Жаҳон | 18:18 / 13.02.2025
1571
2 дақиқада ўқилади

Молдова мамлакатдаги Россия маданият марказини ёпади

Бунга РФ дронлари Молдова ҳаво ҳудудини бузиб кираётгани ва миллий хавфсизликка жиддий таҳдид солаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Фото: Getty images

Молдовада Россия фан ва маданият маркази ёпилади. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

«Ташқи ишлар вазирлиги 1998 йилда имзоланган маданий марказларни яратиш ва фаолият юритиш бўйича Молдова-Россия ҳукуматлараро келишувини бир томонлама бекор қилишга қарор қилди. Келишувни бекор қилиш жараёни тугаллангач, Россия маданият маркази мамлакатимизда ўз фаолиятини тўхтатади», — дейилади идора хабарида.

13 феврал куни Россиянинг Кишинёвдаги элчиси Олег Озеров Молдова Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга тегишли нота топширилган.

Молдова Ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, бундай қарор Россия дронларининг Молдова ҳаво ҳудудини бузиши ва бу мамлакат миллий хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани сабабли қабул қилинган.

Аввалроқ хорижда рус маданиятини тарғиб қилувчи ва хусусан, Бокудаги Россия уйи (рус маданият маркази)ни бошқарадиган Россотрудничество федерал агентлиги Озарбойжон ҳукуматидан фаолияти тўхтатилгани ҳақида расмий билдиришнома олганди. Россотрудничество раҳбари Евгений Примаковга кўра, Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги Бокудаги Россия уйи юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтмагани сабабли фаолияти тўхтатилган.

Мавзуга оид