Жаҳон | 19:42 / 24.02.2025
5565
7 дақиқада ўқилади

Германияда сайлов: Шолц партияси учинчи ўринда, популистлар эса рекорд ўрнатди

Кеча, 23 феврал куни Германиядаги Бундестагга бўлган навбатдан ташқари сайловда Шолц партияси шармандали тарзда ютқазди. Прогноз қилинганидек, Фридрих Мерцнинг ХДИ/ХСИ блоки етакчилик қилди ва янги канцлер сифатида у ишга киришади. Бироқ сайловда энг омади чопган – ГуМ партияси бўлиб, уларни Илон Маск ва Вэнс қўллаб чиққанди. Ўта ўнгчилар Шолц партиясини ҳам ортда қолдирди. 

Германияда кеча, 23 феврал куни Бундестагга навбатдан ташқари сайлов ўтказилди. Германия федерал сайлов комиссияси 24 феврал, душанбага ўтар кечаси эълон қилган дастлабки натижаларга кўра, Христиан демократлар ва христиан социалистлар иттифоқи блоки 28,6 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринда эса ўта ўнгчилар партияси Германия учун муқобил бўлиб, 20,8 фоиз овоз йиғди. Шолцнинг ҳукмрон Германия социал-демократик партияси эса шармандали натижага эришиб, 16,4 фоиз овоз билан учинчи ўринда қолиб кетди. «Яшиллар» ва сўл партиялар ҳам парламентга зўрға кира олган.

Шундай қилиб, кутилгани ва прогноз қилинганидек Фридрих Мерц партиясининг қўли баланд келди ва энди Олаф Шолц лавозимини тарк этади ҳамда канцлерлик курсисини Мерцга топширади. Аллақачон амалдаги канцлер партияси мағлубиятини тан олди ва Мерсни сайловдаги ғалабаси билан табриклади. Ҳукмрон партия тарихдаги энг шармандали натижа кўрсатгани ҳам қўшимча қилинган. Либерал эркин демократия иттифоқи ва сўл популист Вагенкнехт иттифоқи Бундестагга кира олмади. Сайлов комиссияси маълумотларига кўра, биринчиси бор-йўғи 4,3 фоиз, иккинчиси эса рақамда 4, 972 та овоз тўплай олган. Германияда парламентга кириш чегараси эса минимум 5 фоиз этиб белгиланган.

Доимгидек, Германияда бирор партия 50+1 фоиз овоз йиғолмайди ва коалиция тузишга тўғри келади. Бу гал коалиция тузиш масаласи ҳам ўта қийин вазифага айланганди. Чунки Мерц ва Шолц партияси келишолмай, Мерц давлатдаги ўта популист ва шовинистлар “Германия учун муқобил” партияси ёрдамини қабул қилиб, лойиҳаларни Бундестагда тасдиқлата бошлаганди.

Масалан, қаттиқ чегара ва иммиграцияни чекловчи таклифни қабул қилдириш учун Христиан демократлар иттифоқи сиёсий анъанани бузиб, ГуМнинг ёрдамини қабул қилганди. Бу эса парламентда шовқин кўтарилишига сабаб бўлиб, қонунчилар Мерцни юзсизликда айлаганди. Мерцнинг ўзи эса бу қадамидан қаттиқ афсусдалигини, лекин Шолц билан ҳам келишолмаётганини айтганди.

ХДИ/ХСИ ва ГСДП мандатлари «катта коалиция»ни шакллантириш учун етарли бўлиши кутилмоқда

Хўш, буёғига нима бўлади? Шолц канцлерликдан кетади, Мерц бу лавозимни эгаллайди. Энг катта масала эса коалицияни тузиш. Охирги натижалар ҳали эълон қилинганича йўқ, лекин ҳозирги кўрсаткичлар бироз ўзгаради холос. Энг кўп овоз олган партия рақибларидан бири ёки бир нечтасини танлаб, ҳукумат тузиши керак. ХДИ ва Шолц партияси оладиган мандатлар “катта коалиция” учун етарли бўлиши кутилмоқда. Лекин бу ҳукуматда Шолц ишлашни истамайди, у коалиция бўйича музокараларда қатнашмаслиги ва янги ҳукумат таркибида ҳам бўлмаслигини эълон қилди. “Мен канцлерликка номзодимни қўйгандим”, дейди у. Бу унинг истеъфога чиқишидан далолат бермоқда.

