«Сити» ва «ПСЖ» плей-оффсиз қолиши мумкин. ЕЧЛнинг сўнгги туридаги асосий интригалар
Баҳорги ўйинларда қатнашиш учун топ клубларга қандай натижалар керак? «Реал» кучли саккизликка кира оладими?

29 январ куни Чемпионлар лигасининг умумий гуруҳ босқичи якунланади. Шу куни охирги турдаги барча ўйинлар бир вақтда (Тошкент вақти билан 30 январга ўтар кечаси соат 01:00 да бошланади) ўтказилади ва плей-оффда иштирок этадиган барча 24 клуб номи маълум бўлади. Уларнинг дастлабки саккизтаси тўғридан тўғри 1/8 финалга йўл олади, қолган 16 таси ўтиш ўйинларида қатнашади.
Январ ойи охиридаги Чемпионлар лигаси ўйинлари — ноодатий воқеа, аммо турнирнинг янги формати буни реалликка айлантирди. Бунга турлича қараш мумкин, аммо унинг асосий плюси — умумий босқичнинг охирги турига қадар интригалар сақланиб қолганидир. Сўнгги турда ҳақиқий сенсация билан якунланиши мумкин бўлган қатор қизиқарли сюжетлар мавжуд.
Кимлар аллақачон плей-оффда?
18 клуб плей-офф йўлланмасини ҳал қилган. Аммо фақат икки жамоа иштирокини бирданига 1/8 финалдан бошлашини кафолатлаган. Олдинги етти ўйинда етти ғалабага эришган «Ливерпул» сўнгги турда ПСВ билан ўйинда бир очко олса ҳам биринчи ўринни ўзида сақлаб қолади. Ёки сўнгги турда «Барселона»дан ёмонроқ ўйнамаса.
Кўк-анорранглилар ҳам «Аталанта» билан ўйинда ютқазмаса, иккинчи ўриндан тушиб кетиши қийин. Гап шундаки, уларда тўплар нисбати (+15) учинчи ва тўртинчи ўринларда икки очколик фарқ билан таъқиб қилаётган «Арсенал» (+12) ва «Интер»никидан (+7) яхшироқ. Дарвоқе, Англия ва Италия клублари сўнгги турда мос равишда «Жирона» ва «Монако»га ютқазмаса, топ-8’даги ўрнини сақлаб қолади.
- «Ливерпул» (1/8 финал)
- «Барселона» (1/8 финал)
- «Арсенал»
- «Интер»
- «Атлетико»
- «Милан»
- «Аталанта»
- «Байер»
- «Астон Вилла»
- «Монако»
- «Фейеноорд»
- «Лилл»
- «Брест»
- «Боруссия» Дортмунд
- «Бавария»
- «Реал»
- «Ювентус»
- «Селтик»
Кимлар плей-оффда ўйнамаслиги аниқ?
Бу жамоалар энди ҳар қандай ҳолатда ҳам топ-24’га кира олмайди. Улар учун охирги тур турнир нуқтайи назаридан ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.
- «Болоня»
- «Спарта»
- «РБ Лейпциг»
- «Жирона»
- «Црвена Звезда»
- «Штурм»
- «Ред Булл Залцбург»
- «Слован»
- «Янг Бойз»
Очколар тенг келиб қолган тақдирда қандай кўрсаткичларга қаралади?
- Тўплар нисбати;
- Урилган голлар сони;
- Сафардаги голлар сони;
- Ғалабалар сони;
- Сафардаги ғалабалар сони;
- Рақиблар ишлаган очколар сони*;
- Рақиблар урган ва ўтказиб юборган голлар нисбати*;
- Рақиблар урган голлар сони*;
- Интизомий балллар;
- Клуб коэффициент.
*гап ҳар бир клубнинг барча саккиз рақиби ҳақида кетмоқда. Агар шартли «Ливерпул» ва «Барселона» 21 тадан очко жамғарса ва дастлабки беш банд бўйича кўрсаткичлари тенг келса, унда уларнинг саккиз турдаги рақибларининг турнирнинг умумий босқичидаги натижаларига эътибор қаратилади. Рақиблари яхшироқ натижа қайд этган клуб юқорироқда жойлашади.
