Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фаластиндаги ноқонуний манзилгоҳлар, Ар-Риёддаги келишувлар ва ён беришни рад этаётган Зеленский — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Исроилнинг ноқонуний манзилгоҳлар режаси
Исроил ҳукумати Ғарбий соҳилда 974 та янги уй қуриш тендерини эълон қилди. Бу ҳақда Peace Now инсон ҳуқуқлари ташкилоти хабар берди. Мазкур уйлар Эфрат посёлкаси аҳолисини 40 фоизга кўпайтириб, фаластинликлар истиқомат қиладиган Байт-Лаҳм шаҳарчасининг ривожланишига жиддий тўсиқ яратади.
Исроил 1967 йилда Ғарбий соҳил, Ғазо ва Шарқий Қуддусни босиб олган.
Фаластинликлар бу ҳудудларни қамраб олган ўз мустақил давлатини яратмоқчи, аммо Исроилнинг бу ҳудудларда ноқонуний манзилгоҳлар қуриши ва яҳудий миллатига мансуб одамларни кўчириб келиши тинчлик музокараларига тўсиқ бўлиб келмоқда. Бугунги кунда бу ҳудудларда 500 мингдан ортиқ яҳудий муҳожирлар яшайди, 3 миллион фаластинлик эса ҳарбий назорат остида қолмоқда.
Peace Now гуруҳи Бинямин Нетаняҳу ҳукуматини манзилгоҳларни кенгайтириш ва бу орқали тинчлик имкониятини йўққа чиқаришда айблади. Охирги икки ҳафтада яҳудий муҳожирлар Ғарбий соҳилда фаластинликларга ҳужум қилган, уйларни ёққан, аммо ҳеч ким қўлга олинмаган.
Исроил миллатчилари Трамп режаси томон
Исроил молия вазири ва «Диний сионизм» партияси етакчиси Бецалел Смотрич Ғазо секторида Доналд Трамп таклиф қилган режани амалга ошириш учун курашишини маълум қилди. У парламентда ушбу масала юзасидан овоз беришни талаб қилиб, Исроил фаластинликларни Ғазодан кўчириш жараёнини қўллаб-қувватлаши кераклигини айтди.
Смотрич, шунингдек, ҲАМАС асирларни бир томонлама тарзда озод қилмаса, Ғазода «охирзамон» бошланишини таъкидлади. У «сектор тўлиқ босиб олиниши ва тўлиқ қамал қилиниши – сувсиз, электрсиз ва ёқилғисиз қолиши» кераклигини қайд этиб, аҳоли бошқа давлатларга кўчирилиши кераклигини таъкидлади.
Бецалел Смотрич аввал ҳам Ғазода 2 млн фаластинликни очликка маҳкум қилиш ғоясини ёқлаб, халқаро танқидларга учраган. Август ойида Европа Иттифоқи дипломатия раҳбари Жозеп Боррел унга ҳамда Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирга қарши санкция жорий қилишни таклиф этган, бироқ Венгрия, Италия ва Германия бу ташаббусга қаршилик кўрсатган.
Саудия: Трампнинг Ғазо бўйича режаси нореал
Саудия Арабистони собиқ разведка раҳбари, шаҳзода Турки Ал-Файсал Доналд Трампнинг Ғазодаги фаластинликларни чиқариш режасини танқид қилди. У Al Arabiya’га берган интервюсида бу ғояни амалга ошириш эҳтимоли йўқлигини таъкидлади.
«Трамп ҳарбий куч юбориб, Ғазодаги фаластинликларни чиқариш ҳақида гапирган бўлиши мумкин, лекин бу гаплар фақат қуруқ гап бўлиб қолади. Ҳеч ким буни амалга оширишга журъат қилолмайди», – деди Ал-Файсал.
Шунингдек, у араб давлатларининг бирлашиши муҳимлигини таъкидлаб, бу Фаластин масаласини ҳимоя қилишда ҳал қилувчи омил бўлишини билдирди. Саудия расмийлари ҳам бу масалада қатъий позицияда эканини билдирган.
Мисрнинг Ғазо учун тикланиш режаси
Египет президенти Абдел Фаттоҳ ас-Сисий Ғазо секторида инфратузилмани тиклаш режасини ишлаб чиқди. Al-Ahram’га кўра, бу ташаббус аҳолини мажбурий кўчиришни кўзда тутмайди ва АҚШ президенти Доналд Трамп таклиф этган вариантга қарши қўйилган.
Режа Ғазода «ҳимоя ҳудудлари» яратишни назарда тутади, у ерда фаластинликлар вақтинча яшаб туриши мумкин. Бу орқали халқаро маблағлар ҳисобига инфратузилмани тиклаш кўзда тутилган. Таклиф Саудия, Қатар, БАА ва Европа дипломатлари билан муҳокама қилинмоқда.
Франция ва Германия мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлади. Шунингдек, араб давлатлари Ташқи ишлар вазирлари режани Араб давлатлари лигаси саммитида муҳокама қилишдан олдин Ар-Риёдда маслаҳатлашув ўтказади.
Москва ва Вашингтон қандай келишувларга эришди?
Саудия Арабистонида ўтказилган илк Россия-АҚШ музокараларида икки давлат Украина уруши тугаганидан сўнг геосиёсий манфаатлар ва сармоявий имкониятлар бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Тэмми Брюс маълум қилди.
Саудия Арабистонидаги музокараларда АҚШ ва Россия урушни тугатиш бўйича уч босқичли режа таклиф қилди: ўт очишни тўхтатиш, Украинада сайловлар ўтказиш ва якунловчи тинчлик битими имзолаш.
Тўрт ярим соат давом этган учрашувда АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки давлат ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш учун доимий маслаҳатлашув механизмини яратиш бўйича келишувга эришди. Россия ТИВ расмийлари НАТО 2008 йилда Украинага берган аъзолик ваъдасидан воз кечиш талабини илгари сурди.
Трампдан Путинга «туҳфа»?
АҚШ ва Россия Украинадаги сайловларни тинчлик келишувидан аввал ўтказишни муҳокама қилмоқда. Манбаларга кўра, Россия ва АҚШ учун Украинадаги сайловлар келишув муваффақиятининг асосий шарти ҳисобланади.
Аммо Киев бу шартни қабул қилмайди, чунки бу Москва тарафдори бўлган номзоднинг ҳокимиятга келишига олиб келиши мумкин. Европа парламенти депутати Сергий Лагодинский бу ғояни «Трампнинг Путинга туҳфаси» деб баҳолади ва Европа Иттифоқи тинчлик келишувигача сайлов ўтказилишига қарши эканини маълум қилди.
18 феврал куни Ар-Риёдда АҚШ ва Россия вакиллари учрашди, музокараларда урушни тугатиш ва Путин билан Трамп учрашуви масаласи муҳокама қилинди.
Киев бу музокараларда қатнашмаган ва унинг натижаларини тан олмаслигини билдирган. NBC News хабарига кўра, Вашингтон аввал Москва ва Киев билан алоҳида учрашувлар ўтказиб, кейин уч томонлама музокараларга ўтишни режалаштирмоқда.
Зеленский: Украина ҳудудларини ён бермайди
Украина ҳудудий яхлитлиги борасида ҳеч қандай муросага бормайди, деди президент Володимир Зеленский Анқарада очилган Украинанинг янги элчихонасида сўзлаган нутқида.
У Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўған ва турк халқига Киевга кўрсатаётган қўллаб-қувватлаш учун миннатдорлик билдирди. Зеленскийнинг таъкидлашича, Туркия Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳимоя қилишда қатъий позицияда қолмоқда.
Анқарадаги учрашув чоғида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Туркия Россия, Украина ва АҚШ ўртасидаги эҳтимолий музокаралар учун муносиб майдон бўлиши мумкинлигини айтди. У барқарор тинчликни таъминлашга қаратилган ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини қайд этди.
«Бу уруш жуда кўп бегуноҳ инсонларнинг ҳаётига зомин бўлди ва улкан вайронгарчиликларга олиб келди. Уни тўхтатиш керак», деди Эрдўған. У Туркия учун Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети тамойил масаласи эканини урғулади ва «Тинчликда ютқазган томон бўлмайди. Дунё Россия ва Украина ўртасидаги уруш тугашини кутяпти», дея таъкидлади.
Кремл: Украина ўз суверен ҳуқуқига эга
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Украина учун Европа Иттифоқига қўшилиш суверен ҳуқуқ эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу иқтисодий интеграция жараёни бўлиб, ҳеч ким бирон бир давлатга бу борада кўрсатма бера олмайди ва Россия ҳам бундай ниятда эмас.
Шу билан бирга, Песков Россия хавфсизлик ва ҳарбий иттифоқлар масалаларида тамоман бошқа позицияни эгаллашини билдирди. Кремл Украина НАТОга аъзо бўлишига кескин қарши чиқиб келмоқда, чунки бу жараён Россия чегаралари учун хавф деб баҳоланади.
АҚШ президенти Доналд Трамп Украинанинг НАТОга қўшилиш учун интилгани Россиянинг ҳарбий ҳаракатларига сабаб бўлган омиллардан бири бўлганини таъкидлаган эди. Бироқ, Украина раҳбари Володимир Зеленский Мюнхендаги хавфсизлик анжуманида Киев НАТО аъзолиги масаласини кун тартибидан олиб ташламаслигини тасдиқлади.
Мексика қўлтиқ номини тикламоқчи
Мексика ҳукумати Google'ни судга бериш билан таҳдид қилди. Бунга сабаб — компания Google Maps'да АҚШ фойдаланувчилари учун Мексика қўлтиғини «Америка қўлтиғи» деб белгилаган.
Президент Клаудия Шейнбаум 17 феврал куни бу ўзгаришни кескин танқид қилиб, уни халқаро тан олинган сув ҳудудларини бузиб кўрсатиш, дея баҳолади.
Шейнбаумга кўра, Трампнинг фармони фақат Америкага туташ 22 миллик ҳудудга тегишли бўлиб, бутун қўлтиқни қамраб олмайди. Google эса Мексика ва Кубага қарашли сувлар номини ҳам ўзгартирган.
Ҳозир АҚШдаги фойдаланувчиларга «Америка қўлтиғи» номи кўринса, мексикаликлар учун у ҳамон «Мексика қўлтиғи» сифатида кўрсатилмоқда. Бошқа давлатларда эса ҳар икки вариант мавжуд.
Президент Шейнбаум Google'дан ўзгаришни бекор қилишни талаб қилиб, акс ҳолда Мексика судга фуқаролик даъвоси киритишини билдирди.
Мавзуга оид
14:40 / 12.06.2026
Трампнинг «ажойиб келишуви» ва Мексикада бошланган футбол байрами – кун дайжести
16:14 / 11.06.2026
Яқин Шарқда уруш ҳаракатлари тикланяпти, Покистон яна қўшнисини бомбалади – кун дайжести
14:23 / 10.06.2026
Ҳўрмузда уриб туширилган «Apache» ва Доғистонда катта портлаш – кун дайжести
15:29 / 09.06.2026