Жаҳон | 21:08 / 24.03.2025
3064
3 дақиқада ўқилади

Москва ва Санкт-Петербург элитали уй-жой нархлари ўсиши бўйича дунё мегаполисларини ортда қолдирди

Москвада имтиёзли ипотека бекор қилингани сабабли реал уй-жой нархлари (инфляцияни ҳисобга олмасдан) кетма-кет йигирма ойдан бери пасайиб бораётган бир пайтда, Россия пойтахти ва маданий пойтахт — Санкт-Петербургда янги элитали квартиралар нархи рекорд даражада ўсмоқда.

Фото: Пименов Роман / PhotoXPress.ru

РБК нашрининг Knight Frank томонидан тайёрланган The Wealth Report 2025 ҳисоботига таяниб маълум қилишича, Петербург 2024 йил якунида дунё мегаполислари орасида нуфузли янги қурилмалардаги уй-жой нархи ўсиш суръати бўйича биринчи ўринни эгаллади (2023 йилда Санкт-Петербург иккинчи ўринда эди). Шаҳарда бу тоифадаги уй-жой нархи бир йилда 25,8 фоизга ошиб, 1 метр квадрат учун 790 минг рубл (қарийб 8000 АҚШ доллари)га етди.

Москвада эса янги элитали квартиралар нархи Лондонники билан тенглашган ва квадрат метр нархи 1,95 млн рублгача кўтарилган ҳолда (2023 йилга нисбатан 20,5 фоиз ўсиш), рейтингда иккинчи ўринни эгаллади ҳамда бирйўла 17 поғона юқори кўтарилди.

Санкт-Петербургдаги NF Group (аввалги Knight Frank Russia) компаниясининг элитали уй-жой бўлими директори Алия Ханбекованинг сўзларига кўра, бу шаҳарларда элитали янги турар-жойларнинг қимматлашиши эълон қилинган таклифлар сони камайгани билан боғлиқ. 2024 йилда бу тоифадаги уй-жой таклифи 30 фоизга камайиб, тарихий минимумга тушиб кетган.

«Йил давомида кузатилган барқарор юқори талаб айрим қурилиш компанияларига квартира ва аппартаментларга оммавий чегирмалар беришдан воз кечишга, бошқаларини эса нарх сиёсатига қайта баҳо бериб, уни оширишга ундади», — дейди у. Жорий йилда янги элитали уй-жой нархлари бир қатор омилларга боғлиқ бўлади — масалан, янги лойиҳаларнинг пайдо бўлиши ёки Марказий банкнинг хатти-ҳаракатлари.

Bloomberg нашрининг ёзишича, Москвада бирламчи бозорда элитали квартиралар сотувининг кескин ўсиши Россиядаги уруш бошланганидан кейин ортиқча капиталларини қайтариб келаётган бой россияликлар фаоллиги билан боғлиқ. Санкциялар туфайли хорижда пул сақлаш хавфли бўлиб қолди. Шунингдек, бойлар уй-жойни инфляциядан ҳимоя воситаси сифатида кўришмоқда.

Гайдар институти мутахассислари ҳисоб-китобига кўра, Москвада оддий аҳоли учун уй-жой нархлари ўсиши чалғитувчи ва реал метр квадрат нархи иккиламчи бозори учун бир йилдан бери пасаймоқда: 2023 йил июлидан буён бу кўрсаткич 6 фоизга тушган. Бу — бозор тузилиши ва истеъмолчиларнинг афзалликларидаги ўзгаришлар таъсирини ҳисобга олган, инфляция билан номинал ўсишдан тозаланган индексга асосланган.

2024 йил ўрталаридаги маълумотларга кўра, Москвада иккиламчи уй-жой бозорида номинал нархлар барқарор бўлиб, аниқ ўсиш белгилари йўқ ва юқори инфляция сабабли реалда квартиралар арзонлашмоқда. Бунинг асосий сабаби — имтиёзли ипотека дастурларининг бекор қилиниши ва бозор ипотекаси берилган кредитлар кескин камайганидир.

Мавзуга оид