Жаҳон | 19:28 / 23.02.2025
6025
2 дақиқада ўқилади

WSJ: Макрон ва Стармер Трамп билан Украинага 30 минг ҳарбий юборишни муҳокама қилади

Тинчликпарвар кучлар Москва ва Киев ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилган тақдирдагина юборилиши мумкин. Аммо бу АҚШ розилигисиз амалга ошмайди.

Фото: Ludovic Marin/Agence France-Presse/Getty Images

Франция президенти Эммануэл Макрон ва Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Доналд Трамп билан учрашиб, Украинани қўллаб-қувватлаш масаласини муҳокама қилмоқчи. Шунингдек, улар АҚШ президентига 30 минг тинчликпарвар кучларни Украина ҳудудига жойлаштириш таклифини беришни режалаштирган, деб ёзади The Wall Street Journal.

Нашр маълумотларига кўра, Макрон Америка президенти билан эртага, 24 феврал куни, Стармер эса 27 феврал куни учрашади. WSJ манбаларининг қайд этишича, Франция ва Британия режаси Москва ва Киев ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилган тақдирда амалга ошиши мумкин. Уларнинг сўзларига кўра, мамлакатлар АҚШ розилигисиз бундай қадамни ташламайди, шу боис Трампни Вашингтоннинг Украинада «чекланган ҳарбий роли»ни жорий этишга кўндириш режалаштирилган.

Режага мувофиқ, АҚШ ҳарбий салоҳиятининг Европа Иттифоқида етишмаётган қисмидангина фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Хусусан, АҚШ Украина билан чегарадош давлатларни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими билан таъминласа, қолган тизимларни ЕИ тақдим этади. Шу билан бирга, британ ва француз ҳарбийлари фронт чизиғига яқинлашмаган ҳолда муҳим инфратузилмалар, шаҳар ва портлар ҳимоясини таъминлайди.

Аввалроқ Bloomberg учун интервюда Володимир Зеленский 200 минг рақами кўпроқ мажозий экани ва контингентнинг ҳақиқий сони Россия талаб қиладиган украин армияси миқдорига боғлиқ бўлиши кераклигини айтганди. «Агар биз уни [украин армиясини] 200, 300 ёки 500 мингга қисқартирсак, қисқартирганимиз ўрнига бошқа қўшинлар кераклигини англатади», — деган Украина президенти.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид