Жаҳон | 11:30 / 28.01.2025
2409
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи давлатлари Сурияга қарши санкцияларни юмшатишга келишиб олди

Европа Иттифоқи Кенгаши йиғилишида Сурияга қарши санкцияларнинг бир қисмини босқичма-босқич бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу мамлакатнинг янги ҳокимияти учун карт-бланш эмас, дея огоҳлантирди Брюссел ва чоралар қайта тикланиши мумкинлигини билдирди.

Фото: Getty Images

Сурия президенти Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан етти ҳафта ўтиб, Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари мамлакатга нисбатан санкцияларни босқичма-босқич юмшатиш бўйича келишувга эришди. ЕИ кенгашининг 27 январ, душанба куни Брюсселда бўлиб ўтган йиғилишида Сурия бўйича санкцияларни бекор қилиш бўйича йўл харитаси келишиб олинди, деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас.

Жазо чоралари қайта тикланиши мумкин

Унинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи чекловчи чораларни юмшатиш масаласида «тезкорлик билан ҳаракат қилишга тайёр», аммо Дамашқдаги янги ҳокимият «нотўғри қадамлар қўйса» Сурияга қарши санкцияларни бекор қилиш қарори қайта кўриб чиқилиши мумкин. Каллас, шунингдек, Европа Иттифоқининг Дамашқдаги миссияси қайта тикланиши мумкинлигини ҳам маълум қилди.

Dpa қайд этганидек, санкциялар режимини юмшатиш орқали Европа Иттифоқи Суриянинг янги ҳукуматига демократияни барпо этиш учун имтиёзлар бермоқчи. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи бунинг натижасида юз минглаб суриялик қочқинлар ватанларига қайтишига умид қилмоқда.

Ўз навбатида, Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Баррот, биринчи навбатда, энергетика, транспорт сектори ва молия институтларига нисбатан жазоларни бекор этиш таклиф қилинаётганини таъкидлади. Reuters хабарига кўра, авиакомпанияларга, жумладан, Syrian Arab Airlines'га нисбатан санкциялар бекор қилиниши, нефт эмбаргоси ​​қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид