Ўзбекистонда электр ва газ учун жорий қилинган ижтимоий лимитлар жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, совуқ об-ҳаво шароитида бу чекловлар айрим тоифа аҳоли учун қийинчиликлар туғдирмоқда.

Март ойида ҳам ҳаво исиб кетмагани боис, президент ташаббуси билан ҳукумат газ учун ижтимоий лимит 500 м³ этиб белгиланди. Илгари бу меъёр ёз ойларидагидек 100 м³ эди.

Бу орада ҳукумат Энергетика вазирлигига мавсумий шароитларни инобатга олиб, газ ва электр лимитларини ўзгартириш ваколатини ҳам берди. Бу қарор ҳукумат томонидан тасдиқланди ва расмий манбалар орқали эълон қилинди. Демак, эндиликда ҳар йили ҳаво ҳароратига қараб, ижтимоий лимитлар ўзгартирилиши мумкин.

Жорий қоидаларга кўра, электр энергияси учун ойига 200 kWh, табиий газ учун эса март–октябрь ойларида 100 м³, ноябр–феврал ойларида 500 м³ лимит белгиланган.

Қорақалпоғистон ва Хоразмда иситиш мавсуми бироз узоқроқ давом этади, шу сабабли бу ҳудудларда газ учун 500 м³ лимит октябр ойидан ишга туширилади. Ижтимоий лимит доирасида газ ва электр арзонлаштирилган нархда ҳисобланади, лекин белгиланган миқдордан ошганда тарифлар анча қимматлашади. Шунинг учун ҳам бу тизим кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Хўш, муаммо нимада?

Биринчи навбатда, электр таъминотидаги чекловлар ҳамма учун бир хил қўлланмоқда. Масалан, табиий газ етказиб берилмаган ҳудудларда фуқаролар иситиш ва овқат тайёрлаш учун электрдан фойдаланишга мажбур. Улар учун 200 kWh лимит камлик қилади. Демак, бу ҳудудларда ё лимит оширилиши керак, ёки камида 50 фоизлик чегирма жорий қилиниши лозим. Чунки бу чекловларни ҳамма бирдек ҳис қилмаяпти.

Газ таъминотида ҳам вазият мураккаб. Илгари иситиш мавсуми 15 октябрдан 15 апрелгача амал қилган. Ҳозир эса март ойида совуқ кунлар давом этгани учун газ лимити 500 м³ этиб белгиланди. Лекин Энергетика вазирлиги буни доимий равишда қўллайдими ёки фақат 2024 йил учун амал қиладими?

Аҳолини қийнаётган яна бир вазият: айниқса, ҳовли жойларда бир уйда 2-3 хўжалик қўшилиб яшайди. Бу вазиятда 200 kWh лик электр лимити ва 100/500 м³ ли газ лимити ой давомида урвоқ ҳам бўлмайди. Лимитни хўжаликда яшовчи оила ва одамлар сонига қараб белгилашни ҳам истамоқда одамлар. Чунки шаҳардаги квартирада яшовчи 2-3 кишидан иборат оила ва қишлоқ жойлардаги 10-15 кишилик хонадонлар истеъмоли ўртасида фарқ бор.

Албатта, қишлоқ жойларда алоҳида кадастр билан хўжаликларни алоҳида бўлиш мумкин ва алоҳида ақлли ҳисоблагичлар ўрнатиш ҳам мумкин.