Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Reuters: Хитой ва Ҳиндистон Россиядан нефт сотиб олишни тўхтатди
Нефт хариди тўхтатилишига АҚШ санкцияларига тушмаган танкерларда юк ташиш нархи ошиб кетгани сабаб бўлмоқда.
Хитой ва Ҳиндистон март ойидаги етказиб беришлардан бошлаб Россия нефти харидини тўхтатади. Бу ҳақда Reuters агентлиги трейдерларга таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, нефт хариди тўхтатилишига Америка санкцияларига тушмаган танкерларда юк ташиш нархи ошиб кетгани сабаб бўлмоқда.
Ҳиндистоннинг Brant Petroleum Corp. нефтегаз компанияси март ойидаги етказиб беришлар бўйича янги таклифлар йўқлигини маълум қилди. Компания декабр ва январ ойларига нисбатан юк ҳажми қисқаришини кутмоқда. Одатда Ҳиндистон Россия нефтининг етказиб берилиши бўйича таклифларни ҳар ой ўрталарида олар эди.
10 январ куни АҚШ Россиянинг «соядаги флоти» кемаларига ва нефтегаз саноатига қарши санкциялар жорий этгач, чекловларга тушмаган танкерларда юк ташиш нархи «бир неча миллион долларга» ошиб кетди. Бу табиийки, Россиянинг ESPO нефт хомашёсининг нархи бир баррели учун ICE Brent маркасига нисбатан 3-5 долларга қимматлашишига олиб келди.
2024 йилда Ҳиндистон нефт импортининг 36 фоизи ва Хитой импортининг қарийб 20 фоизи Россия ҳисобига тўғри келган.
АҚШ Молия вазирлиги 10 январ куни «Сургутнефтегаз» ва «Газпром нефт» компанияларига, шунингдек, Россия «соядаги флоти»нинг 183 та кемасига таъсир кўрсатувчи навбатдаги санкциялар пакетини эълон қилди. Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, натижада жаҳон нефт танкерлари флотининг қарийб 10 фоизи санкцияга учраган. Янги санкциялар жорий этилганидан кейин Хитой ва Россия соҳилларида камида 65 та нефт танкер тўхтаб қолди.