Манчестерда сенсация бўлиши мумкинми?
«Манчестер Сити» «ПСЖ»дан учралган мағлубиятдан кейин ноқулай вазиятга тушиб қолган: клуб энди ўтиш ўйинларига йўлланма берадиган охирги ўриндан икки очкога ортда қолмоқда ва евробаҳорсиз қолиши ҳам мумкин. «Брюгге»га қарши кечадиган охирги турда (Абдуқодир Ҳусанов гуруҳ босқичи учун қайдномага киритилмаган, у фақат плей-оффдаги ўйинларда қатнашиши мумкин) жамоани ғалабадан бошқа ҳеч қандай натижа қониқтирмайди. Ғалаба қозониш эса осон эмас.
Биратўла икки омил «шаҳарликлар»га қарши: биринчидан, жамоа бу мавсумда ўйинни назорат қилишда жуда ёмон кўрсаткич қайд этмоқда (ЕЧЛда «Фейеноорд» билан 3:0 ҳисобини ушлаб қололмади; «ПСЖ» билан ўйинда 2:0 ҳисобидаги устунлик мағлубиятга айланди), иккинчидан, «Брюгге» жуда юқори формада, жамоа охирги бор октябрда ютқазган — ўшанда ҳам белгияликлар «Милан»дан яхшироқ ўйнаган, аммо Онедики майдондан четлатилиши барчасини ҳал қилганди.
Гвардиола нима ўйлаб топар экан, кўрамиз — АПЛнинг охирги турида «Челси»га қарши ўйиндаги ғалаба ҳам у қадар ишончли кўринмади. «Брюгге» эса бор эътиборини жамлаши ва қаттиқ қаршилик кўрсатиши кутилмоқда — белгияликларнинг ўзига ҳам кейинги босқич йўлланмаси учун камида бир очко керак.
«ПСЖ» топ-24’да қолишни уддалайдими?
Париж клуби умумий гуруҳда 22-поғонада турибди. Плей-офф йўлланмасидан қуруқ қолмаслик учун жамоа ҳозирда ўзидан пастда жойлашган жамоалардан иккитадан ортиғини ўзидан олдинга ўтказиб юбормаслиги талаб этилади. Агар «ПСЖ» «Штутгарт»ни Германияда мағлуб эта олса, топ-24 да қолиши аниқ. Буниси тушунарли. Агар ўйин дуранг билан якунланса, унда французлар клуби тўплар нисбатига кўра немислардан юқорироқда жойлашади. Загребнинг «Динамо» клуби охирги турда ўз уйида «Милан»ни мағлуб этолса, очколар сони бўйича парижликларга етиб олиши мумкин. Аммо «ПСЖ»ни қувиб ўтиш учун хорватлар клуби бу рақибни 10 та гол фарқи билан енгиши талаб этилади. Бунинг эса эҳтимоли деярли йўқ.
Шундай экан, «ПСЖ»га Германияда ютқазмаслик етарли. Мағлубиятга учраган тақдирда эса французлар жамоасининг имкониятлари сезиларли даражада қисқаради. Мағлубият одатда ҳар мавсумда турнир фаворитларидан бири сифатида кўриладиган жамоани плей-оффдан ташқарида қолдириши эҳтимоли юқори, аммо муайян шартлар бажарилган ҳолатда «ПСЖ» барибир топ-24 да қолиши мумкин. Масалан, парижликлар клуби бир гол фарқи билан ютқазса, «Сити» ва «Спортинг» эса ўз ўйинларида ғалаба қозонса. «ПСЖ» бирданига уч жамоани олдинга ўтказиб юборади. Аммо агар «Динамо» «Милан»ни енга олмаса, «Бенфика» эса Туринда «Ювентус»га икки тўп фарқи билан ютқазса, португаллар қўшимча кўрсаткичлар эвазига «ПСЖ»дан ортда қолади, парижликлар эса 24-ўринни эгаллайди. «Шахтёр» ҳам назарий жиҳатдан француз клубига очколар бўйича етиб олиши мумкин. Бунинг учун украинлар «Боруссия»ни Дортмундда енгиши керак, лекин жамоада тўплар нисбати «ПСЖ»дагидан (+2) анча ёмонроқ (-6) .
«ПСЖ» эса «Сити» устидан қозонилган ғалабадан кейин ўзига ишонч ортгани аниқ. Ҳозирча айнан парижликлар фаворит бўлиб кўринмоқда, аммо Энрике шогирдлари ўйин борасидаги устунлигини якуний ғалабага айлантира олмаслиги кўп кузатилган.
«Штутгарт» плей-оффга қандай йўл олади?
Немислар клуби мураккаб вазиятда. «Штутгарт» ва «ПСЖ» тўплаган очколар сони 10 тадан. Ўзаро ўйиндаги ғалаба жамоани плей-оффга олиб чиқиши аниқ. Агар дуранг қайд этилса нима бўлади? «Штутгарт» тўплар нисбатига кўра «ПСЖ»дан қуйироқда жойлашади. Агар «Сити» «Брюгге» билан ўйинда уч очко олса, инглизлар ҳам немисларни қувиб ўтади. Кейин эса ПСВ, «Бенфика» ва «Спортинг» клублари охирги турда қандай натижа кўрсатишига қараш керак бўлади. Ва тўплар нисбатини ҳам ёддан чиқармаслик керак. Назарий жиҳатдан, «Штутгарт» охирги турда ютқазса, «Сити» эса ўз ўйинида ғалаба қозонса ҳам, топ-24 да қолиши мумкин. Бунинг учун «Спортинг» ёки «Бенфика» йирик ҳисобда ютқазиши, «Динамо» «Милан» билан ўйинда ғалаба қозона олмаслиги талаб этилади. Португал клубларига плей-оффга чиқиш учун бир очко ҳам етарли. Бундай ҳолатда улар «Штутгарт» — «ПСЖ» жуфтлигидан қайсидир биридан юқорида бўлади.
«Штутгарт» аллақачон топ-клублар билан тенгма-тенг кураша олишини намойиш этган: «Реал» билан муносиб ўйнаган ва сафарда «Ювентус»ни мағлуб этган, шу билан бирга, кутилмаганда «Црвена Звезда»га 1:5 ҳисобида ютқазиб қўйган.
«Реал» кучли саккизликка кира оладими?
«Реал» ҳозирда 12 тадан очко жамғарган жамоалар бешлигида. Мадридликларни 1/8 финалга йўлланма берувчи саккизинчи ўриндан атиги бир очко ажратиб турибди. Испанлар сўнгги турда «Брест» билан ўйнайди ва қоғозда ушбу учрашувнинг яққол фаворити саналади. Шу билан бирга, ўз ўйинидаги ғалаба жамоага плей-оффга тўғридан тўғри йўлланмани кафолатламайди — 15 тадан очко тўплайдиган жамоалар бир неча бўлиши аниқ ва шу ерда тўплар нисбати ўртага чиқади, бу борада эса мадридликларда кўрсаткичлар яхши эмас. Яъни улар охирги турда йирикроқ ҳисобда ғалаба қозониши керак бўлади.
«Реал» 17 гол урган ва 12 та ўтказиб юборган. «Плюс 5» — яхши кўрсаткич, аммо идеал эмас — рақобатчилардан «Боруссия» Д (+8), «Байер» (+6) ва «Бавария»да (+6) вазият яхшироқ. 14 очкоси бор «Аталанта»да эса «плюс 14». Умуман олганда, Мбаппе ва Винисиус Жуниор бу оқшом «Брест» дарвозасига кўпроқ гол уриш учун энг яхши бутсаларини кийиб чиқиши керак бўлади.
«Арсенал» ўрнини сақлаб қоладими?
«Арсенал» 16 очко билан умумий жадвалда учинчи ўринда жойлашган. 1/8 финалда ўйнаш учун 8-турда «Жирона» майдонида ютқазмаслик кифоя қилади. Каталонияликларда эса ҳеч қандай мотивация йўқ. Артета эса бу ўйинга кучли таркиб туширишни кўзлаган. Ғалаба плей-оффга юқорироқ ўринда чиқишдан ташқари, қўшимча мукофот пуллари ҳам демакдир - ҳар бир ғалаба учун 1,8 млн фунт тўланади, 1/8 финал йўлланмаси эса клуб хазинасини яна 9,3 млн фунтга бойитади.
«Интер» «Монако»ни 1/8 финалсиз қолдирадими?
«Интер» плей-оффдаги иштирокини 99 фоизга кафолатлаган. «Монако» билан учрашувдаги мағлубият ҳам миланликларни топ-8’дан чиқариб юбориши қийин. Монегаскларга эса уч очко сув ва ҳаётдек зарур, акс ҳолда жамоа 1/16 финалда икки ўйин ўтказиши талаб этилади. «Интер» ЕЧЛнинг етти ўйинида атиги битта гол ўтказган. Шундай экан, чоршанба оқшомида монегаскларни жуда қийин ўйин кутмоқда.
«Бавария» ҳам топ-8’га кириш учун уриниб кўради
Катта эҳтимол билан «Бавария»ни ҳам Чемпионлар лигасида қўшимча икки ўйин кутмоқда. Сўнгги турда мюнхенликлар уйда Братиславанинг «Слован» клубини қабул қилади ва бу мезбонлар учун чигалёзди машғулотидек ўтиши тайин. Аммо барчаси «Бавария»нинг ўзига боғлиқ эмас ва ғалаба ҳам кучли саккизликка киришни кафолатламайди. Асосийси – жамоа ўзига боғлиқ ишни қилиши ва кейин бошқа ўйинларда керакли натижалар қайд этишини кутиши керак.
«Боруссия» иштирокини 1/8 финалдан бошлайдими?
«Боруссия» раҳбарияти ички чемпионатдаги қониқарсиз натижалар учун Нури Шаҳинни бош мураббийликдан бўшатди. Бундеслигада дортмундликлар 11-ўринда бормоқда. Лекин Чемпионлар лигасида жамоа 1/8 финалга чиқиш учун курашмоқда. Охирги турда «Боруссия» «Шахтёр»ни қабул қилади. Украинларда топ-24’га кириш учун фақат назарий жиҳатдан имконият бор. «Боруссия»нинг энг кучли саккиз жамоа қаторига кириш умиди эса асосларга эга. Жамоа ўз мухлислари қаршисида бу ишни уддалашга уриниб кўради.
«Байер» плей-офф йўлланмасини сақлаб қоладими?
«Байер» жар ёқасида: жамоа 13 очко билан ЕЧЛ умумий гуруҳида саккизинчи ўринда жойлашган. Леверкузенликлар бахтига 8-тур уйда «Спарта»га қарши кечади. Прагаликлар клуби атиги тўрт очко тўплаган ва муддатидан олдин Чемпионлар лигаси билан хайрлашган. «Спарта» бу ўйинда бор кучини сарфлаши даргумон. «Байер»нинг вазифаси – савия ҳисобига чехларни мағлуб этиш ва 1/8 финал йўлланмасини кафолатлаш.
«Ювентус» кучли саккиз жамоа сафига кира оладими?
«Ювентус» етти турдан кейин 12 очко тўплаган ва турнир жадвалида 17-ўринни банд этиб турибди. Лекин топ-8 гача – бир очко. Тўғридан тўғри йўлланма учун туринликларнинг рақобатчилари жуда кўп, шу туфайли имконият юқори эмас. Жамоа 8-турда ўз ўйинида ғалаба қозониши ва қўшнилар очко йўқотишига умид қилиши керак. «Ювентус» ўз уйида ҳал қилувчи ўйинни ўтказади, рақиб эса – «Бенфика». Португаллар 10 очко жамғарган ва турнирни тарк этиш хавфи остида. Мағлубият лиссабонликларни топ-24 жамоалари сафидан чиқариб юбориши мумкин. Икки жамоа учун ҳам муҳим учрашув.
Италиялик афсона «Милан»ни тўхтатадими?
«Милан» А Серияда суст иштирок этмоқда, аммо Чемпионлар лигасида жамоа ишлари яхшироқ. Россонерилар турнирни икки мағлубият билан бошлаганди, кейин эса қаторасига беш ўйинда ғалабага эришди. 15 очко ва олтинчи ўрин – якуний тур олдидан яхши вазият. Бу оқшом «Милан» Загребда маҳаллий «Динамо» клубига қарши тўп суради. Хорватлар жамоасини италиялик афсонавий ҳимоячи Фабио Каннаваро бошқармоқда. Мезбонларда топ-24га кириш учун минимал имконият сақланиб қолган, шунинг учун мухлислар бу ўйинда ҳақиқий жангга гувоҳ бўлиши мумкин. «Милан» ғалаба қозонган тақдирда ўзи учун 1/8 финал йўлланмасини кафолатлайди, дуранг ҳисоб ҳам италянларни саккизликдан тушириб юбориши қийин. Аммо «Динамо»нинг ҳам бу ўйин учун ўз режалари бор.
«Астон Вилла» ҳам 1/8 финал йўлланмаси учун курашда
«Астон Вилла»да Чемпионлар лигаси 1/8 финалига тўғридан тўғри йўлланма олиш учун имконият яхшироқ. Ҳозирда Унаи Эмери жамоаси тўққизинчи ўринни эгаллаб турибди, аммо очколари сони бўйича саккизинчи ўриндаги «Байер» билан тенг. 8-турда бирмингемликлар уйда «Селтик»ни қабул қилади. Шотландлар ҳам инглизларни бир очколик фарқ билан таъқиб этмоқда. Шундай экан, бу ўйин «Астон Вилла» учун енгил кечмаслиги тайин. Аммо нима бўлганда ҳам ғалаба жамоани плей-оффга тўғридан тўғри олиб чиқиши мумкин.
Ўтиш ўйинларида ким ким билан тўқнашади?
Дастлабки саккиз жамоа 1/8 финалга чиқади ва плей-оффнинг бир раундини ўтказиб юборади. Ҳозирги тиғиз тақвимда ўйинлар сони иккитага камроқ бўлиши — катта плюс. Қолган 16 клуб ўтиш ўйинларида қатнашади. Моҳиятан, бу 1/16 финал, аммо бу босқичда 32 клуб иштирок этмаслиги туфайли босқични бундай аташ ҳам тўғри бўлмайди. Умумий босқич турнир жадвалидаги ҳар иккинчи ўрин аҳамиятга эга. 9- ва 10-жамоалар ўтиш ўйинларида 23- ёки 24-жамоалар билан ўйнайди, 11- ва 12-ўринлардаги жамоалар эса — 21- ёки 22-ўриндагилар билан ва ҳоказо.
Муҳим жиҳати: қуръада ҳеч қандай чеклов бўлмайди. Ўтиш ўйинларида бир мамлакатнинг икки клуби ҳам, асосий босқичда ўзаро ўйнаган жамоалар ҳам тўқнашиши мумкин. 9-16-ўринларни эгаллаган клублар сараланган клублар ҳисобланади ва улар жавоб ўйинларини ўз уйида ўтказади. Чемпионлар лигаси ўтиш босқичи учун қуръа 31 январга белгиланган.
Мавзуга оид

12:56 / 24.02.2025
«Сити» ва Ҳусанов «Ливерпул»ни тўхтатолмади, Винисиус голсиз сериясини тўхтатди. Кун ўйинлари

12:35 / 23.02.2025
«Арсенал» пойгадан чиқмоқда, «Барселона» реванш олди. Кун ўйинлари

16:32 / 22.02.2025
«Манчестер Сити» «Ливерпул»га қарши, «Челси» ва «Бавария»да ҳам жиддий синов. Ҳафта ўйинлари анонси

10:26 / 20.02.2025