Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Совуқдан ўлаётган Ғазо болалари, ядровий қурол яратишга яқин Эрон ва АҚШни Донбассга таклиф этаётган Россия — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазода чақалоқлар совуқдан нобуд бўлмоқда
Исроил Ғазога иситиш ускуналари, чодирлар ва сувга чидамли бошпаналарни киритишни ҳануз тўсиб қўяётгани туфайли секторда олти янги туғилган чақалоқ совуқдан нобуд бўлди.
«Кучли совуқ тўлқини ва иситиш тизими йўқлиги сабабли ўтган ҳафтадан бошлаб бугунгача олти янги туғилган чақалоқнинг ўлими қайд этилди», — деди Ғазо фуқаролик мудофааси агентлиги вакили Маҳмуд Бассал.
Сўнгги кунларда блокададаги Ғазода ҳарорат нол даражага тушди. Исроилнинг вайронкор уруши туфайли бошпанасиз қолган аҳолининг катта қисми кўчадаги чодирларида яшамоқда.
ҲАМАС бир неча бор Исроилни ҳуманитар ёрдам киритишга тўсқинлик қилишда айблаган. Жорий ойда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу сувга чидамли бошпаналар ва мобил уйларни Ғазога киритишни рад этгани маълум қилинган эди, гарчи бу оташкесим шартларида кўзда тутилган бўлса ҳам.
БМТ маълумотларига кўра, фақат декабр ойининг ўзида камида саккиз чақалоқ совуқдан нобуд бўлган, яна 74 бола қаттиқ қиш шароити сабабли вафот этган.
Ғазода вазият жуда оғирлигича қолмоқда: Исроил вақтинчалик бошпаналарни киритишни блоклашда давом этмоқда. Минглаб мобил уйлар ҳануз Миср билан чегарадаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктида тўхтаб турибди.
Исроил вице-спикери Ғазода геноцидга чақирди
Исроил Кнессети вице-спикери, «Ликуд» ултраўнг партияси аъзоси Ниссим Ватури Ғазодаги барча катталарни йўқ қилишга чақирди.
Ултраортодокс радиостанцияси Kol BaRamaга берган интервюсида Ватури: «Болалар ва аёллар ажратилиши керак, Ғазодаги барча ёши катта эркаклар йўқ қилиниши лозим. Биз ҳаддан ташқари эҳтиёткормиз», — деди.
Шунингдек, у фаластинликларни «разиллар» ва «чала одамлар» деб атади.
Ватури аввал ҳам шовинистик баёнотлари билан танилган. 2024 йил январь ойида Ҳаага судидаги эшитувлар арафасида у «Ғазонинг кулини кўкка совуриш» чақириғи билан чиқиш қилган эди.
Исроил: Эрон ядровий қурол яратишга яқин
Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Politico’га берган интервюсида Эрон ядро қуроли яратишининг олдини олиш учун «ҳарбий йўл» тез орада амалга оширилиши кераклигини айтди.
У АҚШ президенти Доналд Трампдан ёрдам кутаётганини билдирди. Саарнинг сўзларига кўра, Эрон «бир неча бомба» яратиш учун етарли уран бойитган ва ҳозир уни қуролга айлантириш йўлларини кўриб чиқмоқда.
«Вақт жуда кам қолди», — деган Саар. Исроил ташқи ишлар вазири дипломатия йўли билан ечим топишни афзал кўрса-да, бунинг муваффақият эҳтимоли «паст» деб баҳолайди. У Эрон ядро дастурини тўхтатишдаги муваффақиятсизлик Исроил хавфсизлиги учун «фалокат» бўлишини таъкидлади.
Ўз навбатида, Эрон армияси Исроил ва АҚШдан келадиган хавф туфайли ядровий объектлар атрофидаги ҳаво ҳужумидан ҳимоя ва бошқа мудофаа тизимларини юқори жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирди. Бу ҳақда Британиянинг The Telegraph газетаси хабар берди. Нашр манбасининг сўзларига кўра, «улар ҳужумни кутишмоқда, ҳар кеча шунга тайёр, ҳатто ҳеч ким билмайдиган махфий жойларда ҳам юқори тайёргарлик сақланмоқда».
Трамп: «Украина НАТОни унутсин»
АҚШ президенти Доналд Трамп Россияга қарши санкцияларни бекор қилиш эҳтимолини тан олди, бироқ бу фақат Украинадаги вазият тартибга солингандан кейин мумкин бўлишини таъкидлади.
Трамп, шунингдек, Украина НАТОга қўшилиш ҳақида «батамом унутса бўлади», деб ҳисоблайди, чунки уруш айнан шу масала туфайли келиб чиққанини айтди.
Вашингтон Украинага йўқотилган ҳудудларнинг айримларини қайтариш масаласини кўтаришга ҳаракат қилмоқда, аммо буни амалга ошириш осон бўлмаслигини Трамп таъкидлади.
Шу билан бирга, Трамп Владимир Путинни «жуда ақлли сиёсатчи» деб атаб, Украина бўйича келишувга эришиш мумкинлигига ишонч билдирди. Аммо Россия ҳам келишув учун маълум ён беришларга бориши кераклигини қайд этди.
Трамп Европа Иттифоқини танқид қилиб, унинг АҚШни алдаш учун тузилганини иддао қилди. У Европага нисбатан 25 фоизлик божлар жорий этилишини маълум қилди — бу нафақат автомобилларга, балки «барча маҳсулотларга» тааллуқли бўлади.
АҚШ раҳбари Украинага хавфсизлик кафолатларини ҳам Европа бериши кераклигини айтди. Шу билан бирга, Украина ва АҚШ ўртасида тузилаётган фойдали қазилма келишуви «автоматик хавфсизлик»ни таъминлашини таъкидлади.
