Жаҳон | 20:19 / 06.02.2025
3977
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ҳукумати Американинг йирик оммавий ахборот воситаларига тўловларни тўхтатди

АҚШ давлат идораларининг йирик нашрларга пуллик обуналари бекор қилинди.

Фото: The New York Times

АҚШ ижро органлари Американинг The New York Times (NYT), Politico ва Associated Press (AP) газеталарига пуллик обуналарни бекор қилишни бошлади, деб хабар берди Forbes.

Жумладан, АҚШ Давлат департаменти AP учун тўловни тўхтатди, АҚШ ғазначилиги NYT обунаси учун тўловни тўхтатди, NASA эса Politico хизматларидан бош тортди.

Оқ уй матбуот котиби Кэролин Ливитт 5 февраль куни USAID томонидан оммавий ахборот воситалари, жумладан Politico нашри учун маблағ ажратилишидан хабар топганини айтди. Ўтган йили америкалик солиқ тўловчилар ҳисобидан 8 миллион доллардан кўпроқ пул нашрни субсидиялаш учун сарфланган. «DOGE жамоаси ҳозир ушбу тўловларни бекор қилиш устида ишламоқда», деди у.

Axios таъкидлаганидек, фаоллар АҚШ ҳукумати харажатлари веб-сайтидаги рақамларни ўрганиб чиқди ва ҳукумат Politico нашрига 12 ой давомида 8,2 миллион доллар тўлаганини аниқлади. Қайд қилинишича, нашр USAID ташкилотидан ҳам 24 минг доллар олган.

Politico раҳбарларининг айтишича, компания «ҳеч қачон давлат дастурлари орқали маблағ ёки субсидия олмаган» ва унинг обуначиларининг аксарияти хусусий сектордан келади.

2024 йил ноябрида Доналд Трамп тадбиркор Илон Маскни DOGE раҳбари этиб тайинлади. DOGE «ҳар йили 6,5 миллиард долларлик давлат харажатларида мавжуд бўлган катта исрофгарчилик ва фирибгарликни йўқ қилади», деди Трамп. Унинг сўзларига кўра, департамент Оқ уйнинг бюджет идораси билан ҳамкорлик қилади ва «маслаҳат ва кўрсатмалар беради».

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид