Ғарб санкциялари Россияни қарийб 500 млрд доллар даромаддан маҳрум қилгани айтилмоқда
Владимир Путин Россияни санкциялардан қисман халос қилиш мақсадида АҚШнинг янги президент маъмурияти билан кескинликни юмшатиш бўйича келишувга эришишга уринмоқда.

Фото: mskagency.ru
Аммо Европа давлатлари чеклов чораларидан воз кечиш ниятида эмас, деди ЕИнинг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан. У санкцияларни самарали деб ҳисоблайди ва айни пайтда Россия иқтисодиётига энг кучли зарба айнан Европа санкцияларидан келаётганини таъкидлайди.
О’Салливаннинг Европа сиёсий таҳлил маркази (CEPA) учун ёзган мақоласида атилишича, 2022 йил февралидан бери, яъни Украинада уруш бошланганидан буён, Россия Ғарб санкциялари туфайли 450 млрд доллардан кўпроқ даромад йўқотган. Бу рақам Россиянинг уч йиллик ҳарбий харажатларига тўғри келади. Қолаверса, Ғарб давлатларининг иқтисодий чоралари Россияни нефтини G7 томонидан ўрнатилган нарх чегарасини четлаб ўтган ҳолда ташиш учун «соядаги флот» тузишга 10 млрд доллар сарфлашга мажбур қилган.
Анъанавий тарзда АҚШ санкциялари энг оғриқли ҳисобланади. Чунки доллар молиявий тизимининг глобал табиати туфайли унга кириш тақиқланиши исталган мамлакат иқтисодиётига жиддий зарба беради. АҚШ, шунингдек, бошқа давлат банклари ва компанияларини санкциядаги шахслар билан ҳамкорлик қилгани учун жазолаш (иккиламчи санкциялар) имконига ҳам эга.
Бироқ, урушдан олдин Россиянинг АҚШ билан иқтисодий алоқалари Европага қараганда ҳам катта эмасди,. Шу сабабли, айнан Европа томонидан жорий этилган чоралар — Россия билан савдони тўхтатиш, газ, нефт ва кўмир харидларини бас қилиш, қўш мақсадли маҳсулотлар ва илғор технологиялар экспортини тақиқлаш, хорижий компанияларнинг чиқиб кетиши, компания ва жисмоний шахсларга нисбатан санкциялар, 200 млрд еврога тенг валюта захираларини музлатиб қўйиш, SWIFT банк тизимидан узиш — Россия иқтисодиётига энг сезиларли таъсир кўрсатди, дейди О’Салливан.
Урушдан олдин Россия Европа Иттифоқи ташқи савдосининг 5,8 фоизини ташкил қилган ва Иттифоқнинг бешинчи энг йирик савдо ҳамкори эди.
Россия нефтининг ЕИга экспорти 90 фоизга қисқарган. Гарчи Россия экспортни Осиёга йўналтиришга муваффақ бўлган бўлса-да, энди у Хитой ва Ҳиндистонга боғланиб қолган ва ўз нефтини арзонлашган нархда сотишга мажбур бўлгани учун миллиардлаб доллар йўқотган. Бундан ташқари, кема хариди ва рўйхатдан ўтказиш, фрахт нархлари ошиши ва янги санкциялар, масалан, 10 январдаги Жо Байден маъмуриятининг «видолашув санкциялари» оқибатида экспорт ҳажмларининг пасайиши каби харажатлар ҳам бор.
Россия агрессиясининг энг оғир оқибатлари эса газ секторида намоён бўлди. Россия Европа бозорини йўқотди ва унга ўрнини босувчи бозор топа олмади. Урушгача ЕИ газ импортининг 45 фоизини таъминлаган Россия, ҳозирда бор-йўғи 15 фоизнигина бера олади, дейди О’Салливан.
Бу орқали «Газпром»нинг Европа бозоридаги улуши ҳам кескин камайди. Еврокомиссия маълумотларига кўра, у 7 фоизга тушган. Бу йўқотишларни суюлтирилган таббий газ (СТГ) етказиб бериш ҳажми ортиши билан қисман қоплашга уринилган бўлса-да, «Арктик СТГ-2» лойиҳаси санкциялар туфайли бир йилдан зиёд вақт ўтса-да, газ экспорт қилишни бошлай олмади. 2024 йилда «Газпром»нинг газ бизнеси 1 трлн рубл зарар билан якунланди, унинг валюта омонатлари эса 50 марта қисқариб, атиги 13,5 млн долларни ташкил этган (РСБУ ҳисоботига кўра).
О’Салливаннинг ёзишича, санкциялар сабаб юзага келган иқтисодий муаммолар шунчалик кўпки, айнан шу нарса Кремлни уларни бекор қилишга уринишга ундайди. Путин ҳарбий иқтисодиётни молиялаштириш учун Миллий фаровонлик жамғармасини «талон-торож» қилди — ундан ижтимоий таъминот тизими ва ишлаб чиқариш соҳалари ҳисобидан маблағ олинган.
Уруш бошланганидан буён жамғарманинг учдан икки қисми сарфланди. 2025 йил учун башорат қилинган ЯИМнинг бор-йўғи 1,6 фоизини ташкил қилувчи 3,394 трлн рубл (яъни 38,7 млрд доллар) ликвид активлар қолди. Бу жамғарма 2008 йилда ташкил этилганидан бери энг паст даража ҳисобланади.
Технологияларга эга бўлиш чекланиши туфайли Россия саноати инқирозга юз тутди. Санкциялар харажатларни оширмоқда, ускуналар сифати пасаймоқда. «Россия ҳарбий машинаси учун бутловчи қисмлар нархи 30 фоизга ошди», дейди О’Салливан.
Путин АҚШ билан кескинликни юмшатиш борасида келишувга эришишга интилар экан, айрим санкцияларни бекор қилдиришни хоҳламоқда. Масалан, самолётлар учун бутловчи қисмлар танқислиги туфайли Россия авиасаноати жиддий қийинчиликка дуч келган. Туроператорлар учун парвоз дастурларини ташкил қилишда учоқлар етишмаяпти. Россия туризм иттифоқи маълумотига кўра, ҳар йили 50–100 та самолёт фаолиятдан чиқиб кетиши кутилмоқда.
Москвани фикрича, Трамп маъмурияти билан алоқаларни йўлга қўйиш нафақат геосиёсий, балки иқтисодий фойда ҳам келтиради. Шу жумладан, Россияда фойдаланилаётган Boeing самолётларига бутловчи қисмларни етказиб беришни қайта йўлга қўйиш мумкин, деб ёзади The New York Times.
Шунинг учун О’Салливан шундай таъкидлайди:
«Санкцияларни четлаб ўтиш мумкинлигига қарамай, улар Россия учун урушни олиб боришни қийинлаштиради, секинлаштиради ва қимматлаштиради. Биз ўз курсимизда собит қолишимиз керак».
Мавзуга оид

11:06
Сеул: Шимолий Корея Россияга яна 3000 аскар юборди

09:00
Россияда СССРни маъқулловчилар сони замонавий тарихда энг паст даражага тушди

08:50
НАТО бош котиби Путинга босқинга қарши «қақшаткич жавоб» ваъда қилди

08:35