урушга қарши баёнотлари
«Нима? Қаерда? Қачон?»нинг собиқ ўйинчиси Равшан Аскеров урушга қарши баёнотлари билан танилган. 2022 йилда унга нисбатан Иккинчи жаҳон уруши даврида совет қўмондонлиги ва шахсан маршал Жуков номига қилинган танқидий баёнотлар туфайли «нацизмни реабилитация қилиш» моддаси бўйича жиноий иш очилган. Москванинг Басманний суди уни сиртдан ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди. Аскеров Россия Адлия вазирлиги томонидан «чет эл агентлари» рўйхатига киритилган. У «чет эл агенти»нинг ишлаш қоидаларига риоя қилмагани учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
2011 йилдан бери нашр этилаётган Росфинмониторинг реестрига «экстремистик» ва «террорчилик» фаолиятида айбланганлар киради. Ушбу рўйхатга киритиш барча ҳисоблар музлатилишини ва мулкни тасарруф этишда чекловлар бўлишини англатади. 2024 йил охирига келиб, Росфинмониторинг рўйхатига 600 дан ортиқ ташкилот ва 16 мингдан ортиқ киши киритилган. "Верстка" ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йилда «террорчилар ва экстремистлар» рўйхатига рекорд даражадаги фуқаролар қўшилган – 3152 киши.
Мавзуга оид
19:29 / 22.09.2025
Россия ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодир – Путин
15:20 / 22.09.2025
Қрим «ҳокимияти» Украина Форосга зарба берганини маълум қилди
14:35 / 22.09.2025
Германия Болтиқ денгизидаги Россия самолёти туфайли қирувчиларини ҳавога кўтарди
12:25 / 22.09.2025