Ўзбекистон | 10:01 / 08.02.2025
7765
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Россия меҳнат миграцияси бўйича янги механизмни жорий этади

Россияда вақтинча меҳнат қилиш истагидаги фуқаролар учун Ўзбекистонда махсус тайёргарлик марказларини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилиши белгиланди.

Фото: Миграция агентлиги

Ўзбекистон ва Россия меҳнат миграциясини тартибга солишнинг янги механизмини яратади.

Миграция агентлиги хабарига кўра, агентлик директори Беҳзод Мусаев ва Россия Меҳнат ва бандлик федерал агентлиги (Роструд) раҳбари Михаил Иванков Москвада икки томонлама ҳамкорликнинг шу ва бошқа масалаларини муҳокама қилди.

Россияда вақтинча ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун Ўзбекистонда махсус ўқув марказларини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қарор қилинди.

Меҳнат ва бандлик федерал агентлиги иш берувчилар фаолиятини ўрганиш ва уларнинг ишончлилигини аниқлаш бўйича Миграция агентлиги билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилади.

Томонлар, шунингдек, ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари Россияда яшаш ва ишлаш учун рухсатнома (патент) олиш учун ўз ватанида рус тилидан имтиҳон топшириши мумкинлиги тўғрисида келишиб олди. Ушбу имтиҳонни Сахаров номидаги кўп функцияли миграция марказининг Тошкент шаҳридаги филиалида топшириш мумкин бўлади. 

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари учун патент олиш жараёнини соддалаштириш, шунингдек, КММнинг Тошкент шаҳридаги филиали фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид