Банклар янги антифрод қоидалари доирасида 3 ойда салкам 350 млрд сўм маблағни қайтариб олди
Марказий банк жорий этган фирибгарликка қарши “музлатиш даври” тартиби билан, ноябр-январ ойларида жисмоний шахсларга тасдиқланган 347,3 млрд сўм миқдоридаги онлайн кредитлар қайтариб олинди. Бунда, банклар кредит учун ариза фирибгарлар таъсирида берилганини аниқлаб, шартномани бекор қилган.

Фото: Getty Images
Сўнгги вақтларда фирибгарлар SIP технологиясидан фойдаланиб сохта телефон рақамларидан фуқароларга қўнғироқ қилиб, ўзини Марказий банк, тижорат банки ёки тўлов ташкилоти ходими сифатида таништирган ҳолда турли алдовлар билан мобил қурилмаларга келадиган бир марталик тасдиқловчи кодни қўлга киритиши, банк карталаридаги пул маблағларини ноқонуний ўзлаштириши, шунингдек, уларнинг номига онлайн кредит (микроқарз) расмийлаштириш ҳолатлари авж олган эди.
2024 йил 1 ноябрдан Марказий банк жисмоний шахсларга онлайн кредит ажратишга оид вақтинчалик тартиб, “музлатиш даври”ни ишга туширганди.
Регулятор матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, бу вақтинчалик тартиб жорий этилгандан буён (2025 йил 31 январ ҳолатига) кредит ташкилотлари томонидан ажратилган 347 млрд сўм миқдоридаги маблағ мижоз кредит олишга аризани фирибгарлар таъсирида бериб, 48 соат давомида қўшимча тасдиқдан ўтмагани ҳамда маблағлари сарфланмагани сабабли тижорат банклари ҳисобига қайтарилган.
“Таҳлиллар натижасида онлайн кредит ажратиш бўйича вақтинчалик тартиб жорий этилгач, мазкур турдаги фирибгарликлар аввалги даврга нисбатан камайиши кузатилмоқда. Бироқ эндиликда фирибгарлар фуқаролар ишончига кириш учун ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида таништириб, банк карталаридаги маблағларни “хавфсиз ҳисоб”га ўтказишга уринишлар кўпаймоқда”, – дейилади МБ берган маълумотда.
Марказий банкнинг маълум қилишича, вақтинчалик тартибда белгиланган талаблар доирасида 11 та тижорат банки ва 1 та микромолия ташкилоти томонидан онлайн кредит ажратиш йўлга қўйилган. Шу билан бирга, 9 та тижорат банки томонидан онлайн кредит ажратиш вақтинчалик тартибга мувофиқ йўлга қўйилгунига қадар мобил илова орқали ушбу хизматни кўрсатиш тўхтатилди.
Бундан ташқари, онлайн кредит ажратишда риоя қилиниши лозим бўлган кўрсатмаларга амал қилинмагани учун Марказий банк Банк назорати қўмитаси томонидан 2 та кредит ташкилотига нисбатан жарима чораси қўлланди.
Янги тартиб қандай ишлайди?
Маълумки, фирибгарлар бир кунда бир неча банкдан бир фуқаро номига кредит расмийлаштиради. Шу сабабли 2024 йил 1 ноябрдан эътиборан кучга кирган талабларга кўра, кредит ташкилотлари фуқаро кредит олиш учун ариза юборганидан кейин унинг кредит бюролари маълумотлар базасидаги кредит тарихини 2 босқичда (ариза тушгандан сўнг ва кредит маблағлари ажратилишидан олдин) текширишдан (скоринг) ўтказиши керак.
Фирибгарлар одамларни алдаб, уларнинг номига кредит расмийлаштиргач, бир неча каналлар орқали пулларни Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиб кетади. Марказий банк жорий этган вақтинчалик тартибда онлайн кредит расмийлаштирилгач, бу кредит маблағлари ҳисобидан P2P амалиётлар, жисмоний шахслар ҳисобварақлари ва электрон ҳамёнларга ўтказмалар, мобил алоқа операторлари орқали телефон рақами ҳисобини тўлдириш, чет элга пул ўтказмалари ҳамда онлайн валюта айирбошлаш операцияларини бажаришга 48 соатлик чеклов (“музлатиш даври”) жорий қилинади.
Чекловни олиб ташлаш учун мижоз банк билан боғланиб, кредитни фирибгарлар таъсирисиз олганини тасдиқлаши зарур.
Бу тартиб 2025 йил 1 апрелгача давом этади.
Тавсия этамиз
Самарқанд шаҳрига кириш йўллари вақтинча ёпилади
Ўзбекистон | 21:35 / 30.03.2025
Дунё бўйлаб Рамазон ҳайити қандай кутиб олинди – фотолар
Жаҳон | 20:30 / 30.03.2025
АҚШ «Толибон» билан алоқа ўрнатяптими?
Жаҳон | 16:25 / 30.03.2025
Германиядаги шаҳарча газетада эълон бериб, янги ҳоким ахтармоқда
Жаҳон | 07:57 / 30.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Европанинг олтита давлати «Россияга босим ўтказишни» давом эттиришга тайёрлигини маълум қилди
Жаҳон | 01:11
-
Британияликлар тўлиқ офисга қайтишдан кўра ишдан бўшашни афзал кўрмоқда — тадқиқот
Жамият | 00:46
-
Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга амалий ташрифи якунланди
Ўзбекистон | 00:20
-
Дунёдаги энг яшил шаҳарлардан бири экологик мақсадларига эриша олмагани учун жаримага тортилди
Жаҳон | 23:40 / 31.03.2025
Мавзуга оид

18:07 / 31.03.2025
“Gold terapi” изидан Таиландда ёхуд Хайрулла Касимов кирдикорлари – 3-қисм

13:36 / 21.03.2025
Ўзбекистон Евросиё тараққиёт банкини таъсис этиш ҳақидаги битимга қўшилмоқда

12:20 / 17.03.2025
Юзлаб инсонларни чув туширган автолизингчиларга ҳукм ўқилди

13:44 / 14.03.2025