Жаҳон | 09:31 / 14.02.2025
5736
2 дақиқада ўқилади

Киев Мюнхендаги MCS'да Россия билан учрашиш имкониятини рад этди

«Мюнхенда руслар билан музокаралар бўлмайди», деди Зеленскийнинг маслаҳатчиси. Трамп у ерда Москва, Киев ва Вашингтондан келган «юқори амалдорлар» иштирокида учрашув бўлиб ўтишини айтганди.

Фото: picture alliance / photothek

АҚШ президенти Доналд Трамп 14 феврал куни Мюнхен хавфсизлик конференцияси (MCS) очиладиган Мюнхенда Москва, Киев ва Вашингтоннинг «юқори амалдорлари» учрашув ўтказишини эълон қилди. Трамп 13 феврал, пайшанба куни Оқ уйнинг Овал кабинетида журналистлар билан суҳбатлашди. Украинада бундай алоқалар эҳтимоли рад этилди.

«Эртага Мюнхенда учрашув бўлиб ўтади. Россия у ерда бизнинг одамларимиз билан бирга бўлади. Украина ҳам таклиф этилган... Ҳар бир давлатдан кимлар бўлишини аниқ билмайман, лекин Россия, Украина ва АҚШдан юқори мартабали одамлар бўлади», — дея АҚШ президентининг сўзларини келтиради AFP.

Reuters ҳам Трампга таяниб, АҚШ ва Россия расмийлари Мюнхенда учрашиши ва Украина таклиф қилингани ҳақида хабар берди.

Зеленскийнинг маслаҳатчиси: Россияликлар билан бўш столда учрашув бўлмайди

Айни пайтда Украина президентининг алоқалар бўйича маслаҳатчиси Дмитрий Литвин бундай музокаралар ўтказиш имкониятини рад этди.

«Украина позицияси ўзгармади. Украина биринчи навбатда Америка билан гаплашиши керак. Европа ҳақиқий ва мустаҳкам тинчлик учун ҳар қандай жиддий суҳбатнинг иштирокчиси бўлиши керак», — дея Литвин сўзларини келтиради РБК-Украина.

Украина расмийсига кўра, «руслар билан музокаралар столида фақат келишилган умумий позиция бўлиши керак».

«Россияликлар билан бўш столда учрашув бўлмайди. Ҳозир столда ҳеч нарса йўқ. Мюнхенда россияликлар билан мулоқот кутилмаяпти», — дея таъкидлади Литвин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид