Жаҳон | 21:52 / 06.02.2025
7869
5 дақиқада ўқилади

 “Бир ойдан кейин ҳам ҳеч нарса ўзгармайди” — Трамп Канадага божни бекор қилишга мажбур бўладими?

Доналд Трампнинг янги савдо уруши Канада, Хитой ва Мексика билан бошланди, лекин кўп ўтмай, у икки қўшнисини 1 ойга “афв этди”. 30 кунга музлатилган божлар эвазига чегара назоратини кучайтириш кафолати олинган. Канада Консерватив партияси аъзоси Обидхон Мамадалиев фикрича, 1 ойдан кейин ҳам ҳеч нима ўзгармайди, бож солинмайди, чунки бундан АҚШнинг ўз иқтисодиёти жуда катта зарар кўради.

АҚШ президенти Доналд Трамп божларни бошқа давлатларга босим ўтказиш воситаси сифатида кўради. Қайта сайланган сиёсатчи АҚШнинг уч гигант савдо шеригини “жазолаш”га киришди. Канада ва Мексикага 25 фоиз, Хитойга қўшимча 10 фоизли божлар эълон қиларкан, икки қўшниси билан гаплашган Трамп Оттава ва Мехикога 30 кунлик “муҳлат” берди. Эвазига эса АҚШнинг шимолий ва жанубий чегаралари жиддий қўриқланиши керак.

Трамп Мексика президентидан чегарага 10 минг аскар юбориш ваъдасини олди, Трюдога эса чегарадан ноқонуний мигрантларни ўтказмаслик, синтетик гиёҳванд моддалар оқимига чек қўйиш вазифаларини топширди.

Канада Консерватив партияси аъзоси, Алберта провинциясида яшовчи Обидхон Мамадалиевнинг фикрича, Трампнинг Канадага қаратилган божлари қоғозда қолиб кетиши аниқ. Президент фармонни чиқарса-да, уни бажариш ўта мушкул, Американинг ўзи ютқазади, дейди юртдошимиз.

Канаданинг АҚШга экспорти 250 млрд доллардан кўпроқ, импорт эса шундан 50 млрд долларга кам. Божлар ўрнатилиши нарх-наво қимматлашига олиб келади, оқибатда одамларнинг иш ҳақини ҳам ошириш керак. Импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни топгунча эса бозор тўхтаб қолади. Бу иқтисодиётга катта зарар”, – дейди Обидхон Мамадалиев.

Унинг сўзларига кўра, Трампнинг Канадани нишонга олишига сабаблардан бири – шахсий адоват. 2019-2024 йилларда Канада бош вазири ўринбосари бўлиб ишлаган Кристиа Фриланд Трамп президентлигининг биринчи даврида у билан жиддий тортишувга бориб, Трампни ҳақоратлаган.

Трамп билан қаттиқ мунозара бўлди, ҳаттоки, Кристиа хоним уни ҳақоратлади. Шундан кейин Трамп Канададан импортга бож ҳақида гапира бошлади. Лекин улгурмади, сайлов бўлиб, Байденга ютқазиб қўйди. Мана иккинчи муддатга келиб, дарҳол эски сиёсатига ёпишмоқда.

Биринчи навбатда у Канада орқали АҚШга ўтаётган мигрантларни эслатяпти. Канадага визасиз кириш ҳуқуқига эга мексикаликлар Канада орқали Америка томон интилаётгани рост. Бу бўйича чегара назоратини кучайтиришга Канада рози бўлди. Трампнинг дипломат эмаслиги, қўшнилари билан яхши алоқаларни олиб боролмаслиги ҳам божларга сабаб”, – дейди Канада консерватив партияси аъзоси.

Бир ойдан кейин нима бўлади?

Канадага божлар 1 ойга тўхтатилган, ҳамма 30 кундан кейин нима бўлишини ўйламоқда. Обидхон Мамадалиевнинг фикрича, ҳеч нима бўлмайди, божлар 1 ойдан кейин ҳам киритилмайди. Чунки бу биринчи марта эмас, дейди у.

Онтариода жуда кескин чоралар кўрилмоқда, ҳаттоки дўконларда Америка товарлари, хусусан, алкоголларни олиб ташлаш буюрилди. Аҳоли Канадада ишлаб чиқарилган маҳсулотларни олишга чақириляпти. Энг муҳими, Трампнинг энг яқин сафдоши бўлган Илон Маск билан Онтарионинг 100 млрд долларлик шартномаси бекор қилинди”.

Онтарио провинцияси бош вазири Даг Форд Трампнинг божларига кескин жавоб бермоқда. Мабодо 30 кундан кейин қайта савдо тарифлари амал қилишни бошласа, Онтарио Америка маҳсулотларидан воз кечади, Маск билан шартномаларини бекор қилади.

Бундан ташқари, Канада сиёсий элитаси давлат миқёсида жавоб чораларини беришга ҳозирланмоқда. Ҳозирча 30 млрд долларлик товарлар учун 25 фоизлик жавоб божи қарори эълон қилинган, 30 кунга бу ҳам музлатилган ҳолда қолмоқда. Савдо тарифлари ҳисобига Канадада озиқ-овқат маҳсулотлари, алкогол, мебел, саноат маҳсулотлари, автомобиллар нархи қимматлашиши мумкин. 25 фоиз дейилгани билан, истеъмолчи қўлига етиб боргунча бу 30-35 фоизга айланади, дейди Обидхон Мамадалиев.

25 фоиз дегани билан, унинг транспорт харажатлари, қўшимча ҳақлар, сотувчи фойдаси ҳисобланса, товарлар камида 30-35 фоизга қимматлаган ҳолда истеъмолчига етиб бориши мумкин. Автомобилларга келсак, Канада бу борада АҚШга қарам эмас. Европа ва Хитойнинг машиналари жуда кўп”, – дейди суҳбатдошимиз.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

ТЕГЛАР:

Канада, АҚШ, Доналд Трамп

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид