18 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Қозоғистонда қўлга олинган муштумзўр, қамрови ошириладиган марказий иситиш тизими, «Опенбюджет»дан четлатиладиган лойиҳалар ва 86 товарга экспорт божи — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Тунги клубдаги муштумзўр Қозоғистонда қўлга олинди
Тошкентдаги тунги клуб олдида эркак ва аёлга куч ишлатишда гумонланган Акмал Шукуров Қозоғистонда ушланди. Ҳозирда уни экстрадиция қилиш чоралари кўрилмоқда.
16 мартга ўтар кечаси Яккасарой туманидаги «12» тунги клуби олдида жанжал келиб чиққан. Гумонланувчи Шукуров муштлашув давомида Борис Авакянга оғир жароҳат етказган. Авакян ҳушидан кетиб, бош жароҳати ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277- ва 104-моддалари бўйича иш қўзғатилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида Шукуров Қозоғистонда ушланган ва уни Тошкентга қайтариш жараёни бошланган.
Айрим маълумотларга кўра, гумонланувчи узоқ йиллар Интерполнинг Тошкентдаги офиси директори бўлиб ишлаган Бобоқул Шукуровнинг ўғли бўлади.
Мажбурий овоз йиғилган лойиҳалар четлатилади
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Ташаббусли бюджет» доирасида мажбурий овоз йиғилган лойиҳалар овоз бериш босқичидан чиқарилишини маълум қилди.
Фарғона вилояти Қува туманидаги 37-мактабда ходимларни овоз беришга мажбурлаш ҳолати аниқланган. Текширув натижасида мактаб раҳбарияти томонидан мажбурлаш йўли билан овоз йиғилгани тасдиқланди. Шу сабабли вазирлик мазкур лойиҳаларни четлатиш юзасидан халқ депутатлари туман кенгашига тақдимнома юборди.
Вазирлик фуқароларни овоз тўплашга мажбурлаш ҳолатларига дуч келган тақдирда Бандлик вазирлигининг (71) 200-06-00 ишонч рақамига хабар беришни сўради. Шунингдек, «Ташаббусли бюджет» жараёнида мажбурий овоз бериш ҳолатлари мажбурий меҳнат сифатида баҳоланиши таъкидланди.
Аввалроқ мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Қува туманидаги мактаблардан бирида директор ўқитувчиларнинг маошидан 700 минг сўмдан ушлаб қолгани ҳақида хабар берганди. Ушбу ҳолатдан сўнг директор билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Юқори рейтингли фермерларга имтиёзлар берилади
Ўзбекистонда юқори рейтингли фермерларга ер солиғи 3 баробар, фермерлар кенгашига тўланадиган бадал 2 карра камайтирилиши кутилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 17 мартдаги видеоселектор йиғилишида бу ҳақда маълум қилди.
Ҳозирда 93 минг фермер тадбиркорлик рейтинги асосида баҳоланмоқда. Янги тизимда ҳосилдорлик, ишчи сони ва маҳсулот ҳажми асосий мезон бўлади. Юқори рейтингли фермерлар учун кредитни қайтармаслик хавфини суғурталаш талаби бекор қилинади.
Шунингдек, пахта ва ғалла ҳосили юқори фермерларга 25 фоизгача ерида чорва озуқа ва сабзавот экишга рухсат берилади.
Йиғилишда, жумладан, ободонлаштириш ишлари муҳокама қилиниб, 125 млн туп кўчат экиш режалаштирилгани маълум қилинди.
Марказлашган иссиқлик қамрови оширилади
Президент қарорига кўра, уй-жой ва бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳаси ислоҳ қилиниб, биноларнинг энергия самарадорлиги оширилади.
Кейинги беш йилда соҳада ягона давлат сиёсатини юритиш, стратегик таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда иссиқлик таъминоти корхоналарини мувофиқлаштирувчи ташкилот тузиш режалаштирилган. Шунингдек, эскирган 103 қозонхона ва 1,6 минг км иссиқлик тармоғини янгилаш, 9 та шаҳар ва туманда давлат-хусусий шериклик асосида модернизация лойиҳаларини амалга ошириш мўлжалланган.
Марказлашган иссиқлик таъминоти қамрови 37 фоиздан 58 фоизгача оширилади, тизимдаги йўқотишлар 38 фоиздан 20 фоизгача камайтирилади. 2025-2030 йилларда ижтимоий соҳа ва давлат муассасаларини иссиқлик таъминоти билан қамраб олиш учун давлат дастурлари, инвестиция лойиҳалари ва халқаро молия институтлари иштирокидаги янги лойиҳалар тасдиқланди.
86 турдаги товарларга экспорт божи жорий этилди
2025 йил 1 июлдан табиий газ, гўшт маҳсулотлари, буғдой, гуруч, минерал ўғитлар, чарм хомашёси ва бошқа 86 турдаги товарларга экспорт божи жорий этилади. Бу Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Президентнинг 14 мартдаги фармонига мувофиқ, айрим товарларга божхона божлари жорий этилиб, мавжуд йиғимлар бекор қилинди. Жумладан, чарм хомашёси, ипак, пахта ип-калаваси, трикотаж матолар, рангли металл чиқиндилари учун экспорт тартиб-таомиллари ўзгарди.
Шунингдек, стратегик хомашё маҳсулотлари, жумладан, табиий газ, пахта толаси, минерал ўғитлар, полиэтилен ва полипропилен каби товарларга ҳам экспорт божи белгиланди.
Бу чоралар маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва қайта ишлаш саноатига инвестиция жалб қилишга қаратилган.
Тавсия этамиз
Трамп: «Украинага босим ўтказишга мажбур бўлгандик»
Жаҳон | 20:53 / 18.03.2025
«Бегоналар зулм қилгани йўқ, аммо ўзимизникилардан ёрдам кутмай қўйгандик» — суджаликлар
Жаҳон | 12:32 / 18.03.2025
Курскдаги қурбонлар — комендантлик соатини бузганлар, вайроналар остида қолганлар ва юраги дош бермаганлар
Жаҳон | 10:25 / 18.03.2025
Magic City'нинг эгаси яна ўзгаради
Ўзбекистон | 21:22 / 17.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
19 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ўзбекистон | 22:10
-
Трампнинг Путин билан келишувига қарамай, Россия ва Украина энергетика объектларини ўққа тутишда давом этди
Жаҳон | 22:09
-
Бразилиядаги кўршапалакларда янги коронавирус топилди
Жаҳон | 22:03
-
Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасидаги оролчаларда қамишзорларни режали тартибда ёқиш бошланди
Ўзбекистон | 21:24
Мавзуга оид

22:10
19 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:40 / 17.03.2025
17 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:10 / 14.03.2025
14 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:32 / 13.03.2025