Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бразилия Бош прокуратураси собиқ президент Болсонаруни давлат тўнтаришига уринишда айблади
Жаир Болсонаруга 2022 йилги сайловлардаги мағлубиятдан сўнг давлат тўнтаришини амалга ошириш учун фитна уюштирганлик айблови қўйилди. Айбловга кўра, у амалдаги президент ва Олий суд судясини ўлдиришни режалаштирган.
Бразилия Бош прокуратураси собиқ президент Жаир Болсонаруни 2022 йилда давлат тўнтаришини уюштиришга уринганликда айблади, деб хабар беради G1 телеканали.
Прокуратуранинг ҳисоблашича, Болсонару Бразилиядаги демократик режимни ағдаришга уринган ташкилот етакчиси бўлган. Айбловларга кўра, 69 ёшли Болсонару ўз вориси — президент Луис Инациу Лула да Силвани заҳарлашни ва Олий суд судяси Александр де Мораесни отиб ўлдиришни режалаштирган.
Собиқ президент сиёсий таъқиблар қурбони бўлганини айтмоқда. Сиёсатчига адвокатлик қилаётганларнинг таъкидлашича, у ҳеч қачон Бразилиядаги демократик қонун устуворлигини ёки уни қўллаб-қувватловчи институтларни йўқ қилишга қаратилган ҳаракатларни олиб бормаган.
2024 йил ноябрда Бразилия полицияси Болсонарунинг да Силвага қарши фитнага алоқадорлиги бўйича айбловни илгари сурганди. Умумий ҳисобда 34 кишига нисбатан айблов қўйилган. Бош прокуратура қарорини Олий суд кўриб чиқиши керак. Даъво маъқулланса, Болсонару жиноят иши доирасида суд қаршисига туришга мажбур бўлади.
Болсонару 2019 йилдан 2023 йилгача Бразилия президенти бўлган ва да Силва унинг ўрнига келган эди. Сиёсатчи мағлубиятини тан олмаган, лекин лавозимини тарк этган. 2023 йил январ ойи бошида натижалардан норози Болсонару тарафдорлари Бразилия пойтахтида норозилик намойишлари ва тартибсизликлар уюштирган, жумладан, ҳукумат биноларини эгаллаб олишга уринган. Намойишлар кучишлатар тузилмалар вакиллари томонидан бостирилган, Болсонарунинг ўзи эса 2018 йилда олган жароҳати баҳонасида АҚШга кетиб қолганди.
Болсонару давлат тўнтаришига уриниш борасидаги айбловларни рад этган ва норозилик намойишчиларини қоралаган. У мамлакатга 2023 йил мартда қайтиб келган ва мухолифатга бошчилик қилмаслигини таъкидлаган.
Мавзуга оид
09:45 / 17.06.2026
Бразилия собиқ президентининг ўғли қамоқ жазосига ҳукм қилинди
20:23 / 15.06.2026
Бразилиядаги аттракционда аёл 40 метр баландликдан хавфсизлик арқонисиз отиб юборилди
08:49 / 15.06.2026
Бразилияда икки вертолёт тўқнашди: машҳур хонанда Оливер Три ҳалок бўлди
23:05 / 14.06.2026