Трамп Америка Украинага 350 млрд доллар сарфлаганини айтди ва Володимир Зеленский келишувни имзолаш учун 28 февралда Вашингтонга келиши кутилаётганини эслатиб ўтди. Шунингдек, Трамп АҚШ Украинага ортиқ маблағ ажратишни истамаслигини билдириб, Россия ва Хитой билан «мукаммал алоқалар» ўрнатиш ниятида эканини билдирди.
Зеленский Трампнинг сигналини тушунмади
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Украина президенти Володимир Зеленскийни «Вашингтон имкон қадар тезроқ тинчлик истайди» деган сигнални тушунмагани учун танқид қилди.
Вэнс Мюнхенда Зеленский билан учрашиб, унга урушни тезроқ тугатиш зарурлиги ҳақида «оддий, лекин қатъий» маслаҳат берган. Аммо Зеленский Трампни омма олдида «Россия яратган дезинформация оламида яшайди», деб айблаган.
Вэнс буни катта хато деб ҳисоблайди: «Трампни матбуотда қоралаш билан унинг фикрини ўзгартириб бўлмайди, бу унинг администрацияси билан муносабат қилишнинг энг ёмон усули», деди у.
Трамп дарҳол жавоб қайтариб, Зеленскийни ижтимоий тармоқларда «диктатор» деб атади. Вэнс эса Европа сафарида ўз нуфузини кўрсатиб, ғарб элиталарини танқид қилди, лекин Дахау ва Нотр-Дамга ташриф буюриб, дипломатик мослашувчанлик намойиш этди.
Россия Донбассни АҚШга таклиф қилмоқда
Россия АҚШга ишғол қилинган Донбасс ва Запорижжя ҳудудларидаги нодир ерости металларига эгалик ҳуқуқини таклиф қилган. NBC News манбаларига кўра, Путин маъмурияти вакиллари бу таклифни ўтган ҳафта Саудия Арабистонида бўлиб ўтган учрашувда Трамп маъмуриятига билдирган.
Россия «янги ҳудудлар»даги металларга эгалик ҳуқуқининг бир қисмини Вашингтонга тақдим этишга тайёр. Ҳозирда келишув муҳокама жараёнида, аммо АҚШ бу вариантни кўриб чиқмоқда, дейди NBC News манбалари.
Нашр хулосасига кўра, агар келишув амалга ошса, Россия Донбасс ва Запорижжя устидан назоратни сақлаб қолиши мумкин.
«Трамп — бизнесмен, Путин эса бундан фойдаланиб, шундай мураккаб таклиф билан чиққан», — дейди NBC билан суҳбатда бўлган АҚШнинг собиқ дипломати.
АҚШда бойлар учун «олтин карта»
АҚШ президенти Дональд Трамп бой чет элликларга 5 миллион долларга «олтин карта» жорий қилиш режасини эълон қилди. Бу карта доимий яшаш ҳуқуқи ва фуқаролик олиш имконини беради.
Reuters, CNN ва Axios хабарларига кўра, сотиш икки ҳафтадан сўнг бошланади. Трамп буни «бой ва муваффақиятли одамлар келиб, кўп пул сарфлаши, солиқ тўлаши ва иш ўринлари яратиши» билан изоҳлади.
«Олтин карта» ҳозиргача мавжуд EB-5 инвестиция дастурини алмаштиради, чунки бу виза «фирибгарликка тўла», деб топилган.
Савдо вазири Говард Лютник аризалар қатъий текширилиб, фақат «жаҳон даражасидаги фуқаролар» қабул қилинишини билдирди. EB-5 дастури 1992 йилда ташкил қилиниб, 800 мингдан 1,05 миллион долларгача инвестиция эвазига АҚШ фуқаролиги тақдим этилган.
Россияда 87 минг тиббиёт ходими етишмайди
Россияда врачлар ва ҳамширалар танқислиги 87 минг кишига етди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко маълум қилди. Мамлакатда 23 мингдан зиёд врач ва 64 минг ҳамшира етишмайди. Бунинг асосий сабаби — паст маошлар.
Росстат маълумотига кўра, 2024 йилнинг 9 ойи давомида врачларнинг ўртача маоши 123 минг рублни ташкил этган. Бироқ врачлар бу рақамлар расмий статистика фантазияси эканини таъкидлайди. Кўплаб тиббиёт ходимлари яхши даромад олиш учун кўпроқ ишлаш ва қўшимча сменалар олишга мажбур бўлмоқда.
Шунингдек, врачлар учун ишлаш шароитлари ҳам қийинлашган. Пациентлар томонидан шикоятлар, суд ишлари ва жазо эҳтимоли соҳага қизиқишни пасайтирмоқда.
Ҳукумат эса бу муаммога эски советча усул билан ечим қидирмоқда: тиббиёт олийгоҳларининг битирувчилари мажбурий равишда белгиланган ҳудудларда ишлашга юборилади. Ҳатто айримларини Украинадан босиб олинган ҳудудларга юбориш ҳолатлари ҳам қайд этилган.
Мавзуга оид
14:40 / 12.06.2026
Трампнинг «ажойиб келишуви» ва Мексикада бошланган футбол байрами – кун дайжести
16:14 / 11.06.2026
Яқин Шарқда уруш ҳаракатлари тикланяпти, Покистон яна қўшнисини бомбалади – кун дайжести
14:23 / 10.06.2026
Ҳўрмузда уриб туширилган «Apache» ва Доғистонда катта портлаш – кун дайжести
15:29 / 09.06.2026