Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа Иттифоқи етакчилари Украинадаги урушнинг уч йиллиги муносабати билан Киевга келди
Европа Комиссияси раҳбари фон дер Ляйен ва Европа Иттифоқи кенгаши раҳбари Кошта Украинани доимий қўллаб-қувватлашга ишонтирди. «Эркин ва суверен Украина бутун дунё манфаатларига мос келади», деб таъкидлади Урсула фон дер Ляйен.
24 феврал, душанба куни эрталаб Европа Комиссияси (ЕК) раҳбари президенти Урсула фон дер Ляйен ва Европа кенгаши раиси Антонио Кошта Украина пойтахти Киевга етиб келишди. Икки юқори мартабали европалик сиёсатчи Украинага бирдамлик билдириш ниятида ва Россиянинг Украинага қуролли бостириб киришининг уч йиллиги муносабати билан қўшимча ёрдам ҳақида маълум қилмоқчи.
Киевга етиб келгач, фон дер Ляйен X платформасидаги микроблогида шундай деб ёзди: «Биз бугун Киевдамиз, чунки Украина Европадир. Бу омон қолиш учун курашда нафақат Украина тақдири хавф остида. Бу Европа тақдири».
Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Киевга фон дер Ляйен ва Коштадан ташқари 13 мамлакатдан давлат ва ҳукумат раҳбарлари келяпти, видеоконференцияда яна 24 нафар етакчи иштирок этади. Урсула фон дер Ляйенга 20 га яқин Европа комиссарлари ҳамроҳлик қилмоқда.
Бу ҳаракат, айниқса, АҚШ президенти Доналд Трамп Қўшма Штатлар Киевга ёрдамни кескин қисқартириш ниятида эканлигига ишора қилганидан кейин муҳим деб кўрилмоқда. Бунинг ўрнига Трамп Украина ва Россияни урушни тугатиш учун музокара столига ўтиришга мажбурламоқчи.
Куни кеча Трамп Украина президенти Володимир Зеленскийни «диктатор» деб атади ва уни Россиянинг Украина билан урушини бошлаганликда айблади. Бу баёнотлар фонида Трамп ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар ўтказиш режалаштирилган. Трамп Путинга олдиндан бир неча марта ён босган, хусусан, у Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш имкониятини рад этган. Бундан ташқари, Украина Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни қайтаришга уринишлардан воз кечиши керак.
Урсула фон дер Ляйеннинг режаси
Урсула фон дер Ляйен Киевга поездда кетаётиб, тез орада қурол ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва Европа Иттифоқининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича кенг қамровли режа тақдим этишини маълум қилди. Бу чоралардан Украина ҳам фойда олиши керак. Бундан ташқари, фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, Украинанинг ҳам, бутун Европа Иттифоқининг ҳам энергия хавфсизлигини яхшилаш бўйича кейинги қадамлар қўйилади. Бошқа нарсалар қаторида, Украина ва Молдова электр энергияси бозорлари келаси йил охиригача Европа бозорига тўлиқ интеграция қилиниши керак.
Зеленский билан учрашувдан бир неча соат олдин Урсула фон дер Ляйен: «Эркин ва суверен Украина бутун дунё манфаатларига мос келади», деб таъкидлади. Унинг фикрича, Украинанинг 2025 йилги бюджети тақчиллиги қоплангач, бу давлатга қурол ва ўқ-дорилар етказиб беришни зудлик билан тезлаштириш керак.
«Бизнинг яқин ҳамкорлигимиз нафақат Украина, балки бутун Европа манфаатларига жавоб беради», — деди Еврокомиссия раҳбари. Унинг фикрича, Украинанинг юқори даражада инновацион ва қудратли мудофаа саноати Европа Иттифоқини мустаҳкамлаши мумкин.
Мавзуга оид
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
17:21 / 12.06.2026
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
16:47 / 10.06.2026