Жаҳон | 21:20 / 25.02.2025
6316
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея президенти ҳарбий ҳолат жорий қилгани учун судда кечирим сўради

Импичмент эълон қилинган президентга нисбатан суд ҳукми март ойи ўрталарида эълон қилиниши кутилмоқда.

Фото: Yonhap

Жанубий Кореянинг лавозимидан четлатилган президенти Юн Сок Ёл Конституциявий суддаги импичмент бўйича суд мажлисида ҳарбий ҳолат жорий қилгани учун фуқаролардан узр сўради.

У бу билан «чалкашлик ва ноқулайлик» келтириб чиқарганини тан олди. Шу билан бирга, давлат раҳбари «халқни қурол билан бостиришни» эмас, балки сиёсий инқироз ҳақида аҳолини хабардор қилишни хоҳлаганини таъкидлади.

«Мен миннатдорчилик туйғуларига тўлиб-тошдим, лекин халқ менга бу вазифани ишониб топширган бўлса ҳам, ишлай олмаётганим учун оғриқ ва қайғуни ҳис қиляпман», деди Юн Сок Ёл судда.

«Аммо 3 декабрдаги ҳарбий ҳолат аввалги прецедентлардан бутунлай фарқ қилади. Бу ҳарбий ҳолат халқни қурол билан бостириш учун мўлжалланмаган. Бу халққа огоҳлик қўнғироғи эди», деб қўшимча қилди у.

25 февраль куни Конституциявий суднинг якуний йиғилиши бўлиб ўтди, у парламентнинг Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилиш ҳақидаги қарорини маъқуллаши ёки уни ўз лавозимига қайта тиклаши керак. Суд ҳукми март ойи ўрталарида эълон қилиниши кутилмоқда. Баҳс чоғида ҳимоя томони парламентни назорат қилувчи мухолифат ҳаракати президентни ҳарбий ҳолат жорий этишга мажбур қилганини таъкидлади. Айблов томони давлат раҳбари ўз қарори ҳақида парламентни хабардор қилмагани билан қонунни бузганини даъво қилмоқда.

Юн Сок Ёл 2024 йил 3 декабрда ҳарбий ҳолат эълон қилди ва бунда «Шимолий кореяпараст» мухолифатнинг конституциявий тузумни бузишга уринишларига йўл қўймаслик зарурлигини сабаб қилиб кўрсатди. Ҳарбий ҳолат парламент унга қарши овоз бергач, 6 соатдан кейин бекор қилинди. Юн Сок Ёл исёнда айбланиб, тергов қилинмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид