Жаҳон | 19:14 / 06.03.2025
5398
3 дақиқада ўқилади

Хитой АҚШ билан ҳар қандай урушда «охиригача курашишга» ваъда берди

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Қўшма Штатларга «безори қиёфасидан тезроқ воз кечишни ва тўғри мулоқот ва ҳамкорлик йўлига қайтишни» тавсия қилди.

Фото: Reuters

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ билан «бож, савдо ёки бошқа урушда охиригача курашишини» айтди. Бу сўзлар Хитойнинг АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда ўз лавозимини эгаллаганидан бери унга нисбатан қилган энг кучли риторикаси бўлди, деб ёзди The Guardian.

Аввалроқ, Трамп Хитой товарларига қўшимча 10 фоизлик бож жорий этгани сабабли умумий бож миқдори 20 фоизгача ошган эди.

«Хитойга ҳаддан ташқари босим ўтказиш - нотўғри мақсад ва нотўғри ҳисоб... Агар АҚШ бошқа ниятда бўлса ва бож уруши, савдо уруши ёки бошқа урушни истаса, Хитой охиригача курашади. Биз Қўшма Штатларга ўзининг безори қиёфасидан тезроқ воз кечишни ва тўғри мулоқот ва ҳамкорлик йўлига қайтишни маслаҳат берамиз», деди Хитой ТИВ матбуот котиби Лин Цзян.

Шунингдек, Хитойнинг АҚШдаги элчихонаси ҳам вазирнинг позициясини такрорлади ва ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай ёзди: «Агар уруш Қўшма Штатлар хоҳлаган нарса бўлса, у тариф уруши, савдо уруши ёки бошқа турдаги уруш бўладими, биз охиригача курашишга тайёрмиз».

«Бошқа уруш» деганда нимани назарда тутганини тушунтириш сўралганда, Цзян шундай жавоб берди: «Агар АҚШнинг бошқа ниятлари бўлса ва Хитой манфаатларига зиён етказишни талаб қилса, биз охиригача курашамиз. Биз АҚШга ўзининг безори қиёфасидан имкон қадар тезроқ воз кечишни ва тўғри мулоқот билан ҳамкорлик йўлига қайтишни маслаҳат берамиз».

Аввалроқ, Трамп Хитойдан АҚШга фентанил гиёҳванд моддаси оқими тўхтамаётгани туфайли янги бож жорий қилишини айтган эди. Хитой ТИВ вакили фентанил масаласи АҚШ учун Хитойга нисбатан кескин савдо чораларини қўллаш учун «баҳона» эканини айтди.

Шу билан бирга, АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет Америка Хитой билан урушга тайёр эканини айтди. Агар АҚШ Хитой ёки бошқа давлатлар билан урушнинг олдини олмоқчи бўлса, кучли бўлиши керак, деди у.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид