Зеленский душанба куни Саудия Арабистонига ташриф буюришини, у ерда бу мамлакатнинг амалдаги ҳукмдори, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон билан учрашиши ҳақида ёзди. «Шундан сўнг менинг жамоам америкалик ҳамкорлар билан ишлаш учун Саудия Арабистонида қолади», – дея қўшимча қилди Зеленский.

Аввалроқ Украина ва АҚШ делегацияларининг Саудия Арабистонидаги учрашуви келаси ҳафта сешанба ёки чоршанба куни бўлиб ўтиши хабар қилинганди.

Бунгача АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф журналистларга Саудия Арабистонида Украина делегацияси билан учрашувга боришни режалаштираётганини тасдиқлаганди.

«Ҳозир биз Ар-Риёдда ёки эҳтимол Жиддада украиналиклар билан учрашувни келишиш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз. Ғоя тинчлик келишуви ва бирламчи ўт очишни тўхтатиш доирасини такомиллаштиришдан иборат», – дея Уиткоффнинг сўзларини келтиради AFP.

Пайшанба куни Fox News телеканали мухбири Америка томонидан бу учрашувда давлат котиби Марко Рубио, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолц ва махсус вакил Стив Уиткофф, Украина томонидан эса президент девони раҳбари Андрей Ермак иштирок этишини ёзганди. AFP агентлиги манбаси маълум қилишича, Украина делегацияси таркибига мудофаа вазири Рустем Умеров ҳам кириши мумкин.

Учрашув санаси ҳақида расман маълум қилинмаган, бироқ AFP манбаси у Ар-Риёдда 11 март, сешанба куни ўтказилиши мумкинлигини айтганди (Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ҳам бу кун ҳақида гапирганди).

Саудия Арабистонидаги музокаралар Оқ уйнинг Овал кабинетида Зеленский ва Трамп ўртасидаги тортишувдан кейин Украина ва АҚШ юқори мартабали амалдорларининг биринчи юзма-юз учрашуви бўлади.

Ўша жанжалдан сўнг Украина фойдали қазилмаларини биргаликда қазиб олиш бўйича шартнома имзоланиши барбод бўлган, АҚШ эса Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш ва у билан разведка маълумотлари алмашишни тўхтатганди.

«Миннатдорлик туйғуси»

Зеленскийнинг Х тармоғидаги постидан кейин Американинг Украинага нисбатан баёнотлари оҳанги бироз юмшай бошлади, украинлар президенти ўз постида можародан афсусда эканини ва «Трампнинг кучли етакчилиги остида» тинчликка интилишга тайёрлигини айтди. У тўғридан тўғри узр сўрамади.

«Биз президент Трампга айтганимиздек, Украина тез ва ишончли тинчлик учун фақат конструктив тарзда ишламоқда ва ишлашда давом этади», – деди Украина президенти жума куни.