Жаҳон | 20:56 / 24.02.2025
1678
2 дақиқада ўқилади

Apple АҚШда ишлаб чиқариш ва технологияларга 500 млрд доллар инвестиция киритади

Инвестиция доирасида Америка технологик корпорацияси Ҳюстон яқинида завод қуради, шунингдек, 20 минг ходимни ишга ёллайди.

Фото: Bloomberg

Apple технологик корпорацияси АҚШ иқтисодиётига киритиладиган ўз тарихидаги энг йирик инвестицияни эълон қилди, деб ёзади Fox Business.

Қайд этилишича, компания яқин тўрт йил ичида ишлаб чиқариш, сунъий интеллект ва илғор технологияларни ривожлантиришга 500 миллиард доллар йўналтиради.

Apple баёнотига кўра, инвестиция дастури қуйидагиларни ўз ичига олади: Ҳюстон яқинида сунъий интеллектга эга серверларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод қурилиши; Илғор ишлаб чиқариш фондига ажратиладиган маблағларни икки баробарга ошириш — 5 миллиард доллардан 10 миллиард долларгача; Детройтда Apple ишлаб чиқариш академиясини яратиш; тадқиқот ва ихтиролар, чиплар, сунъий интеллект ва дастурий таъминот соҳаси учун 20 минг нафар янги ходимни ёллаш.

Apple бош директори Тим Кукнинг таъкидлашича, компания АҚШнинг инновацион потенциалига сармоя киритмоқда.

Аввалроқ Apple кетма-кет иккинчи йил дунёнинг энг қиммат брендига айлангани тўғрисида хабар берилган эди. Apple брендининг қиймати бир йил ичида 11 фоизга — 574,5 миллиард долларгача қимматлашган.

Шунингдек, Apple iPhone фойдаланувчиларига Starlink тармоғидан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш учун SpaceX компанияси ва T-Mobile оператори билан яширин ҳамкорлик олиб бораётгани маълум бўлганди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид