Жаҳон | 22:33 / 19.03.2025
6193
5 дақиқада ўқилади

Путин ва Трамп суҳбати: дунё тинчликка яқинлашмади

18 март куни Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Доналд Трамп телефон орқали гаплашди. 2 соатга яқин давом этган суҳбатда афсуски, урушни якунлаш бўйича ҳеч қандай конкрет келишувга эришилмади. Хусусан, Владимир Путин дипломатчасига Россия 30 кунлик сулҳни қабул қилмаслигини тушунтирди.

Айтганча, узр, битта «жиддий келишув» бўлди. Ҳар икки томонда минглаб одамлар ўлиб кетаётган бир вақтда Путин америкалик ҳамда россиялик ҳоккейчилар иштирокида АҚШ ва Россияда ҳоккей учрашуви ўтказишни таклиф қилди. Трамп таклифни мамнуният билан қабул қилди...

Бутун дунё кузатган суҳбат

Путин ва Трамп ўртасидаги суҳбатни бутун дунёда қизиқиш билан кутишди. Ҳатто суҳбат қандай кечаётгани ҳақида онлайн хабар бериб борилди. Шахсан мен фалон сиёсатчи фалон одам билан яхши суҳбат ўтказмоқда, деб тугамаган суҳбат ҳақида хабар беришганини кеча биринчи марта кўрдим.

Америка нашрлари Трамп ва Путин «жуда яхши гаплашгани» ҳақида ёзиб чиқди. Лекин бу «жуда яхши суҳбат» дунёни уруш тугашига яқинлаштирди десак, бўрттириш бўлади. Суҳбатдаги энг муҳим гап асирлар алмашуви ҳақида бўлди.

Суҳбат давомида Путин Россия ва Украина 19 март куни навбатдаги асирлар алмашувини амалга оширишини анонс қилди. Путинга кўра, ҳар икки томон 175 нафардан асирни ортга қайтаради. Хусусан, Россия 23 нафар оғир ярадор украин аскарлар озод қилади.

Путин сулҳни қабул қилмади

Телефондаги суҳбати давомида Владимир Путин АҚШ ва Украинанинг 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш режимини қабул қилмаслигини «қоғозга ўраб» тушунтирган. Яъни Путин бу борада аниқлаштириш керак бўлган деталлар кўплигини айтган. Россия президенти эвазига 30 кун давомида энергетика объектларига зарба бермаслик таклифини илгари сурди. Яъни Украина Россиядаги нефт ва бошқа энергияга алоқадор объектларга зарба бермаса, руслар ҳам Украинадаги электростанцияларга зарба йўлламаслигига сўз берди.

Аниқроғи, бу таклифга кўра ҳар қандай объектларга, ҳатто фуқаролик объектларига ҳам зарба беравериш мумкин бўлади, лекин нефт омборларига, электр станцияларига зарба бериш тақиқланади. Шундай экан, бемалол айтсак бўлади – Путин 30 кунлик сулҳ келишувини рад этди.

Украина Путиннинг электр объектларга зарба беришни тўхтатиш таклифини қўллаб-қувватлади. Лекин Зеленский телефон суҳбатидан кейин ҳам тун давомида Украина осмони узра дронлар ҳужум қилганини айтди. Хусусан, Путин ва Трамп суҳбатлашганидан кейин Украинанинг 10 та шаҳри дрон ҳужумига учраган. Кремл Путин суҳбатдан кейин россиялик ҳарбийларга Украина энергетика инфратузилмасига зарба бермасликни буюрганини хабар қилди.

Тушунмовчилик

Телефон суҳбати ҳақида икки томон фарқли ахборот берди ва қизиғи унда бир қатор тушунмовчиликлар бор. Масалан, Кремл расмий хабарида айтилишича, Путин суҳбат давомида Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатишни тинчлик келишувининг асосий шарти деб атаган. Бироқ Трамп суҳбатдан кейиноқ Fox News’га интервю бериб, Путин билан бу масалани умуман муҳокама қилмаганини айтди: «Ҳарбий ёрдам ҳақида умуман гаплашганимиз йўқ. Кўп нарсаларни гаплашдик, лекин ҳарбий ёрдам ҳақида сўз бормади», деди Трамп.

Икки томон баёнотидаги яна бир қизиқ фарқ Эрон ҳақида. Масалан, Кремл хабарида икки президент Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилгани ҳақида умумий маънода айтилган. Лекин Оқ уй расмий вакили Кэролайн Леввит эълон қилган баёнотида бу ҳақда бошқачароқ гап бор. Уни айнан келтирамиз: «Икки давлат етакчилари Эрон ҳеч қачон Исроилни йўқ қиладиган ҳолатда бўлмаслиги керак деган фикрни бўлишишди».

Яъни Оқ уй баёнотига кўра, Путин Трампнинг «Эрон Исроилни яксон қиладиган даражада кучли бўлмаслиги керак» деган фикрини қўллаб-қувватлаган. Шу ўринда Эрон ва Россия стратегик ҳамкор экани, уруш давомида Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатган биринчи давлат айнан Эрон бўлганини эслатмоқчимиз.

Хуллас, Путин ва Трамп ўртасидаги суҳбат кутилган умидларни оқламади. Дунё тинчликка яқинлашмади. Окопларда руслар ва украинлар мантиқсиз уруш сабаб ўлишда давом этмоқда. Энг ёмони дунёда урушга таъсир ўтказа оладиган Трамп ва Путиндан катта одамнинг ўзи йўқ. Мана шу икковининг суҳбатики урушни тўхтата олмаяптими, демак бу қирғинбаротни тугатиш осон бўлмайди...

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид

Эълонлар

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи