Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Суд Илон Маск департаментининг махфий маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқини чеклади
Демократ прокурорлар томонидан киритилган шикоятда қайд этилишича, Трамп маъмурияти Маск жамоасига Молия вазирлиги марказий тўлов тизимидан фойдаланиш ҳуқуқини бериб, федерал қонунни бузган.
АҚШда округ судяси Пол Энгелмайер Илон Маск раҳбарлик қилаётган Ҳукумат самарадорлиги департаментининг (DOGE) мамлакат Молия вазирлиги ҳужжатларини текшириш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйди, деб хабар беради Associated Press.
Ню-Йорк округ суди 19 нафар демократ прокурор АҚШ президенти Доналд Трампни судга берганидан кейин дастлабки тақиқ бўйича қарор чиқарган. Даъвогарлар Трамп маъмурияти Илон Маск жамоасига Молия вазирлиги марказий тўлов тизимидан фойдаланиш ҳуқуқини бериб, федерал қонунни бузган дея ҳисобламоқда.
Судянинг фикрича, махфий маълумотлар ошкор этилиш хавфи мавжуд. Даъвода келтирилишича, Маск ҳамда унинг жамоаси тиббиёт клиникалари, мактабгача таълим муассасалари, иқлимга оид ташаббуслар ва қатор бошқа дастурларнинг федерал даражада молиялаштирилишига путур етказиши мумкин. Ўз навбатида Трамп ёпиқ маълумотлардан ўзининг сиёсий режаларини амалга оширишда фойдаланиши мумкинлиги ҳам таъкидланган.
Бундан ташқари, департаментнинг ушбу тизим маълумотларидан фойдаланиши киберхавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам хатарли ҳисобланади — бу АҚШ аҳолисига тааллуқли улкан ҳажмдаги молиявий маълумотларни хавф остида қолдиради.
Аввалроқ The New York Times ўз манбаларига таяниб, Молия вазирлиги раҳбари Скотт Бессент DOGE’нинг бир нечта вакилига давлат харажатларини назорат қилиш ва чеклаш учун федерал тўлов тизимларидан фойдаланишга рухсат бергани ҳақида ёзганди. Газета маълумотларига кўра, 2023 йилда ушбу тизим орқали 5 триллион долларлик тўловларга оид маълумотлар қайта ишланган.
Маск жамоаси тизимдан фойдаланиш рухсатини олганидан кейин бирор тўловни блоклаб қўйгани тўғрисида ҳозирча ҳеч нарса маълум эмас. Орегон штатидан сайланган демократ сенатор Рон Уайден бизнесменнинг тизимдан фойдалана олиши манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.