Жаҳон | 22:10 / 29.01.2025
3296
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин КХДР ядровий қалқонини мустаҳкамлашни буюрди

Шимолий Корея етакчисининг сўзларига кўра, республикада ядровий материаллар ишлаб чиқариш режасини янада ошириш керак.

Фото: KCNA

Шимолий Корея ташқи таҳдидлар сони ортиб бораётгани сабаб ядровий қарама-қаршиликка тайёрлигини ошириши керак. Бу ҳақда КХДР етакчиси Ким Чен Ин маълум қилди, деб хабар беради Корея Марказий телеграф агентлиги.

Қайд этилишича, Ким Чен Ин ядровий материаллар ишлаб чиқариш базаси ва ядровий қурол тадқиқот марказига ташрифи давомида ушбу мавзуни кўтарган. Унинг айтишича, ядровий материаллар ишлаб чиқариш режасини янада ошириш ва «мамлакатнинг ядровий қалқонини мустаҳкамлашда новаторлик натижаларига эришиш» керак.

Ким Чен Иннинг таъкидлашича, республиканинг мазкур йўналишдаги потенциали «кундан кунга мустаҳкамланиб бормоқда».

«Миллий суверенитет, манфаатлар ва ривожланиш ҳуқуқини ишончли кафолатлайдиган ядровий қалқонни мунтазам равишда мустаҳкамлаб бориш жуда муҳим», — дейди КХДР етакчиси. Шунингдек, у миллий нуфузни ошириш ва миллий манфаатлар ҳимояси учун хавфсизликнинг янги хатарларига стратегик тайёргарлик кўриш зарурлигини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, Шимолий Корея 14 январ куни Япон денгизи томон бир нечта қисқа масофали баллистик ракеталарни учирган эди. Ўшанда ракеталар денгизга тушишдан олдин тахминан 250 километр учиб ўтганди.

Мавзуга оид