Жаҳон | 20:10 / 16.03.2025
8181
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда камёб шерлар икки ҳафтада уч кишининг ўлимига сабабчи бўлди

Гужорат штатида Осиё шерлари маҳаллий аҳоли вакилларига ҳужум қилиш ҳолатлари кўпайди. Охирги икки ҳафтада уч киши йиртқичлар ҳужуми оқибатида ҳалок бўлди.

Фото: Pixabay

Ҳиндистоннинг Амрели округида (Гужорат штати) камёб Осиё шерлари икки ҳафта ичида уч кишига ҳужум қилди, деб хабар беради The Indian Express.

Қайд этилишича, биринчи фожиа феврал охирларида содир бўлган — етти ёшли бола сув олгани дарёга борган ва қайтиб келмаган. Боланинг қариндошлари уни қидиришга киришган ва тез орада унинг жасадини топган. Маҳаллий қишлоқ хўжалиги департаменти ходимлари зудлик билан ҳужум уюштирилган жой яқинида иккита шерни тутишга муваффақ бўлган. Йиртқичлар «тадқиқот учун» махсус марказга юборилган, аммо кўп ўтмай улар аҳоли пунктидан узоқроқ жойга қўйиб юборилган.

4 март куни ушбу округда шер 35 ёшли фермерга ҳужум қилган. Урғочи шер ўз «ўлжа»сини ўрмон хўжалиги ходимлари келганида ҳам қўйиб юбормаган. Натижада, уни булдозер ёрдамида қувиб юборишга тўғри келган.

Шунингдек, 6 март куни ҳам шерлар уюштирган ҳужум оқибатида бир фуқаро ҳалок бўлган. Қурбоннинг жасади қолдиқларини департамент ходимлари топган. Аниқланишича, ушбу жасад 34 ёшли Нозим Куреши исмли фуқарога тегишли бўлган — йиртқичлар унинг танасининг пастки қисмини еб қўйган. Тергов ҳозирча содир бўлган воқеанинг тўлиқ картинаси шакллантирилмагани, аммо Курашининг яқинидан шерлар изи топилганини билдирган.

Маълумот учун, Осиё шери бугунги кунда фақат Ҳиндистонда омон қолган. ХХ асрнинг бошидан бери унинг диапазони Гир миллий боғи ва Ҳиндистоннинг Гужорат штати атрофидаги ҳудудлар билан чекланган. Тарихий жиҳатдан Осиё шери Яқин Шарқдан Ҳиндистон шимолига қадар ҳудудларда кенг тарқалган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид