Ўзбекистон | 17:12 / 25.01.2025
3358
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британия ўзбекистонликлар учун мавсумий ишларга квоталар сонини оширади

Миграция агентлиги ва Британия рекрутинг компаниялари вакиллари номзодларни топиш, саралаш, имтиҳон жараёнларини шаффоф ташкил қилишга келишиб олди.

Буюк Британиядаги рекрутинг компаниялар вакиллари билан онлайн учрашув ташкил қилинди, деб хабар беради Миграция агентлиги.

Қайд этилишича, мулоқот Миграция агентлиги, Халқаро миграция ташкилоти, Буюк Британиянинг Seasonal Workers Scheme лойиҳаси доирасида фаолият юритувчи расмий операторлар ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ALP (Ишчи кучи етказиб берувчилар асоциация) ҳамда GLAA (Меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ташкилот) ташаббуси билан ўтказилган.

Фото: Миграция агентлиги

Унга Буюк Британиянинг Ўзбекистон билан ишлаб келаётган икки компанияси билан бир қаторда Agri-HR-Ltd, Fruitful jobs LTD, Concordia Charity каби янги рекрутинг ташкилотлари раҳбарлари ҳам жалб қилинган.

«Англиядаги мавсумий ишларга ўзбекистонликларни жалб қилиш механизмлари атрофлича муҳокама қилинди. Номзодларни топиш, саралаш, имтиҳон жараёнларини шаффоф ташкил қилиш бунда муҳим ўрин тутиши қайд этилди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, агентлик раҳбарияти Англиянинг Ўзбекистон билан ишлаш истагидаги барча рекрутинг операторлари билан шартнома тузиб, мамлакат фуқаролари учун ажратиладиган квоталар сонини кўпайтиришга келишиб олган.

Аввалроқ Миграция агентлиги ва HOPS рекрутинг компанияси 10 январ куни Ўзбекистон фуқароларига яхши даромад ва осон шартларда Англияга мавсумий иш ўринлари учун танлов ўтказганди. Кўр ўтмай 3 миллионга яқин ўзбекистонлик ариза топширган танлов натижалари бекор қилинди. Миграция агентлиги сабаб сифатида платформада техник муаммолар бўлганини кўрсатган, Англия компанияси эса жараёнга “учинчи шахсларнинг аралашуви ҳақида ишончли хабарлар” олганини билдирган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид