Жаҳон | 18:44 / 07.03.2025
13178
5 дақиқада ўқилади

«Болта ўрнига скалпел». Трамп Маскнинг ваколатларини чеклашга қарор қилди

АҚШ президенти Илон Маск бошқараётган департамент фаолиятини муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказди. У биринчи марта DOGE раҳбарининг ваколатларини чеклаш бўйича сезиларли қадам ташламоқда.

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп ҳукумат аъзолари билан йиғилиш ўтказиб, унда кадрлар сиёсати масалаларида DOGE раҳбари Илон Маск эмас, федерал агентликлар раҳбарлари ҳал қилувчи сўз айтишини айтди. Бу ҳақда Politico, Reuters ва CNN ўз манбаларига таяниб хабар берди.

CNN хабарига кўра, Трампнинг федерал агентликлар раҳбарлари билан учрашуви 90 дақиқа давом этган ва камераларсиз ўтган.

Унда Трамп, хусусан, Маскнинг федерал ҳукумат ходимлари сони ва харажатларини қисқартириш бўйича саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаши, бироқ миллиардер ва у бошчилик қилаётган ҳукумат самарадорлиги департаменти фақат маслаҳатчи ролини ўйнашини айтди, деб ёзади Reuters.

Учрашувда иштирок этган Маскнинг ўзи ҳам президент билан ҳамфикр эканини билдирган. Politico хабарига кўра, тадбиркор ҳатто ўз департаменти «баъзи хатоларга йўл қўйгани»ни тан олган.

CNN бу учрашув «президент Маскнинг кенг ваколатларини чеклашга уринаётганининг дастлабки мисолларидан бири бўлгани»ни қайд этди. Politico ҳам буни аввалроқ Америкадаги давлат хизматчиларини ёппасига ишдан бўшатишни бошлаган «Маскнинг ваколатларини чеклаш бўйича биринчи муҳим қадам» деб баҳолаган.

Оқ уйдаги учрашувдан сўнг Трамп ўзига тегишли бўлган Truth Social ижтимоий тармоғида давлат хизматчилари сонини қисқартириш ғоясидан воз кечмаслиги, бироқ «ўз ишини яхши бажарадиган энг яхши ва самарали ходимларни сақлаб қолиш» муҳим деб ҳисоблаши ҳақида ёзди.

«Биз болтани эмас, скалпелни [ишлатинг] деяпмиз. Биргаликда улар [ҳукумат аъзолари], Илон, DOGE ва бошқа ажойиб инсонлар тарихий даражада муваффақиятга эриша олади», – деб ёзган Трамп.

АҚШ президенти учрашув «жуда ижобий руҳда» ўтгани ва унинг иштирокчилари ўртасида «фавқулодда» муносабатлар ўрнатилганини таъкидлаган.

Трамп давлат хизматчилари сони «бўлиши керак бўлган миқдорга тушмагунича» бу каби учрашувларни ҳар икки ҳафтада ўтказиб туришга ваъда берган.

Илон Маск Капитолийда, 5 март

Сўнгги ҳафталарда Трамп маъмурияти кўплаб агентликлардан ўн минглаб федерал хизматчиларни ишдан бўшатди. Улар Трамп буйруғи билан қайта ишга олинадими ёки йўқми, ҳозирча номаълум.

Американинг янги маъмурияти иш бошлаганидан бери Таълим вазирлиги, Кичик бизнес бошқармаси (SBA), Истеъмолчиларни молиявий ҳимоя қилиш бюроси (CFPB), Умумий хизматлар бошқармаси (GSA), АҚШ почта хизмати (USPS) ва бошқаларга тўлиқ ёпилиш, кенг кўламли қисқартиришлар ёки муддатсиз таътиллар ҳақида хабарлар юборилган.

Федерал судя ва Федерал фуқаролик хизмати кенгаши раиси ишдан бўшатишлар маҳсулдорлик билан боғлиқ муаммоларга боғлиқ эмас ва давлат хизмати тўғрисидаги қонунларни бузган ҳолда содир бўлиши мумкин деган хулосага келган.

Tesla ва SpaceX бош директори Илон Маск Доналд Трампни сайловолди кампанияси вақтида фаол қўллаб-қувватлаган ва унинг асосий ҳомийсига айланган эди. Сайловдаги ғалабадан кейин ушбу миллиардер Трамп маъмуриятида Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари лавозимини олди, унинг вазифаси, ўзининг сўзларига кўра, бюджет харажатларини, шиширилган аппаратларни қисқартириш ва коррупцияга қарши курашишдан иборат.

Маск ва Трамп DOGE «бюрократияни йўқ қилиши»ни ваъда қилган. Ушбу департамент Америка ҳукумати фаолиятининг самардорлигини ошириши ва бир ярим йилдан кейин тугатилиши керак.

Феврал ойи охирида Маск назорати остидаги кадрлар бошқармаси (Office of Personnel Management — OPM) давлат департаментлари ва тузилмаларининг миллионлаб ходимларига ҳафта давомида бажарилган ишлар тўғрисида ҳисобот беришларини сўраб хат юборди.

Баъзи идоралар ўз ходимларига дарҳол бўйсунишни маслаҳат беришди, аммо АҚШнинг бир қатор муҳим идоралари, жумладан ФҚБ, Давлат департаменти ва Пентагон Маскнинг талабларини бажаришдан бош тортди.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери