Жаҳон | 20:56 / 27.01.2025
2145
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ўз мигрантларини қабул қилишдан бош тортган давлатларга санкциялар киритади

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери сўзларига кўра, президент Доналд Трамп бу масалада ўз мамлакати манфаатларини биринчи ўринга қўймоқда.

Фото: Reuters

АҚШ Конгресси Америка Қўшма Штатларида ноқонуний бўлиб турган ўз фуқароларини қайтариб олишни истамаган давлатларга қарши санкциялар қўллашга тайёр. Бу ҳақда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон маълум қилди.

«Колумбия ва бошқа барча давлатлар билиши керакки, Конгресс АҚШ ҳудудида ноқонуний бўлиб турган ва депортация қилинган ўз фуқароларини қабул қилиш талабини бажармаган мамлакатларга қарши санкциялар ва бошқа чоралар қўллашга тайёр», деб ёзди у ижтимоий тармоқда.

Жонсон қўшимча қилдики, президент Доналд Трамп Қўшма Штатлар манфаатларини биринчи ўринга қўймоқда ва Конгресс «унинг кун тартибидаги сиёсатни амалга оширади».

Аввалроқ, Колумбия президенти ноқонуний мигрантларга тўла иккита АҚШ ҳарбий самолётини ўз ҳудудига киришига рухсат бермаган эди. Шундан сўнг, Доналд Трамп Колумбияга қарши виза чекловлари билан бож тарифлари киритилишини эълон қилди. Шундан сўнг, Колумбия президенти ўз фикридан қайтди ва агар зарурат туғилса, мигрантларни қайтариш учун ўз самолётини юборишга тайёрлигини маълум қилди.

Мавзуга оид