Жаҳон | 10:16 / 24.03.2025
2262
2 дақиқада ўқилади

АҚШда одамлар тилини тушунадиган машҳур шимпанзе вафот этди

Канзи лақабли шимпанзе имо-ишоралар ва махсус клавиатура ёрдамида одамлар билан мулоқот қилар, ҳатто видеоўйин ўйнай оларди.

Фото: Ape Initiative

АҚШда пакана шимпанзе (бонобо) Канзи 44 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ape Initiative табиатни муҳофаза қилиш тадқиқот маркази маълум қилди.

Канзи маймунлар оламида даҳо саналар эди. У инсонлар тилини ўзлаштириб, 300 дан ортиқ сўзни билган ҳамда имо-ишоралар ва махсус мосламалар ёрдамида мулоқот қила олган. Бундан ташқари, у Pacman ва Minecraft ўйинларини ҳам ўйнай оларди.

“Канзи кўпчилик учун жуда муҳим эди. Тадқиқотчи жамоамиз унинг вафотидан чуқур қайғуга ботди. Канзи шимпанзелар оиласининг севимли аъзоси ва ҳамма учун дўст эди”, — дея таъкидланади марказ хабарида.

Шимпанзе 18 март куни вафот этди.

Ходимларнинг сўзларига кўра, Канзи ўша куни ўзини одатдагидек тутган: нонушта қилган, бошқа маймунлар билан ўйнаган ва груминг сеансига борган. Кўп ўтмай марказ ходимлари жонивор ҳеч нарсага эътибор бермаётганини пайқаган. Унинг юраги урмас, нафас олмасди. Ҳозирда мутахассислар ўлим сабабини аниқлаш учун мурдани ёриб кўриш натижаларини кутмоқда.

 “Натижаларини олмагунимизча ўлимнинг аниқ сабабини билмасак-да, Канзи юрак касаллигидан даволанганини эслатиб ўтишимиз лозим, аммо у мунтазам равишда ЭКГ текшируви ва қон босими назоратидан ўтиб турган”, — дея аниқлик киритди тадқиқотчилар.

Канзи 1980 йилда туғилган. У гўдаклигиданоқ одамлар тилини ўзлаштиришни бошлаган. Канзи лексикограммалар (сўзларни англатувчи рамзлар) ва имо-ишоралар тили ёрдамида клавиатура орқали мулоқот қила оларди. Олимларнинг баҳолашича, шимпанзе 300 дан ортиқ рамзни тушунган ва улардан мулоқот воситаси сифатида фойдаланган. Шунингдек, у америкаликларга хос имо-ишораларни ҳам бироз ўрганган.

Мавзуга оид