Фридрих Мерцнинг консерваторлар партияси ғалабасини нишонламоқда, лекин Христиан демократлар иттифоқи 30 фоиз натижа кутганди, бундай бўлмади. “Келинг, бугун кечқурун нишонлаймиз ва эртадан ишга чиқамиз”, деди Мерс омма билан учрашаркан ўзини ишга масъулиятли тутиб.

Бу галги натижалардан энг кўп хурсанд бўлганлар – ўта популистлар, яъни “Германия учун муқобил” партиясидагилар. Чунки нисбатан янги бу партия ўз тарихида рекорд натижани қайд этди. Ўта ўнгчиларнинг канцлерликка номзоди Элис Вейдел бунданам кўпроқ натижа кутганини айтади. “Немислар ўзгаришлар учун овоз берди”, дейди у. Шунингдек, Вейдел Мерцнинг ГСДП билан коалиция музокаралари муваффақиятсизликка юз тутиши, охир-оқибат эса яна сайлов бўлишини билдирмоқда. Биз яна 4 йил кутмаймиз, улар барибир келишолмайди ва қайта сайлов ўтказилади, дейди популист сиёсатчи.

Шундай қилиб, парламентдаги ўринлар биринчи қора ва оч кўк, кейин эса қизил рангга ўтмоқда.

Ўтган йил охирида Шолцнинг 3 партияли коалицияси ташқи қарз жалб қилиш келишмовчилигидан кейин тарқаб кетиб, Шолц президентдан янги сайлов белгилаш учун имкон, яъни Бундестагни тарқатиб юборишни сўраганди. Штайнмайер буни қабул қилиб, парламентни тарқатиб юборди ва 23 февралга сайлов белгиланди. Мерц сайловчилардан Шолц эмас, бошқа партия билан коалиция тузиши учун яхшироқ иштирок сўраганди. Бу эса унга турғун иқтисодиётни жонлантириш, чегарани ёпиш, тартибсиз муҳожирлар масаласини бир ёқлик қилиб, уларни қувиш имконини беради.

Мерц айни вазиятда ГуМ билан ишлашни рад этган, чунки сиёсий анъанага мувофиқ, партиялар популистларга яқинлашмайди. Бу борада Германияда ўзига хос “хавфсизлик девори” мавжуд. Мерц хоҳламаса-да, эҳтимолий ҳамкори социал-демократлар 16,4 фоиз овоз оларкан, жуда ёмон натижани кўрсатди. Энди коалиция тузиш қийинлигича қолади.

69 ёшли Мерц канцлер лавозимида ва вазир бўлиб ҳам ишламаган, лекин у айни вазиятда Германияни кучли қилиш ва Украинани кучли қўллаб-қувватлашни ваъда қилмоқда. Сайловда миллиардер Илон Маск ва вице-президент Ж.Д.Вэнс очиқдан очиқ ўта ўнгчилар – популистлар ГуМ партиясини қўлларкан, немислар бундан ҳайратда қолди. Шундай бўлса-да, Трамп Мерцнинг ғалабасини олқишлади. Немислар ҳам биз каби жиннича кун тартиби, айниқса, энергетика ва миграция мавзуларидан чарчаган, дейди Трамп.

Фридрих Мерц 2025 йил 21 апрел, Пасхагача янги немис ҳукуматини тузишга ваъда берди. Сиёсатчи унга кимлар қўшилиши мумкинлиги ҳақида гапиришдан бош тортди, лекин унинг партияси ГуМ билан бирга мамлакатни бошқармаслигини яна бир бор таъкидлаган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид